ЁШЛАРНИНГ ИННОВАЦИОН ҒОЯЛАРИНИ РЎЁБГА ЧИҚАРИШ ЙЎЛИДА МУҲИМ ҚАДАМ
Бугунги глобаллашув ва рақамли тараққиёт даврида ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни пухта ўзлаштириши учун зарур шарт-шароитлар яратиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, сунъий интеллект, ахборот-коммуникация технологиялари ва стартап лойиҳалари иқтисодиётнинг турли тармоқларини ривожлантириш, янги имкониятлар яратиш ҳамда ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён этишида муҳим омилга айланмоқда.
Шу нуқтаи назардан, Амударё туманида ёшларни замонавий билим ва кўникмаларга йўналтириш, уларнинг инновацион ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган навбатдаги амалий тадбир ташкил этилди. Туман Маданият бўлимининг фаоллар залида “StartupBase” платформасидан фойдаланиш бўйича семинар-тренинг бўлиб ўтди.
Семинар-тренингни туман ҳокимининг рақамли технологиялар ва сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси Шавкат Солиев очиб берди ҳамда олиб борди. Унда умумтаълим мактаблари директор маслаҳатчилари, республика миқёсидаги ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси мутахассислари, шунингдек, стартап ва инновацияларга қизиқувчи ўқувчи-ёшлар иштирок этди.
Тадбир давомида ёшларнинг замонавий технологияларга бўлган қизиқишини янада ошириш, уларни янги ташаббусларга ундаш ва истиқболли лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Тадбир доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг АКТни жорий этиш ва рақамлаштириш шуъбаси, Касбий таълим агентлигининг Таълим жараёнини ташкил этиш ва касбий ривожлантириш сектори масъуллари, IT Паркнинг ҳудудларни ривожлантириш бўйича мутахассиси ҳамда “Нукус ёшлар технопарки” давлат муассасаси масъуллари томонидан ёшларга зарур билим ва тушунчалар берилди.
Семинар-тренингнинг асосий мавзуси “StartupBase” платформасининг имкониятлари ва ундан фойдаланиш тартибига бағишланди. Иштирокчиларга платформанинг вазифалари, ундан самарали фойдаланиш, стартап лойиҳаларини илгари суриш ҳамда инновацион ғояларни ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан тушунчалар берилди.
Тадбирда ёшларни рақамли технологиялар, сунъий интеллект ва замонавий IT йўналишларига кенг жалб этиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бугун ушбу соҳаларни чуқур ўзлаштирган, мустақил фикрлайдиган ва янгилик яратишга интиладиган ёш мутахассисларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Демак, ёшларнинг замонавий билим олиши билан бир қаторда, ўз билимларини амалиётда синаб кўриши, янги лойиҳалар устида ишлаши ва ўз ташаббусларини илгари суриши ҳам муҳимдир.
Бу борада таълим муассасалари, соҳа мутахассислари ва тегишли ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга. Чунки ёшларнинг салоҳиятини тўлиқ намоён этиши учун уларга билим бериш, йўл-йўриқ кўрсатиш ва ўз устида ишлашга рағбатлантириш зарур. Семинар-тренинг ана шу мақсадлар йўлида тажриба алмашиш ва янги билимларни ўзлаштириш учун хизмат қиладиган мулоқот майдони бўлди.
Зеро, ёшларнинг билим ва салоҳиятига киритилган сармоя — келажак тараққиётига қўйилган мустаҳкам пойдевордир. Инновацион ғоялар қадрланадиган, ташаббуслар қўллаб-қувватланадиган муҳит эса янги ютуқлар ва имкониятлар сари йўл очади.
Чарос Арслонова, туман ҳокимлигининг Ахборот хизмати раҳбари.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶