«Ёшлар ва қонун» мавзусида семинар-тренинг ўтказилди
Ҳуқуқий билим инсонга фақат низоли вазият юзага келганда эмас, балки касб танлаш, ишга кириш, шартнома тузиш ёки оила қуриш каби кундалик қарорларни қабул қилиш жараёнида ҳам керак бўлади, шу боис ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлик даражаси бугунги кунда жамият етуклигининг амалий ўлчовларидан бирига айланиб бормоқда.
Шу мақсадда «Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан Амударё туманида «Ёшлар ва қонун» мавзусида тренинг ўтказилди. Тадбирда иштирок этган ёшларга ҳуқуқий билимларини амалда қўллаш ва ўз имкониятларидан самарали фойдаланиш йўллари тушунтирилди.
Тренинг Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг ижтимоий буюртмаси асосида «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан амалга оширилаётган «Қорақалпоғистон ёшлари учун ҳуқуқий маданиятни юксалтиришга қаратилган маърифий тадбирлар» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади Қорақалпоғистон Республикаси ёшларининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, уларнинг ҳуқуқий ахборот ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, қонунларга ҳурмат ҳисси ҳамда фуқаролик масъулиятини мустаҳкамлашдан иборат.
«Мадад» муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ижрочи директори Шокир Саидов тадбирни очиб, ҳуқуқий билимга эга ёшларни тарбиялаш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканини, бугунги тренинг эса кенг қамровли ишлар занжирининг муҳим бўғини ҳисобланишини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шу билан бирга, тадбирда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури томонидан Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда, Финляндия Ҳукуматининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистонда қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш» лойиҳаси доирасидаги ишлар ҳам тақдим этилди.
Ушбу лойиҳа инсон ҳуқуқларини амалда ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва ҳуқуқий ёрдамдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган бўлиб, унда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламлари, хотин-қизлар, ёшлар ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларга бепул бирламчи юридик ёрдам кўрсатиш назарда тутилган.
Лойиҳанинг биринчи вазифаси аҳоли учун тушунарли ва амалий ҳуқуқий ресурсларни яратишдан иборат. Шу мақсадда ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар ва хотин-қизларнинг ҳуқуқларига бағишланган махсус ҳуқуқий қўлланмалар, буклет ва флаерлар тайёрланиб, ҳудудларда тарқатилади.
Иккинчи вазифа ҳуқуқий билимни фуқаронинг ўзига яқинлаштириш, яъни одамларни ахборот излаб идорама-идора юришга мажбур қилмасликдир. Учинчи вазифа эса бепул бирламчи юридик ёрдамни таъминлаш бўлиб, бунинг учун ҳуқуқий маслаҳатлар, амалий ёрдамлар ва аҳоли билан очиқ учрашувлар ташкил этилади.
Тўртинчи вазифа ҳуқуқий маданиятни ошириш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, профилактика ишларига эътибор қаратишдан иборат. Тадбирда таъкидланганидек, фуқаро ўз ҳуқуқини билмаслиги мумкин, лекин у ҳуқуқий муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак.
Лойиҳада ёшларга алоҳида эътибор қаратилганининг сабаби шундаки, ёшлик даврида инсон таълим олади, касб танлайди, ишга киради, меҳнат шартномасини тузади, тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин, оила қуради ҳамда банк, кредит, ижара, мулк ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқий муносабатларга киришади.
Режага кўра, Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё, Беруний, Қўнғирот, Мўйноқ ва Хўжайли туманларида ёшлар ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва имкониятларига бағишланган семинарлар ўтказилиб, уларда жами 300 нафар ёш қамраб олинади.
Семинарларда ҳуқуқ назарий тушунча сифатида эмас, ҳаётий вазиятлар билан боғланган ҳолда тушунтирилди. Хусусан, ишга кираётганда меҳнат шартномасида нималарга эътибор бериш, иш берувчи ҳуқуқни бузган ҳолатда қаерга мурожаат қилиш мумкинлиги каби саволларга жавоб берилди.
Шунингдек, олий таълимга киришда мавжуд ҳуқуқ ва имкониятлар, ёшларга берилган имтиёзлардан фойдаланиш тартиби, интернетда фирибгарликка дуч келганда кўрилиши лозим чоралар, қарз ва кредит муносабатларидаги ҳуқуқий хавфлар ҳамда судгача бўлган ҳуқуқий механизмлар ҳақида тушунчалар берилди.
Лойиҳа доирасида «Маҳалла еттилиги» таркибидаги ёшлар етакчиларининг ҳам ҳуқуқий саводхонлигини ошириш режалаштирилган. Бу ёшлар билан доимий ишлайдиган етакчиларнинг ҳуқуқий билим ва амалий кўникмаларини кучайтириш орқали кенгроқ ижтимоий таъсирга эришишга хизмат қилади.
Қолаверса, «Хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳамда тазйиқ ва зўравонликка қарши ҳуқуқий ҳимоя» мавзусида хотин-қизлар фаоллари ва аёллар учун семинар-тренинг ҳам ташкил қилиниб, хотин-қизларнинг ҳуқуқий кафолатлари ва давлат томонидан яратилган имкониятлар ҳақида тушунчалар берилди. Иштирокчилар билан ҳуқуқий викториналар ва интеллектуал мусобақалар ҳам уюштирилди.
Шу билан бирга, Қорақалпоғистон ёшларининг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий эҳтиёжлари ва долзарб муаммоларини аниқлаш мақсадида махсус ижтимоий сўровнома ўтказиш ҳамда унинг натижалари асосида келгусида ёшлар учун янада самарали ҳуқуқий лойиҳаларни шакллантириш кўзда тутилган.
Тадбирда ташкилотнинг бўлим бошлиқлари Аброр Эъзозхонов, Раъно Сарабекова ва Ойбек Равшанов, етакчи мутахассислар Шамсиддин Шомуродов ва Темурбек Файзираҳмоновлар иштирок этди. Тадбир якунида фаол иштирок этган ёшлар етакчилари ва фаол ёшларга ташаккурномалар ва семинар қатнашчиларига махсус сертификатлар топширилди.
Муаммони куч ёки таниш-билиш орқали эмас, қонун доирасида ҳал қилиш маданиятининг шакллангани бу каби тарғибот ишларининг бош натижаси ҳисобланади. Зеро ўз ҳуқуқини ҳимоя қила оладиган ёшлар ва қонунни ҳурмат қиладиган фуқаролар адолатли жамиятнинг мустаҳкам пойдеворини ташкил этади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶