МАРОҚЛИ САФАРДАН ҚУВВАТ ОЛДИК


Президентимизнинг Фармон ва қарорлари билан “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ўқувчи ва талабалар, меҳнат фахрийлари, ишчи-хизматчилар, маҳаллалар фаоллари ва барча аҳоли қатлами учун мамлакатимиз бўйлаб мароқли саёҳатларга чиқиш имкони яратилди, сайёҳлик фирмаларига ва саёҳатга чиқувчиларга қатор имтиёзлар берилди. Ана шу қулайлик ва имкониятлар бизни Наврўз байрами кунларида мамлакатимизнинг тарихий, маданий-маърифий ҳамда экологик ҳудудлари томон саёҳатга чорлади.
Жорий йилнинг 19-22 март кунлари мамлакатимизнинг тарихий Самарқанд ва Бухорои Шариф шаҳарлари бўйлаб саёҳатга чиққан ижодкор-журналистлар қадим ва ҳамиша навқирон шаҳарларнинг осори атиқалари ила уйғунлашиб тараққий этган бугунги жамолидан чексиз баҳра олдилар.
Дастлаб дарё тўлқинларини эслатувчи зиёратчилар оқимига қўшилиб, муҳтарам Биринчи Президентимизнинг руҳи мангу ором топган маконга қадам қўйдик. Тумонат издиҳом ичра Ислом Каримов мақбараси қаршисида таъзим қиларканмиз, минг-минглаб юртдошларимизни бу табаррук масканга элтган самимият тафтини бутун вужудимиз ила ҳис этдик, гўё.
Ақл-заковатда, малоҳатда беназир малика – улуғ соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг завжалари – Бибихоним – Сарой Мулк Хоним шарафига соҳибқирон бобомиз томонидан бунёд этилган маҳобатли мадраса ва Бибихоним мақбарасида бир зум сукут сақлаб, яна улуғлар ҳақига тиловатлар қилдик.
Регистон майдонидан ўтиб, енгилмас саркарда, буюк Амир Темур мақбараси томон юзландик. Гўё улуғ зотнинг салобати босган каби бу ерда ҳозир бўлган зиёратчилар оҳиста, сассиз қадам ташлайдилар. Темуршоҳнинг қабри устига қурилган нақшинкор қуббали гумбаз ва мақбара билан қабр оралиғида ажиб нур! Гўё бу нур ўтмиш билан бугунги дориломон замон осмонини туташтириб турган каби сирли.
Шаҳар кўчаларини яёв кезган сари диллар покланиб, кўнгиллар яйрайди. Илми-ну-жум пир-у комили Улуғбек расадхонаси зиёратидан қалблар янада тозарди, ақлимиз равшанлашди.
Наврўзи айём шодиёналарини самарқандликлар ва минглаб меҳмон-у сайёҳлар, зиёратчилар билан нишонладик. Қуёш ҳамал буржига кираётган 20 март куни кечқурун жамоамиз билан Ҳазрати Довуд (а.с) зиёратгоҳига етиб келдик. Сўлим ва мусаффо тоғ ҳавоси йўл чарчоқларидан бизни фориғ этиб, руҳитанимиз ором топди.
Эрта тонгдан тоғ бошига ошиқдик. 1274 та зинадан оҳиста юқорига кўтарилишни бошладик. Ҳеч ким: “мен бу зиналардан, чиқа олмайман”, демади. Кекса-ю ёш зиналарни бир-бир босиб, чарчоқни унутиб, тобора юқори кўтарилдилар...
***
Кўҳна Бухоро. Минораи Калон, дунёга машҳур алломалар заковатини чархлаган Мир Араб мадрасаси, бир вақтнинг ўзида минглаб намозхонлар ибодат қилишга қодир жомъе масжиди ва кўплаб тарихий иншоотлар билан танишгач, Арк томон йўналдик. Арк – Бухорои шариф ичра шаҳарча. Ҳамон қадимий гўзал салобатини йўқотмаган кўҳна Арк дарвозасига яқинлашарканмиз, ҳамроҳимиз, бизни Бухорои шариф обидалари тарихи ва бугуни билан таништираётган тарихчи-гид Зоҳиржон:
– Қаранг, бухороликларнинг кечки Наврўз сайли бошланаётир, – дедилар.
Ҳақиқатан ҳам Арк дарвозаси олдидаги майдон ёрқин чироқлар ёғдусида янада гўзал қиёфа касб этган, саҳнада Бухоро ёшлари ижросидаги байрамона куй-у қўшиқлар авжида эди. Фақат бухороликларга хос бири-биридан гўзал либослар кийиб, ясанган ёшлар, кексалар даврасида кечки Наврўз сайлида иштирок этдик. Гарчи кеч кириб қолган бўлса-да, Арк ичкарисига киришимизга рухсат беришганидан, бу ерда вилоятлардан келган зиёратчилар учун барча шароитлар муҳайёлигидан хурсанд бўлиб, Аркни айландик. Бухоронинг сўнгги ҳукмдори Амир Олимхон тахти, Арк хонақоҳлари, масжидини томоша қилдик. Бухоро кўчаларини чароғон айлаб, кўнгилларга хотиржамлик, қувонч бахш этиб турган рангин чироқлар ёғдусида кечки Наврўз сайли тантаналаридан олам-олам баҳра олдик.
Ниҳоят... кўнгилларимиз осмон қадар юксалди. Она юрт жамолидан, жаннатмакон боғ-у чаманлар, пурвиқор тоғлар ҳавосидан вужудимиз тозарди. Қадим Бухорои шариф билан хайрлашдик.
Албатта, Ўзбекистон бўйлаб саёҳатни Аллоҳ раво кўрган яна бир қутлуғ кунда яна ва яна давом эттиришни ният қилдик. Ва ... Беш кунлик ҳордиқ, мароқли саёҳатдан сўнг хуш кайфият билан ижодга шўнғидик.
Манғитдан нарига бир қадам қўйиб,
Она юрт ҳавосин симирдик тўйиб.
Аслида энг аввал Ватанни суйиб,
Ватанни танимоқ улуғ саодат,
Ва қалбни покламоқ–қутлуғ ибодат!
Азизлар, аввало эл-юртга таъзим –
Отага таъзимдир, онага таъзим.
Аҳли одам учун энг улуғ, азим,
Азиз Ватан дея қилинг қироат,
Ҳар зарра тупроғин этинг зиёрат!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶