ОТАМ ҲАҚИДАГИ СЎЗЛАPИМ
Оилада отадек азиз ном ҳар бир инсон учун қадрли. Мен ҳар гал отам ҳақида ўйлаганимда юрагимда чуқур из қолдирган меҳр чашмасининг тафтини ҳис этаман...
Отам, Шеримбетов Еримбет, 1928 йилда Хоразм вилоятининг Манғит туманидаги Калинин қишлоқ советида (ҳозирги Қорақалпоғистон Pеспубликасининг Aмударё тумани Куюк кўпир ОФЙ) деҳқон оиласида туғилган. 1943 йилда етти йиллик мактабни тугатиб, колхозда ишлаган. 1946 йилдан эса ўша даврдаги Ўзбекистон номли ўрта мактабида бошланғич синф ўқитувчилигидан педагогик фаолиятини бошлаганлар. Ўша даврларда ўқитувчи етишмаслиги сабабли аълочи ўқувчиларни мактабда ўқитувчи қилиб ишга олиб қолишган. 1947 йил ёзида Хива шаҳридаги Педагогика билим юртининг сиртқи бўлимига ўқишга киради. 1950-1953 йилларда собиқ Совет Aрмияси сафида хизмат қилади. Хизматдан сўнг, педагогика билим юртини муваффақиятли тамомлайди. Педагогик фаолиятдан ажралмаган ҳолда, 1957 йил ёзида Низомий номидаги Тошкент Давлат Педагогика Институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга кириб, 1962 йилда уни муваффақиятли тугатади. Нафақага чиққунга қадар у шу мактабда ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлиб ишлади. Педагогик фаолияти давомида қанчадан-қанча шогирдлар етиштирди. Уларнинг саноғига етиш қийин. Шогирдларининг кўпчилиги айни пайтда нафақада ва нафақа ёшида.
У менга ҳам меҳрибон ота, ҳам жонкуяр ва талабчан устоздир. Ҳар бир ишда, уйда ўз ўгитлари ва маслаҳатларини бериб борар эдилар. Ишга ҳалол ёндашишни, болаларга ўз меҳримни, билимимни беришим зарурлигини уқтирардилар. Отам шогирдлари даврасида ўзини жуда бахтиёр ҳис этардилар. Эл ичида устоз дея эъзозланиб, катта обрў-эътибор қозондилар.
Мен доим отамга ўхшашга ҳаракат қилардим. Унинг ҳар бир ҳаракати, ўзини тутишлари, кийинишлари, одамлар билан муомаласи ибратли эди.
Оиламизда тўққиз нафар фарзанд эдик. Ҳаммамизни меҳр билан вояга етказиб, таълим-тарбия олишимизга шароит яратиб бердилар. Ҳаммамизнинг ўқимишли, илмли инсонлар бўлишимизда, ҳаётда ўз ўрнимизни топишимизда уларнинг роли катта. Фарзандларининг бири шифокор, бири гидротехник, яна бири электрик, кутубхона ходими, тарбиячи ва ўқитувчи бўлиб етишишди.
Отам ёшига нисбатан ёш кўринарди, чаққон эдилар. Унинг касал бўлиб ётганларини ҳеч эслаёлмайман. Aфсуски, фарзандларининг бевақт ўлими, онамнинг ҳам қазо қилишлари отамнинг қаддини букиб қўйди. 2006 йилда бизни ташлаб, боқий дунёга кетдилар…
Отам ҳамиша қалбимда, эсласам кўз олдимда самимий чеҳраси намоён бўлади, унинг сўзлари, маслаҳатлари қулоғим остида жаранглаб тургандай бўлаверади.
Гулнора ШЕPИМБЕТОВА,
44-сонли ўрта мактабнинг рус тили фани ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶