Меҳнат ярмаркасида 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди
Зарарли одатларга қарши курашишнинг энг таъсирчан воситаларидан бири — одамни, айниқса ёшларни меҳнат билан боғлаш, унга доимий даромад манбаи ва жамиятдаги ўз ўрнини кўрсатишдир. Шу боис бандликни таъминлаш бўйича ишлар профилактика йўналиши билан уйғунлаштирилиб, иқтисодий ва маънавий вазифалар бир тизимда ҳал этилмоқда.
Айни шу ёндашув асосида Амударё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан Ўзбекистон Маҳаллалар уюшмаси туман бўлими биносида “Гиёҳвандликка қарши курашиш” мавзусида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбир туман ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги Амударё тумани бўлими билан ҳамкорликда бўлиб ўтди.
Ярмаркада Амударё тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Жасур Яхшимов, Ёшлар ишлари агентлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси туман бўлимлари, туман Ички ишлар бўлими ҳузуридаги Пробация бўлими, “Mahoratli kasblar” ва “Profi jobs” хусусий ўқув марказлари масъуллари ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда тумандаги 28 та корхона ва ташкилот ўзининг 133 та бўш иш ўрнини тақдим этди. Меҳнат ярмаркасига бандлиги таъминланмаган 62 нафар фуқаро, жумладан, пробация ҳисобида турган шахслар, алимент тўловчилар, олий таълим муассасалари битирувчилари, ишсиз ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар жалб этилди.
Иштирокчилар учун махсус ахборот бурчаклари ташкил этилиб, видеороликлар, баннерлар, брошюра ва буклетлар воситасида бўш иш ўринларига жойлаштириш тартиби, ишсизларни касб-ҳунарга қайта ўқитиш тизими, хорижда хавфсиз ва қонуний ишга жойлашиш имкониятлари ҳамда меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича тушунтиришлар берилди.
Ярмарка якунларига кўра, жами 29 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди. Уларнинг 8 нафарини ишсиз ёшлар, 1 нафарини ногиронлиги бўлган шахс ҳамда 2 нафарини меҳнат муҳожирлари ташкил этади. Бундан ташқари, 10 нафар ишсиз фуқарога замонавий касб-ҳунарларни бепул эгаллаш учун махсус ваучерлар топширилди.
Йиғилганларга рақамли имкониятлар орқали мустақил иш қидириш усуллари, хусусан, Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали, “Oson ish” ва “Mening ishim” платформалари орқали бандликни таъминлаш тартиби атрофлича тушунтирилди. Мутахассислар мақсадли маслаҳатлар ҳам берди: ишга жойлашиш бўйича 8 нафар, касб-ҳунар ва тадбиркорликка ўқиш юзасидан 6 нафар, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолияти масаласида 5 нафар ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бўйича 4 нафар фуқарога зарур тавсиялар берилди.
Аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг замонавий касб-ҳунарларни эгаллашига кўмаклашиш, оилаларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини қўллаб-қувватлаш ва пировардида халқимизнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашини таъминлашга қаратилган бу каби тизимли тадбирлар Амударё тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими томонидан келгусида ҳам мунтазам равишда давом эттирилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶