Муддатли ҳарбий хизматга чиқирилувчиларни саралаш тадбирлари бошланди
Ватан ҳимояси – ҳар бир йигитнинг муқаддас бурчи ва шарафли вазифасидир. Бугунги кунда мамлакатимиз Қуролли Кучлари сафларини жисмонан соғлом, маънан етук ва билимли ёшлар билан тўлдириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда жойларда чақирув ёшидаги фуқароларни муддатли ҳарбий хизматга тайёрлаш ва уларни саралаш ишлари қизғин кўринишда ташкил этилмоқда.
Хусусан, Амударё тумани ҳудудида яшовчи 2000 ҳамда 2009 йиллар оралиғида туғилган ўғил болалар учун муддатли ҳарбий хизматга чақирув тадбирларига тайёргарлик жараёнлари аллақачон бошлаб юборилган. Дастлабки босқичда йигитларнинг саломатлигини назоратдан ўтказиш мақсадида чуқурлаштирилган тиббий кўриклар ҳамда ҳарбий хизматнинг моҳиятини тушунтиришга қаратилган кенг қамровли тарғибот ва ташвиқот тадбирлари ташкил этилмоқда. Тиббий текширувлар орқали ҳар бир номзоднинг соғлиғидаги ўзгаришлар диққат билан ўрганилиб, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мазкур жараёнларнинг узвий давоми сифатида 10 августдан бошлаб олдиндан тасдиқланган жадвал асосида чақирув ёшидаги фуқароларни саралаш ва танлов тадбирлари юқори савияда ўтказилмоқда. Ушбу синовлар орқали йигитларнинг нафақат саломатлиги, балки умумий жисмоний тайёргарлиги ҳам жиддий кўздан кечирилади. Танлов давомида чақирилувчилар бир қатор жисмоний машқлар бўйича ўз куч ва имкониятларини намойиш этишлари талаб этилади. Хусусан, умумжисмоний тайёргарлик нормативлари доирасида номзодлар турникка тортиниш, 100 метрга югуриш ҳамда 3000 метрга югуриш каби мажбурий шартларни бажаришлари лозим. Белгиланган қатъий талабларга кўра, йигитлар турникка камида 7 маротаба тортинишлари шарт. Шунингдек, тезликни аниқловчи 100 метрга югуриш машқини максимал 15,4 сония ичида босиб ўтиш талаб этилса, чидамлиликни синовдан ўтказувчи 3000 метрга югуриш машқини 14 ярим дақиқа давомида якунлаш лозим бўлади. Бу нормативлар фақатгина рақамлардан иборат эмас, балки бўлажак аскарларнинг ҳарбий шароитларга қанчалик тайёр эканлигини кўрсатувчи муҳим мезондир.
Ушбу масъулиятли танлов тадбирлари Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафларини ҳар томонлама билимли, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук, ватанпарвар ва жисмонан баркамол ёшлар билан тўлдириш мақсадида амалга оширилмоқда. Армия сафларида хизмат қилиш ёшлар учун фақатгина жисмоний чиниқиш эмас, балки кучли ирода, қатъият ва юксак интизомни шакллантирувчи катта ҳаёт мактаби ҳисобланади. Белгиланган нормативларни муваффақиятли топширган ва тиббий кўриклар натижаларига кўра ҳарбий хизматга тўлиқ яроқли деб топилган номзодлар биринчи навбатда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига қабул қилиш учун тавсия этилади. Шу билан бирга, ушбу ёшлар ҳарбий-техник мутахассисликлари бўйича қўшимча тайёргарлик курсларига ҳам жалб этилиши кўзда тутилган. Бу эса ўз навбатида, миллий армиямизнинг жанговар салоҳиятини оширишга хизмат қиладиган етук малакали мутахассисларни етиштириб чиқаришга мустаҳкам замин яратади.
Фурсатдан фойдаланиб Амударё туманидаги чақирув ёшидаги барча фуқароларни ушбу саралаш ва танлов тадбирларида фаол иштирок этишга чақирамиз. Ватан ҳимоячиси бўлишдек шарафли номга муносиб бўлиш учун ҳар бир йигит ўзининг жисмоний ва маънавий салоҳиятини ошириб бориши, бугунги кундаги имкониятлардан оқилона фойдаланиши зарур. Зеро, юрт тинчлиги ва чегараларимиз дахлсизлиги айнан мана шундай кучли, соғлом ва чинакам ватанпарвар ёшлар қўлидадир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶