ТАМАГИРЛИК – ИНСОННИ ЙЎЛДАН ОЗДИРАДИ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!
Тама деб бировдан бир нарса умидвор бўлмоққа айтилади. Барча аъзолари соғсаломат ва куч-қувватли инсон бошқалардан тама қилиши шаръан ҳаром ва дуруст эмасдир. Аммо жисмонан ожиз ва нотавон, куч-қувватсиз кишиларга эса бундай ҳолат ҳаётий заруратдан бўлса, мубоҳ (ҳалол)дир.
Тамагир инсон худди емга ўрганган ҳўкизга ўхшаб бировдан бирон нарса ундириш, уни ўзиники қилиш илинжида юргани учун ундаги ҳаё, номус, андиша ва инсонларга хос маънавий туйғуларга, борабора имонига ҳам завол етади. Бу масалада Мирзо Ҳуқондий (р.а.) шундай мисраларни бизга марҳамат қилганлар:
Очлик била кечурсанг неча куз,
Очмагил ҳаргиз тама нонига кўз.
Бўлғунча Мирзо тама нонига ёр,
Очлик тиғи бирла кўксингни ёр.
Қадимда жуда тақволи, аҳли тариқатлардан бўлган Савбон (р.а.) исмли бир инсон сафарга чиқадилар. У киши отда ва жамоат эса пиёда борар эдилар. Ногаҳон, ҳазратнинг қўлидан қамчиси ерга тушиб кетади. Ул зот чаққонлик билан отидан тушиб қамчисини олади ва яна имкон қадар жамоатнинг диққатини ўзига тортмасдан отига минадилар. Унинг ёнларида пиёда келаётган аёнларидан бири дедилар: “Буюрсангиз, биз қамчингизни олиб берардик-ку”. Савбон ҳазратлари эса: “Тамагир аҳлидан бўлиб қолмайин, деб сизларга қамчимни олиб беринглар”, – дейишни ўзимга маъқул кўрмадим”, –деган эканлар.
Абу Ҳомид Ғаззолий (р.а.) айтадилар: “Фақирлик ва тама қилмаслик, бу жуда яхши хислат. Аммо фақир киши одамлардаги нарсаларга тама қилмай, сабр-у қаноатда бўлиб, ўзига мол топиш масаласига қаттиқ қизиқмасдан яшамоқлиги керак. У бу хислатга фақат ўзига ва оиласига яшаши учун кундалик таом, кийими ва маскандан ўз ҳожатига етадиган миқдоригагина рози бўлиши ва ундан камига эса сабр қилиши, бир кунига ёки бир ойга етадиганидан ортиғини ўйламаслиги лозим. Мабодо, бундан кўпроғини ўйлаб, нотўғри йўлларга кириб, орзу-ҳаваси ошса, тама ва ҳирс хорлигига йўлиқиб, унинг фақирлик мақоматига қусур етган бўлади”, – деганлар.
Форс мамлакатидан икки йигит Чин мамлакатига томон сафарга чиқишади. Йигитлардан бири оиласида ниҳоятда юксак таълим ва тарбия олган, сабр-у қаноатли эди. Аммо унинг йўлдоши борига қаноат қилмайдиган, ўжар ва тамагир феълли инсон эди. Улар йўлда кетаётиб ярми ерга кўмилган катта харсанг тошга кўзлари тушадилар. Тошда эса: “Кимки бу тошни ердан ковлаб чиқариб, уни айлантира олса, харсангнинг тагида кўмиб қўйилган катта бойликларга, дур-у жавоҳирларга эга бўлиши мумкин, кимда сабр-қаноат бўлса, шунинг ўзи бу харсангнинг остидаги бойликлардан афзалроқдир”, – деб ўйиб ёзилган экан. Бояги тамагир йигит бу хатни ўқигач, талвасага тушиб, бесаранжом бўлиб, ҳали қўлга киритилмаган бойлик ҳирсида ёниб, тезроқ тошни ковлаб, унинг остидаги дур-у жавоҳиротларга эга бўлиш ниятида ёнидаги йигитдан номаълум мол-дунёни қизғаниб, тирноқлари билан бўлсада тошни ковлашга киришиб кетади. Юксак тарбияли ва сабр-қаноат соҳиби бўлган иккинчи йигит эса хазина тўғрисидаги битикни ўқигач, бунга парво ҳам қилмасдан, ўз йўлида давом қилади. У ўзига-ўзи дейди: “Агар Тангри кимгаки эҳсон қилса, хазина ўзи тошни ёриб чиқади”.
Йигит туни билан йўл юриб, бир шаҳарнинг дарвозасига етиб келади. У шаҳарга кирувчиларнинг энг биринчиси эди. Бу мамлакатнинг одати ва қонунига кўра, элнинг подшоси оламдан ўтса, подшоҳнинг валиаҳди бўлмаса, унинг ўлимини қаттиқ сир сақлаши ва шу куни эрта тонгда шаҳар дарвозасидан ким биринчи бўлиб ичкари кирса, ушбу кишини агар ақл-заковатли, билимдон бўлса, сарой аёнлари оқ кигиз устида бошига тож кийгизиб, эл-юрт олдида подшоҳлик тахтига ўтқазиб қўйишар эканлар. Сабр-қаноатнинг мукофотини қарангки, ўша йигитни Худо ўзи ярлақаб, эл аёнлари бошларига кўтаришиб, ҳурмат ва иззатлар билан шу юртнинг подшоҳлик тахтига ўтқазишибди. Бояги тамагир, ҳовлиқма йигит эса йўл четидаги тошни тинимсиз ковлаб, жойидан ағдариб кўрса, тошнинг у томонида шундай битик бор экан: “Хомтама ва ақлсиз инсон бу дунёда машаққатга қолади”.
Бирини сабр-қаноат подшоҳ қилди, бирисини эса тама ва дунё ҳирси хароб қилди. Кимга иқбол ёр бўлса, қаёққа юз бурса, ҳиммати унинг йўлдошидир. Кишининг ҳиммати, унинг йўлбошчисидир...
Абу Ҳозим айтади: “Уч нарса кимда бўлса, ақли мукаммал бўлади: ким ўзини билса, тилини кераксиз сўзлардан тийса, Аллоҳ берган ризқига қаноат қилса”.
Бойлик бу – қаноатдадир. Дунё роҳатини эса кўпдан қидирадилар. Аслида бу нотўғри, роҳат озда бўлади.
Энди ҳирс ва таманинг муолажаси ва инсонни қаноатга олиб келувчи йўллар масаласига ҳам улуғлар лафзидан озгина тўхталиб ўтсак. Имом Аҳмад Қулома Мақдисийнинг “Саодат изловчиларга қўлланма” номли асарида инсонларда учрайдиган бу дардга даво уч қисмдан иборатлигини айтиб: “Маишатда иқтисод қилиш ва нафақада мурувватли бўлиш, ким қаноатли бўлишни ирода қилса, имкони борича харажат эшикларини беркитиши ва ўзини лозим нарсалардан тийиши, қандай таом бўлса, шунга қаноат қилиши, таомга қўшилиб ейиладиган нарсаларнинг озига ҳам кўникиши, бир дона кийим билан кифоя қилиши ва ўзини, аҳли оиласини ҳам шунга ўргатиб бориши шарт” – деганлар...
Қаноатда, шубҳасиз, улуғворлик, тама ва ҳирсда хорлик борлигини билиш керак. Кимда-ким майлистагидан шарафини улуғ деб билмаса, унинг ақли заиф ва имони қусурлидир.
Мол-дунё йиғишда кўп хавф-у хатарлар бўлишини тушунишимиз керак. Мусулмон инсон доимий равишда фақирлик савобига эришиб бориши ва ўзидан қуйи даражадагиларга, шунингдек ўзидан юқори савияда бўлганларга доимий равишда ибрат назари билан қарашлари лозим бўлади.
Хуллас, сабр қилиш, инсон ўз шахсиятидаги орзу ва истакларни маълум даражада чеклашдир. Бу ўткинчи дунёда бир неча муддат ўзни тийиб, сабр қилишдан мақсадимиз, хавф-у хатарсиз, эмин-эркинликда ва жамиятимиз қонунларига тўла-тўкис амал қилган ҳолда фаровон ва обод, озод яшашдир.
Мамлакатимизда порахўрлик, уюшган жиноятчилик ва тамагирликнинг турли кўринишлардаги иллатларига кенг жамоатчилик ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорликда кураш олиб бормоқдалар. Муҳтарам Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг мамлакатимизда олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатида ҳам бу кураш жараёни ўз исботини топмоқда. Бу эса мамлакатимиз халқларининг асрий орзуси эди.
Қодирберган ҳожи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶