«Олтин куз» байрами болаларга меҳнат қадрини ўргатди
Болаликда онгга сингган тасаввур ва одатлар инсон феъл-атворининг пойдеворини ташкил этиб, унинг келгусидаги дунёқараши, меҳнатга ва табиатга муносабатини кўп жиҳатдан белгилаб беради. Шу боис мамлакатимизда мактабгача таълим тизимини ривожлантириш, болаларни ёшлигидан маънавий баркамол ва атроф-муҳитга масъулият билан қарайдиган қилиб тарбиялаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда.
Мактабгача таълим ташкилотларида ўтказиладиган мавсумий байрамлар эса бу йўлдаги самарали воситалардан ҳисобланади. Негаки, бола қуруқ насиҳат ёки тушунтиришдан кўра ўйин, қўшиқ ва саҳна кўриниши орқали олган билимни тезроқ ўзлаштиради. Амударё туманидаги 48-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган «Олтин куз» байрами ҳам айнан шу мақсадга қаратилди.
Байрам тадбирида ташкилотнинг асосий ва мажбурий гуруҳларига қатнайдиган тарбияланувчилар иштирок этди. Тадбирни муассаса раҳбари Муяссар Матякубова очиб берди. Байрамга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда эса муассаса ходимлари Олтиной Раҳимбоева, Манзура Тажимова, Саломат Эшимбетова ва Шоира Йўлдошевалар бош-қош бўлди.
Тадбирдан кўзланган асосий мақсад болаларга куз фаслидаги тўкинчилик, дастурхонимиздаги ҳар бир неъмат ўз-ўзидан пайдо бўлмаслиги, уни деҳқон йил давомида машаққатли меҳнат билан етиштириши ҳақида тушунча беришдан иборат бўлди. Айтиш жоизки, мавсумнинг мўл ҳосили деҳқоннинг эрта баҳордан бошлаб тинимсиз қилган меҳнатининг маҳсули экани кичкинтойларга уларнинг ёшига мос тарзда етказилди.
Шунингдек, тарбияланувчиларга етиштирилган ҳосилни увол қилмасдан йиғиб-териб олиш, озиқ-овқат маҳсулотларидан тежамкорлик билан фойдаланиш ва уларни исроф қилмаслик каби муҳим кўникмалар хусусида ҳам сўз юритилди. Бундай одатлар болаликдан сингдирилса, улар вояга етгач нонни ва ҳар бир неъматни қадрлайдиган, меҳнат аҳлини ҳурмат қиладиган инсонлар бўлиб етишади.
Қолаверса, байрам давомида болаларни табиатга ҳамоҳанглик руҳида тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, табиатга дўстона ва эҳтиёткорона муносабатда бўлиш, кузда дарахт ўтқазиш, атроф-муҳитни хазонлардан тозалаш ҳамда уларни ёқмаслик зарурлиги кичкинтойларга тушунарли тилда уқтирилди.
Тадбирнинг бадиий қисмида тарбияланувчилар Куз ва бошқа эртак қаҳрамонлари қиёфасида кийиниб, даврага чиқди. Улар фасл мавзусига бағишланган саҳна кўринишларини намойиш этиб, қўшиқлар куйлади ва рақслар ижро этди. Шу ўринда айтиш керакки, болалар ўзлари гавдалантирган образлар орқали табиат ва инсон ўртасидаги узвий боғлиқликни янада яқиндан ҳис қилиш имконига эга бўлди.
Бундай тадбирлар мактабгача ёшдаги болаларда меҳнатга ҳурмат, неъматга шукроналик ва табиатга меҳр туйғуларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ўйин ва байрам руҳида берилган сабоқ болалар хотирасида узоқ сақланиб, вақт ўтиши билан уларнинг кундалик хатти-ҳаракатлари ва одатларида ҳам ўз аксини топади.
Шу маънода, мактабгача таълим ташкилотида ўтказилган «Олтин куз» байрами оддий кўнгилочар тадбир эмас, тарбиянинг ўзига хос дарсига айланди. Кузда ерга қадалган ниҳол баҳорда куртак ёзгани каби, бугун кичкинтойлар қалбига экилган эзгу тушунчалар ҳам вақти келиб ўзининг сермазмун ҳосилини беради.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶