14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 03:44
Мақолалар 👁 368

СЎНГГИ ДАЛЛОЛ

СЎНГГИ  ДАЛЛОЛ

(«Хитойқишлоқ ҳангомалари» туркумидан)

– Бозорлар ҳам ўзгариб кетди, – деди Янгибой ака кечки овқатдан кейин кампири билан чой устида гаплашиб ўтирар экан.

– Ҳамма нарса ўзгарганда бозор ўзгармай қоладими?! Ҳай, нимаси ўзгарибди? – Сўради кампири ҳам қизиқиб, бир томони суҳбатни давом эттириш учун, – бозордан гап очиб қолдингиз, тўрт-беш бозор бўлгандир бормаганингизга, соғиниб қолдингизми? Эртага бозор, борақолинг, ўрнингиз бўш тургандир (ўрнингизга эшак бойлаб қўйгандир деб кесатмоқчи эди-ю, эрининг ғазабидан ҳайиқди).

– Бай-бай, бир оғиз гап ўрнига минг гапирасан-а! Ўзгаргани шуки, олдинлари мол бозорда бир, ошиб борса икки олиб сотар бўларди. Ҳозир олиб сотар бўлмаган одамни топиш қийин. Ҳатто эр-хотин бир-бири билан савдолашиб туради, одамларни алдаб.

– Э, деҳқон бозори ҳам шунақа. Экин эккан деҳқон бечора бозорнинг дарвозасидан ҳам киролмайди, олдига чиқиб нарсасига ёпишиб олишади.  Бир сўмдан олиб, уч сўмдан сотишади. Эккан-тиккандан икки баравар кўп фойда кўришади. Яна биронтаси сал арзонроқ сотаман деса, уришиб, жанжаллашганига ўлайми? Нархни бузма, эмиш.

– Э, нарх-у навони билишармиди булар?! Бозорни эгаллаб олишган. Деҳқон бечора ичкарига кирганда ҳам нарсасини қўйишга жой тополмайди. Буларга топшириб кетишга мажбур, – деди Янгибой ака совиб қолган чойни симириб.

– Харидорлар ҳам қизиқ: деҳқондан олмай, ўша олиб-сотарлардан қимматига олади-я! Кўр харидорингни берсин, деганлари шумикан ё?

– Улар савдонинг йўлини, тилини билишади. Чиройли қилиб қўйишади. Харидор чақиришни билишади. “Ўзим фалон сўмдан олганман, шу баҳодан олақолинг, келинг-келинг”, деб харидор чақиришни қойиллатишади.

– Эй-й, бир ёғи шуларники ҳам тўғри, эртадан кечгача бозорда ўтирадиган бўлса, деҳқоннинг ишини ким қиларди, – деди кампири Янгибой аканинг гапини маъқуллашга ҳаракат қилиб.

– Аввал бировдан олиб сотаётганини яширсалар, ҳозир мақтанадиган бўлишганми шунда?

– Ўзингиз ҳам даллоллик қилиб, мол олиб-сотардингиз-ку, энди бозорни ёмонлаб қолдингиз, ё эртага бормоқчимисиз?

– Ҳа, бормоқчиман. Мирзага соғин сигир керак экан. Илтимос қилганди, бир сигир олиб беринг, деб. 

– Мирзанинг ўзи ололмайдими? Келини билан борсин, сайлаб, соғиб кўриб олсин, – деди кампири чолини аяб, – бозордан асабингиз бузилиб келиб, энди бормайман дегандингиз, чарча-аб юрасизми?! Сизнинг бозорга бормаганингизга қанча бўлди, савдодан чиқишиб ҳам кетгандирсиз...

– Дарров йўлимни кесма. Мирзанинг ўзи мол оладиган бўлганда менга айтиб юрармиди. Отаси бечора ҳам содда одам эди. Мол сотса, олса, менга ялиниб юрарди, – деди дўсти хотирасига юзига фотиҳа тортиб, – чумчуқ отмаганнинг боласи чумчуқ отадими?!

Янгибой ака чойни ичиб бўлиб, шу суҳбатни яна эслади ва хаёлидан ўтказди:

“Мен битта-яримта мол олиб сотган бўлмасам, даллоллик қилдим. Даллоллик қилганда, сотувчи билан олувчини келишимга олиб келардик. Ўзимиз сотиб олиб, баҳони қиммат қўйиб сотишга уялардик. Сотадиган бўлсак, камида бир-икки ҳафта боқиб, кейин бозорга олиб чиқардик.

Даллолликнинг қоидаси шу эди: жуда қотиб турган сотувчини “бор, барака кўр!” – деб юмшатардик. “Молни сотсанг, бир оёғини бўш қўй, кулиб-ўйнаб бер, олган хайр кўрсин, шунда сен пулдан хайр кўрасан”, – дердик. Ота-бобомиздан келаётган “сотувчи томондан бўлма, олувчи томондан бўл”, деган гап ҳам бор. 

Олувчига ҳам: “Олганники ерда қолади. Пул бўлди – кул бўлди. Мол сотган одам сенинг пулингни керагига ишлатиб сарф қилиб юборади. Мол эса униб-ўсади, икки йил ўт-чўп бериб турсанг, бир молинг икки, икки молинг тўрт бўлади”, – деб ваъз ўқирдик. Икки томонни ҳам рози қилиб, ширинкома уч-тўрт сўмга қаноат қилардик. Айбини айтиб сотардик.

Ҳозиргиларда бу гап йўқ. Шунинг учун бозорга бормай қўйганман даллолчиликни йиғиштирганман.

Айниқса, ёш-ёш йигитлар, ҳатто жувонлар сурбет бўлиб кетишган. Бировнинг савдосини бузиш гуноҳ, катта айб саналарди. Ҳозиргилар сен савдо қилиб турсанг, мол эгасини четга чақириб, қулоғига шивирлаб, нарх ошириб туради. Нархдан чиқиш катта гуноҳ ҳисобланарди. “Элдан чиқсанг ҳам нархдан чиқма”, – деган гап бор. 

Ҳай, майли, дунёнинг қийшиғини тўғрилаш бизга қолибдими? Ўзимиз тўғри бўлиб юраверайлик”, – деб узоқ ўй суриб, уйқуга ётди.

Эртасига бомдод намозини ўқиб, Мирзани кутди. Келавермагач, шу томондан бозорга ўтиб кетавераман деб, Мирзанинг уйи томон йўл олди. Эшик олдини супуриб юрган келин Янгибой акага салом берди.

– Мирза турдими, ё ҳалиям ухлаб ётибдими, бирга бозорга борамиз деганди? – сўради Янгибой ака.

– Эрта билан Мурод молчи келиб олиб кетганди-ку, –деди келин.

Янгибой ака хафа бўлиб уйига қайтди. Ҳар ким шундай қилса ҳам, Мирза қилмаслиги керак эди шу ишни. Ваъдалашиб, яна бошқа билан келишиб кетгани нимаси? Бир оғиз айтса ҳам бошқа гап эди. Ҳозиргиларнинг бари шунақа бўлган экан-да... Икром молчи деганнинг ўзи тунов куни бозорга чиққан аферист. Касал мол, янги ўлган мол бўлса ҳам олиб, колбасачиларга сотиб бойиётган ҳаромхўр! Мирза учун у мендан афзал бўлганими?! Шулар ҳам даллол бўлибдими?!

Даллолнинг ҳам рисоласи бор: темирчининг, дурадгорнинг, қассобликнинг рисоласи бўлганидек. Булар рисолани билармиди? Буларнинг рисоласи бировга панд бериб бўлса-да, пулини олмоқлик. Э-э, деб яниб қўйди ва шкафдан пул солинган сумкасини олиб бозорга жўнади. Бозорга келаётган молларни йўлдаёқ савдолашиб, зир югуриб юрган Икром молчи ва унга ўхшаганларни кўриб, бир жаҳли чиқди, бир ўкинди...

Молбозор дарвозаси олдида Мирза билан учрашиб қолди. Саломини жаҳл билан чала олди, узатилган қўлига қарамади ҳам.

– Янгака, Икром жуда эрта келганига сизни турдими, йўқми деб келавергандим, ўпкалайверманг, – деб қолаверди Мирза.

Бозордаги мол олиб-сотувчилар, даллоллар Янгибой акани жуда яхши танишарди. Савдонинг зўрини у қилишини ҳам тан олишарди. Сотувчини ҳам, олувчини ҳам куйдирмайди деб эътироф қилишарди.

Қуёш уфқдан кўтарилгунча бозор молга тўлди. Соғин сигирлар ҳам кўп эди. Қизилчоли қишлоғилик уста Собир бир сигирни етаклаб, ўғли бузоғини кўтариб кириб кела бошлади. Изида икки-уч олиб-сотар ҳовлиқиб келарди.

Янгибой ака уста Собир билан саломлашди ва сигирнинг арқонидан ушлади:

– Қани, йўлингиз бўлсин, бозорингизни берсин! Неча сўм дедингиз?

– Ҳўв, Янгака, саломалайкум, бизлар сўрашиб келаётгандик, – қичқирди Икром молчи савдони бузманг, дегандай.

– Шундайми? Сен бозорнинг ташқарисида савдо қилдингми? Энди ичкарига кирма! Ташқарида савдолашавер! Сенлар бузиб бўлгансизлар, бозорни ҳам, савдони ҳам!

Икром молчи яна бир нарса демоқчи бўлиб оғиз жуфтлаётган эди, Янгибой ака кесди:

– Бир бечора молимни сотаман, деб бозорга келаётган бўлса бозорга киритмай, йўлда савдолашасанми?! Тур, йўқол! Майдонда савдолаш, ҳе!..

Икром молчи Янгибой аканинг авзойи бузилганини кўрди ва энди гап айтса, изи чатоқ бўлишини билиб жўнади.

– Ҳўкизча билан ғунажиннинг фарқини кеча билдинг-ку ўзинг?! – Янгака унинг орқасидан ўдағайлаб қолди. Бу йилги чумчуқ бултурги чумчуққа “чиқ-чиқ” ўргатар эмиш, ҳе корингнинг. – Атрофдагилар Икром молчини боплаганига  қойил қолишди.

Уста Собир билан савдолашганини кузатиб турганлар Янгибой акани яна маъқулладилар:

– Ана, шундай савдолашсинда, бозорга кирмасдан бири арқонига, бири думига ёпишиб юради-я, бу баттоллар! Жуда кўпайиб кетди шундайлар, – деб ҳар тарафдан койишлар эшитилди. 

Туғилганига ҳафта бўлган бузоқча ҳам жуда чиройли эди. Қизилчолиликларнинг моли яхши, соғлом бўлади. Улар дарёга яқин жойда яшаганлари учун кичик кўллар, қайирларга молларини боқадилар, у ерларда қамиш сероб.

– Қаерга кетаяпсан сумрайиб?! – Янгака буларнинг изидан келган Мирзани чақириб олди, – қани олган соғин сигиринг?

– Олмадим, кўзга босиладигани учрамади, – деди Мирза хомуш тиржайиб.

– Мана бу босиладими кўзингга?

– Ҳа, шуни олиб бер, деб келаётгандим Икромга. Буни сиз олиб қўйдингиз, энди менга ҳам бир сигир олиб беринг, – деди ялинганнамо.

– Иккинчи марта бунақа ифлос қилиқ қилма, сенга жаҳл қилиб бозорга келдим. Анчадан бери келмагандим, бундан кейин ҳам келмайман. Даллол ҳам даллоллик ҳам қолмабди. Ифлослик, алдовчилик қолибди холос, – деди қизишиб, афсус билан бош чайқаб Янгибой ака. – Бунинг пулини сана. Ма пул, – деб сумкасини Мирзага узатди. – Шу молни ёқтирсанг, ўзингнинг пулингдан тўла. Бошқасини оламан десанг, ихтиёринг, мени пулимдан санаб бер.

Бирор нарса дейишдан тортиниб турган Мирза бирдан қувониб кетди.

– Яшанг, раҳмат Янгака, шуни сўрай олмай тургандим ўзи. Айтдим-ку сизга, Икром тонг қоронғусида келгани учун сизга индаёлмай кетавергандим. Билмадим, кимдан эшитган, мен унга мол оламан, деб айтмагандим, Янгака, кечиринг энди, – деди ва уста Собирга ўзининг пулидан санаб бера бошлади. Янгибой ака сигирни етаклаб, Мирза бузоқни кўтариб уйига боргач, келин сигирнинг манглайига ун суртди ва қувониб миннатдорчилик билдирди:

– Айтдим-ов, нега Янгибой акамизга айтмайди, яхши мол олиб берар эди деб. Ўзимча Икром билан кетганингизга ҳайрон бўлиб тургандим-а. Топишибсизлар, яхши бўлибди!

– Ай-й, “Урғочи қўзи сузонғич чиқди”, деганларидай, бу Мирза ўғлим ювошгина, мўмин-қобилгина деб юрсам, менга панд бермоқчи-я! – деди ёлғондакам ўдағайлаб Янгибой ака.

Келин ҳам, Мирза ҳам Янгаканинг ўхшатишидан, беғараз гинасидан кулиб юборишди. Бу унинг кечирганидан, ярашганидан белги эди-да!

– Тўхта! – деди Янгака сигирни қўра томон етакламоқчи бўлиб турган келинга. Ҳали бу сигир қари эмасми, кўплар бозорга шампунь билан ювиб, ялтиратиб олиб келади. Уч кун ўтмай пажмурда бўлиб қолади, қарамабмиз, яна қари сигир бўлиб қолмасин?!

– Уни қандай биламиз? – иккаласи баравар ташвишли бир ҳайронлик билан Янгакасига қарадилар.

– Тишини кўр, тишини, бузоқни қўй, ўзи эргашиб бораверади.

– Молнинг тишини қандай кўришни билмай овора бўлаётган Мирзани четга суриб, Янгака сигирнинг арқонини тумшуғига солиб, жағини очди.

– Вой-бўй, бир тиши қолмабди-ку! Ёши мен билан тенгми дейман-ов бунинг, – деди.

Мирза ҳам, хотини ҳам сигирнинг тумшуғига тикилиб, ҳайрон бўлиб қолишди.

Янгибой ака хохолаб кулиб юборди:

– Вой билағонлар-эй! Қишлоқда яшаб, мол боқиб, молнинг пастки жағида тиши бўлмаслигини билмайсизлар! Кўпчилик билмайдиёв буни! Ҳазиллашдим. Пастки жағининг олдидагина бўлади тиши. Бунингиз олти тиш экан. Тўрт яшар бўпти, иккинчи туғиши экан, шохига қара, икки бўғин тушган.

Янгаканинг аввалги гапларидан қўрқиб кетган Мирза ҳам, хотини ҳам енгил тортиб қўйишди ва барварига:

– Сути, мойи қандай бўлар экан? – деб сўрашди.

– “Эрта ётда, эрта тур, бир пишкакни зиёд уришда чиқар мойлари!” – деган аввалгилар. Қани, зиёфатни тайёрла, – деганча Янгака ариқдан қўл ювишга чоғланди.

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019