O‘zLiDeP тадбиркор аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватламоқда
Бугунги кунда Ўзбекистоннинг аграр салоҳиятини юксалтириш ва қишлоқ хўжалигида инновацион ёндашувларни жорий этиш давлат сиёсатининг энг муҳим стратегик йўналишларидан бирига айланди. Айниқса, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган ёшларни замонавий деҳқончилик маданиятига ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш масаласи диққат марказида турибди. Бу жараёнда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси томонидан илгари сурилаётган хайрли ташаббуслар ислоҳотларнинг ҳаётий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда. Хусусан, «Халқ билан бирга» умуммиллий дастури доирасидаги лойиҳалар жойларда янги имкониятлар эшигини очмоқда, одамларнинг эртанги кунга бўлган ишончини мустаҳкамламоқда.
Амударё туманининг Тош ёп овули бугун ана шундай ижобий ўзгаришлар марказига айланди. Бу ерда «MANG‘IT INVEST PLYUS» масъулияти чекланган жамияти базасида ташкил этилган «Ёш фермерлар мактаби» лойиҳаси юзлаб йигит-қизлар учун ҳақиқий тажриба майдонига айланди. Яқинда партиянинг ҳудудий ва туман Кенгашлари масъуллари, депутатлар, тажрибали фермерлар ҳамда ташаббускор ёшлар мазкур тадбиркорлик объектига ташриф буюришди.
Лойиҳанинг бош мақсади — ёш авлодни фақат назарий билимлар билан чегараланиб қолмасдан, балки қишлоқ хўжалигининг илғор, илм-фанга асосланган усулларига ўргатиш ва уларнинг амалий кўникмаларини бойитишдан иборатдир. «Ёш фермерлар мактаби» тингловчилари учун ўқув полигони вазифасини ўтаётган мазкур «MANG‘IT INVEST PLYUS» корхонасининг тарихи ва фаолияти ҳар қандай ёш тадбиркор учун катта мактаб бўла олади. Корхонанинг муваффақият йўли 2017 йилда «Asaka Bank» томонидан ажратилган 477 минг АҚШ доллари миқдоридаги кредит маблағларидан бошланган эди. Бу сармоя эвазига бир гектар майдонда энг замонавий иссиқхона мажмуаси барпо этилди. Бугунги кунга келиб, ушбу иссиқхона туманнинг экспорт салоҳиятини оширишга салмоқли ҳисса қўшиб келмоқда. Рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, корхона томонидан шу кунгача қиймати 2 миллион АҚШ долларидан ортиқ бўлган сархил мева-сабзавот маҳсулотлари қўшни Қозоғистон ва бошқа давлатларга экспорт қилинди. Бу нафақат валюта тушуми, балки маҳаллий маҳсулотнинг халқаро бозордаги нуфузи демакдир.
Айни пайтда бу ерда 25 нафар маҳалла аҳолиси доимий иш ўрнига эга бўлиб, уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади. Мавсумий ишлар пайтида эса ишчилар сони бир неча баробарга ортади. «Ёш фермерлар мактаби» иштирокчилари иссиқхонада қўлланилаётган Хитой технологиялари, суғориш ва озиқлантиришнинг автоматлаштирилган тизимлари билан танишар экан, юқори ҳосилдорликка эришишнинг сирларини бевосита амалиётчи мутахассислардан ўрганмоқдалар. Бундай замонавий агротехнологияларнинг афзалликларини ўз кўзи билан кўрган ёшларда ерга бўлган муносабат тубдан ўзгармоқда.
Амударё туманидаги ислоҳотлар фақат ёшлар бандлиги билан чекланиб қолмай, аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш борасида ҳам янги босқичга кўтарилмоқда. O‘zLiDeP ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган «Маҳалланинг ишбилармон аёли» лойиҳаси хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Лойиҳанинг бош ғояси аёлларни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларни касб-ҳунарга ўқитишдан иборат. Бу борада Тошёп овулида истиқомат қилувчи тикувчи Шаҳодат Юсупованинг фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. У «устоз-шогирд» анъанаси асосида ҳар йили 50 нафардан ортиқ маҳалладош аёлларни тикувчилик сирларига ўргатиб, уларнинг даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашиб келмоқда.
Бу каби ташаббуслар замирида бир буюк мақсад мужассам: у ҳам бўлса, қишлоқ хўжалигида ва тадбиркорлик соҳасида рақобатбардош, билимли ва замон билан ҳамнафас қадам ташлайдиган янги авлод кадрларини тарбиялаш. Амударё туманида амалга оширилаётган «Ёш фермерлар мактаби» ва «Маҳалланинг ишбилармон аёли» каби лойиҳалар нафақат иқтисодий кўрсаткичларни яхшилашга, балки одамларнинг ижтимоий турмуш даражасини юксалтиришга хизмат қилади. Ўз имкониятларига ишонган ёшлар ва иқтисодий жиҳатдан мустақил аёллар қатлами шаклланаётгани эса мамлакатимиз тараққиётининг мустаҳкам кафолатидир. Бундай эзгу ишларнинг изчил давом эттирилиши келгусида юртимиз далаларида илм-фан ютуқларининг янада кенг қулоч ёйишига ва ҳар бир хонадонда фаровонлик қарор топишига замин яратади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶