Газ ва электр таъминоти Прокуратура назоратида
Совуқ кунларда ҳар бир хонадон учун иссиқлик ва ёруғлик энг долзарб масалага айланади, шу боис энергия таъминотининг барқарорлиги аҳоли турмуш фаровонлиги ва ижтимоий осойишталик билан чамбарчас боғлиқдир. Мамлакатимизда ёқилғи-энергетика тизимини модернизация қилиш, эскирган тармоқларни босқичма-босқич янгилаш ва ресурслардан тежамкор фойдаланиш маданиятини шакллантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланган. Бу борада қабул қилинаётган дастурлар ва ажратилаётган маблағлар тармоқларнинг ишончлилигини ошириш, йўқотишларни кескин қисқартиришга йўналтирилмоқда.
Бу соҳада қонунийликни таъминлаш, ресурслар исрофи ва ноқонуний фойдаланиш ҳолатларига барҳам бериш вазифаси прокуратура органлари зиммасига ҳам юклатилган. Хусусан, табиий газни истеъмолчиларга етказиб бериш, тармоқлардаги йўқотишларни камайтириш ҳамда газ ресурсларидан самарали фойдаланиш устидан назорат ўрнатилган бўлиб, куз-қиш мавсумига тайёргарлик даврида бу назоратнинг аҳамияти янада ортади.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туман прокуратураси томонидан табиий газдан йўқотишларни камайтириш борасида амалга оширилаётган ишлар жойига чиққан ҳолда ўрганилмоқда. Ўрганишлар давомида амалий тадбирларнинг қай даражада бажарилаётгани, ишлар сифати ва уларнинг аҳоли эҳтиёжларига мослиги атрофлича таҳлил этилмоқда.
Ўрганишлар давомида туманнинг Оқ олтин овули ҳудудида аҳоли хонадонларини табиий газ билан таъминловчи диаметри 159 миллиметр бўлган ўрта босимли газ қувурларини таъмирлаш ишлари кўздан кечирилди. Ушбу қувур орқали кўплаб хонадонлар газ билан таъминланишини инобатга олган ҳолда, таъмирлаш ишларининг сифати ва пухталигига жиддий эътибор қаратилди.
Шунингдек, Тўлқин овулида хонадонларни табиий газ билан таъминлашга мўлжалланган диаметри 50 миллиметрли янги газ қувурларини ўрнатиш жараёни ўрганилди. Бу ерда ишларда белгиланган меъёр ва талабларга риоя этилиши, шунингдек, аҳолига табиий газни хавфсиз ва сифатли етказиб бериш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этиш жоизки, газ қувурларини таъмирлаш ва янгилаш ишлари нафақат тармоқлардаги йўқотишларни қисқартиради, балки хонадонларда юз бериши мумкин бўлган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Айниқса, қиш ойларида газ истеъмоли кескин ортишини ҳисобга олсак, қувурларнинг ишончли ҳолатда бўлиши ҳар бир оила хавфсизлигининг муҳим кафолатига айланади.
Ўрганишлар электр энергетикаси соҳасида ҳам давом эттирилди. Хусусан, Чордара маҳалласида жойлашган тумандаги энг катта подстанция – “Манғит” подстанциясида аҳолини сифатли ва узлуксиз тарзда электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 40 минг кВли 2 та трансформатор ўрнатиш ишлари жойига чиққан ҳолда кўриб чиқилди.
Маълумки, подстанциялардаги қувват истеъмол ҳажмига мос келмаганда кучланишнинг пасайиши, тез-тез узилишлар ва маиший техниканинг ишдан чиқиши каби муаммолар юзага келади. Шу боис туманнинг энг йирик энергетика объектида янги трансформаторларнинг ўрнатилиши кўплаб маҳаллаларда барқарор электр таъминотини йўлга қўйишда муҳим қадам бўлиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Бўстон маҳалласи ҳудудидаги 313-сонли трансформатор пунктида амалга оширилаётган режали мукаммал таъмирлаш ишлари ҳам назоратдан ўтказилди.
Ўрганишлар якунида масъулларга электр ва газ тармоқларидаги йўқотишларни камайтириш, истеъмолчиларга электр энергияси ва табиий газни узлуксиз етказиб бериш ҳамда энергия ресурсларидан тежамкор ва оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шу ўринда айтиш керакки, берилган топшириқларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши энергетика тизимининг қишки юкламаларга қанчалик тайёр эканини белгилаб берувчи асосий омиллардан биридир. Чунки таъминотдаги ҳар қандай узилиш аҳоли кундалик ҳаётига, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектлари фаолиятига бевосита таъсир кўрсатади.
Газ қувурлари ва электр тармоқларида олиб борилаётган таъмирлаш ҳамда янгилаш ишлари туманда энергия таъминоти ишончлилигини оширишга, исрофгарчилик ва йўқотишларни камайтиришга қаратилган тизимли саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Бундай ўрганишлар муаммоларни қиш бошланмасдан олдин аниқлаш ва бартараф этиш имконини бериб, мавсум давомида фавқулодда вазиятлар юзага келиш эҳтимолини камайтиради. Прокурор назорати эса бу жараёнларнинг қонун доирасида, белгиланган меъёрлар асосида кечишини таъминлайди.
Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад эса қаҳратон қиш кунларида ҳам ҳар бир хонадонга иссиқлик ва ёруғлик узлуксиз етиб боришини таъминлашдан иборатдир.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶