СИНОВ
(Бўлган воқеа)
Янги йилни бирга кутиш мақсадида Замирахон шаҳарда яшовчи акасиникига борди.
– Ҳали бир-икки соат вақт бор экан, бир айланиб келмаймизми? – деди акаси Замиранинг келганидан хурсанд бўлиб.
Келинойиси, акаси ва Замирахон шаҳар айлангани чиқишди. Атрофни томоша қилиб бораётиб Замира йўлак четида ётган пулларга кўзи тушди. Беихтиёр эгилиб, пулларни қўлига олди ва онасининг гапларини эслади:
– Эгаси йўқ нарса бўлмайди, нимаики топиб олсанг, оммага уч мартагача эълон қил, эгаси чиқса, топшир, эгаси чиқмаса, эҳсон қил, асло ўзингга олиб қолма!
Замира қўлидаги бир сиқим пулни санади, пул анчагина эди. У уч мартагача онаси ўргатганидай, оммага мурожаат қилди:
– Одамлар, ким пул йўқотди? Ким пул йўқотди!..
Ҳеч ким: “пул меники”, дея даъво қилмади. Аксинча, биров ажабланиб, яна биров кулиб ёнидан ўтиб кетишди. Замира пулларни сумкасига жойларкан, негадир кўнгли хижил бўлди. “Қайси омадсиз харидорники экан-а, – ўйлади у. – Балки менга ўхшаган талабадир, балки...”
Худди сумкасидаги пуллар уни таъқиб қилаёгандай, безовталик билан янги йил оқшоми қувончлари ҳам унга татимади. Эртасига кундалик харажатлар учун бозорга борадиган бўлди. Ётоқхона атрофини ўраб турган панжара ортидан бозор томонга ошиқиб бораётган одамлар яққол кўриниб турарди. Замира ётоқхона деразасидан одамларни кузатаркан, кечаги топиб олган пулларни эслади: “Нима қилсам экан-а, – ўйлади у кўнгли янада хижил тортиб, – бирон бир муҳтож одамга бериб юборсаммикан?”
Шу хаёллар билан бозор томон бораркан, йўлак четида йиғлаб турган болага кўзи тушди:
– Нима бўлди, болакай, адашиб қолдингми? – дея 7-8 яшар боланинг қўлларидан тутди у.
– Йўқ, ажаопа, адашмадим, уйимиз ҳув анави “дом”да, – деди у йўлнинг нариги бетидаги бозор рўпарасида жойлашган кўп қаватли уйга ишора қилиб. – Укам касал бўлиб қолди, “кола” сўраганди, онам менга пул бериб, олиб кел, деб эди, пулимни йўқотиб қўйдим, менга “кола” олиб беринг, ажаопажон!
Замира негадир қувониб кетди:
– Юр, мен сенга айтганингни олиб бераман!
Боланинг кўзлари қувончдан порлади ва Замиранинг қўлларидан маҳкам тутганча унга эргашди. Замира болага онаси ёзиб берган қоғозда кўрсатилган “аспирин” таблеткалари, спирт, coca colaдан ташқари ширинликлар, ҳатто бир пачка шар ҳам олиб берди ва барчасини елим халтага жойлаб, боланинг қўлига тутқазаркан, вужудида енгиллик ҳис этди. У сумкасида зил босиб турган, янги йил кечасида топиб олган пулларнинг барчасини боланинг хариди учун сарфлаб бўлган ва бундан мамнун эди.
Болакай уни маҳкам қучоқлаб олди. Афтидан у пулини йўқотиб қўйиб, уйига қандай боришни билмай қийналиб, ҳатто совқотиб кетганди.
– Энди уйга борсам бўлади, онам уришмайдиган бўлди, – дея болакай қувончдан ирғишлаганча ерости йўлаги томон чопқиллаб кетди.
– Тўхта, тўхтаб турсанг-чи! – боланинг ортидан чопди Замира. – Мана буларниям олиб кет, укажон!
У ўз пулига совға сифатида болакайга бир нечта арча ўйинчоқларини ҳам харид қилганди. Болакай ер ости йўлаги деворига суянганча таққа тўхтади:
– Ажаопа, мен бунча нарсани уйга олиб борсам, онам уришади-да, қандай айтаман? – деди у бир Замирага, бир арча ўйинчоқларига тикилганча.
– Уришмайди, олавер, бир ажаопа совға қилди, де. Кел, иккимиз дўст бўламиз, дўстлар бир-бирини алдамайди, мен-чи, ҳув ана, панжарали дарвозани кўряпсанми, ўша ерда ўқийман, агар онанг сенга ишонмаса, мана бу менинг телефон рақамим.
Болакай Замиранинг қўлларидаги арча ўйинчоқларини ва телефон рақами ёзилган қоғозни қувониб олди-да ирғишлаганча кўздан ғойиб бўлди.
Замиранинг елкасидан худди тоғ қулагандай енгил тортди.
У бу ҳақда онасига гапириб берди.
– Аллоҳнинг синовидан ўтибсан-да, болам, – дея қувонди онаси. – Нафс балоси ҳар қадамда одамга таҳдид солиб туради, шукур, болам, ўзганинг омонатини Аллоҳнинг даргоҳига қайтарибсан...
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶