Устозим – бобом
Бобом Қурбонбой Ердошев очиқ кўнгил, тўғрисўз, изланувчан ва меҳнатсевар инсон эдилар. У 1939 йилда туғилиб, туманимиздаги 1-мактабни аъло баҳолар билан битирганлар. Хоразм Давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини имтиёзли диплом билан тугатганлар. 44 йил туманимиздаги 31-сонли мактабда ишлаганлар. Шундан йигирма тўққиз йилини оддий муаллимлик қилиш, ўн беш йилини эса ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасини бажариш билан ўтказган. Бобом “катта ўқитувчи”, “услубиятчи ўқитувчи” мақомларига эга ёшлар устози эдилар.
Бобом “яхшидан боғ қолар, ёмондан доғ”, деган мақолни айтиб, бизга меҳнатни севишни, табиатга меҳр қўйишни ўргатар эдилар. Ўзлари сира тиниб-тинчимас, боғимизга ҳар хил мева-сабзавотлар, хушбўй ҳид таратувчи турфа гуллар экиб, уларни парвариш қилардилар.
Бобом ўзининг саксон йиллик умрини меҳнатга, илм излашга ва барчага эзгулик улашишга бағишладилар. Биз невараларига ҳам доим “иложи бўлса, қўлингиздан келса, одамларга яхшилик қилинг”, – деб ўргатар эдилар. Бобом умрининг сўнгигача китоб ўқишдан тўхтамади. Унинг кутубхонасида уч юздан ошиқ китоб мавжуд. У ердан бадиий, илмий ва саломатликка оид китобларни топиш мумкин. Бобомнинг ўзлари ижодкор инсон эдилар. Ёзган ҳикоялари талабалик даврида китоб бўлиб босилиб чиқиб, оммага тақдим этилган. Кўплаб шеърлари ва мақолалари Республика матбуотида ёритилган. Мендаги ижодга, шеъриятга интилиш бобомдан ўтган.
Ҳамон эсимда: 4-синф ўқувчиси эдим. Ўзимча шеър ёзишга қизиқиб, дафтар қоралардим. Бир куни ёзганларимни бобомга кўрсатиб, ўқиб бердим. Ўшанда бобом: “Баракалла қизим, шеърингнинг маъноси яхши экан. Фақат бир сатри қофияланмай қолибди, шу ерини тузатсак, яхши шеър чиқади. Қизим, шуни унутмаки, истеъдод бир фоиз, қолган тўқсон тўққиз фоизи изланиш, меҳнат ва тажриба”, – деб шеърият қоидаларини ўргата бошладилар. Шундан кейин бобом мени туманимиз газетаси таҳририятига олиб келдилар ва ўша пайтда бу менинг ижод олами сари ташлаган биринчи қадамим эди. У ерда бобом мени Робия Йўлдошева, Ойгул Ражабова каби ижодкорлар билан таништирдилар. Улар – менинг севимли устозларим.
Бугун бобожоним орамизда йўқ. Аммо унинг яшнатган боғи, яратган кутубхонаси, эзгу амаллари ва ёрқин хотираси бор. Бобожоним қалбимиз тўрида мангу барҳаёт.
Ирода ЕРДОШЕВА,
38-сонли мактабнинг 11-синф ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶