АМУДАРЁ ТУМАНИДА «ЯШИЛ МАКОН» УМУММИЛЛИЙ ЛОЙИҲАСИ ДОИРАСИДАГИ ИШЛАР ИЗЧИЛ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт ва бута кўчатларини экиш, мавжуд яшил ҳудудларни кенгайтириш ҳамда уларни парваришлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Амударё туманида ҳам мазкур лойиҳа доирасидаги тадбирлар белгиланган режа асосида ташкил этилмоқда.
Жумладан, Бештом маҳалласи ҳудудидан ўтувчи А-380 автомобил йўли бўйидаги чўл ҳудудида оммавий саксовул кўчатларини экиш тадбири ўтказилди.
Унда туман ҳокими Собир Хўжаметов, ҳоким ўринбосарлари, нуронийлар, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари ҳамда ходимлари, маҳалла еттилиги вакиллари ва ёшлар иштирок этди. Тадбир давомида Қипчоқ давлат ўрмон хўжалигида етиштирилган саксовул кўчатлари белгиланган ҳудуддаги тайёрланган ер майдонларига экилди.
Саксовул чўл ҳудудларининг экологик мувозанатини сақлаш, қум кўчишининг олдини олиш, тупроқни мустаҳкамлаш ва шамол эрозиясини камайтиришда муҳим аҳамиятга эга. Шу боис мазкур ҳудудларда саксовулзорларни барпо этиш экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги Фармони билан «Яшил макон» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш янги босқичга олиб чиқилди. Мазкур ҳужжатда ҳудудларни кўкаламзорлаштириш, дарахт ва бута кўчатларини экиш, уларни парваришлаш ишларини тизимли ташкил этиш ҳамда бу борада масъул раҳбарларнинг вазифалари белгилаб берилган.
Фармон ижросини таъминлаш мақсадида Амударё туманида 2026 йил кузги мавсумида жами 829,8 минг туп кўчат экиш режалаштирилган. Белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш мақсадида туман ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, масъул ташкилот ва идораларга аниқ вазифалар юклатилган.
Мазкур жараёнларда Қипчоқ давлат ўрмон хўжалиги томонидан ҳам фаол иштирок этилмоқда. Хўжаликда етиштирилаётган турли манзарали ва мевали дарахт кўчатлари ташкилотлар ҳамда маҳаллаларга экиш учун етказиб берилмоқда.
Шунингдек, Ўрмон агентлиги ташаббуси билан ҳар бир маҳаллага ўрмон хўжалиги ходимларидан маҳалла мураббийлари бириктирилган. Улар бириктирилган ҳудудларда кўчат экиш ишларида бевосита иштирок этиш билан бирга, аҳолига ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос кўчат турларини танлаш, уларни тўғри экиш, суғориш ва парваришлаш бўйича амалий тавсиялар бермоқда.
Амалга оширилаётган ишларнинг асосий мақсади экилган кўчатларнинг яшовчанлигини таъминлаш, яшил ҳудудлар майдонини кенгайтириш ҳамда туман экологик ҳолатини яхшилашдан иборат.
Келгусида ҳам «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасидаги тадбирларни белгиланган режалар асосида давом эттириш, кўчатларни парваришлаш ва уларнинг сақланишини таъминлаш бўйича тегишли ишлар амалга оширилади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶