Меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга амалий кўмак кўрсатилмоқда
«Исеним» ахборот-ресурс маркази томонидан «Мигрантлар тажрибаси — маҳалла тараққиёти учун муҳим салоҳият» грант лойиҳаси амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг молиявий кўмагида йўлга қўйилган мазкур ташаббус меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва барқарор даромад манбаини яратишга қаратилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларнинг касбий тажрибаси ва мавжуд кўникмаларини ўрганиш, уларни маҳаллий меҳнат бозори талабларига мослаштириш ҳамда мустақил даромад манбаига эга бўлишига кўмаклашишдан иборат. Дастлабки босқичда маҳалла фуқаролар йиғинлари, Миграция агентлиги ва бандлик органлари билан ҳамкорликда 28 нафар фуқаро аниқланди. Уларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати, оилавий шароити, касбий салоҳияти ва эҳтиёжлари ўрганилиб, маълумотлар базаси шакллантирилди. Шу асосда ҳар бир иштирокчи учун индивидуал реинтеграция режалари ишлаб чиқилди. Лойиҳа бир марталик ёрдам билан чекланмасдан, иштирокчиларнинг келгусида иқтисодий барқарорликка эришишига қаратилган комплекс ёндашув асосида ташкил этилмоқда.
Иштирокчиларнинг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини ошириш мақсадида Нукус шаҳар 3-сонли техникуми билан ҳамкорликда қисқа муддатли касб-ҳунар ўқув курсларини ташкил этиш белгиланган бўлиб, уларга камида 15 нафар фуқаро жалб қилинади. Шунингдек, мутахассислар иштирокидаги индивидуал ва гуруҳли қабулларда иштирокчиларга ҳуқуқий ва психологик маслаҳатлар берилмоқда. Бу орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, жамиятга қайта мослашувидаги муаммоларни бартараф этиш ва ўз имкониятларига ишончини мустаҳкамлаш кўзда тутилган.
Лойиҳа доирасида тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Бизнес юритиш, бизнес-режа тузиш, кредит ва субсидиялардан фойдаланиш бўйича семинарлар орқали камида 8 нафар иштирокчини тадбиркорлик фаолиятини бошлашга тайёрлаш режалаштирилган. Бундан ташқари, бандлик органлари ва иш берувчилар билан ҳамкорликда меҳнат ярмаркаларини ўтказиш орқали камида 12 нафар фуқарони доимий иш билан таъминлаш, томорқа ва деҳқончилик йўналишида эса агротехник маслаҳатлар ҳамда уруғлик ва кўчатлардан самарали фойдаланиш бўйича кўмак орқали 10 нафардан зиёд иштирокчининг қўшимча даромад манбаини шакллантириш белгиланган. Ўзини ўзи банд қилиш истагидаги 8–10 нафар фуқарога ҳунармандчилик ва хизмат кўрсатиш йўналишларида фаолият бошлаш учун зарур ускуналар ажратилмоқда.
Ушбу йўналишдаги муҳим амалий босқичлардан бири сифатида 2026 йил 17 ноябрь куни Нукус шаҳридаги «Дўстлик уйи»да меҳнат миграциясидан қайтган фуқароларга электр ускуналарини топшириш маросими бўлиб ўтди. Ҳамкор ташкилотлар ва масъуллар иштирокида ўтган тадбирда ажратилган ускуналар фуқароларнинг касбий кўникмаларини амалиётга татбиқ этиши, мустақил меҳнат фаолиятини йўлга қўйиши ва оиласи фаровонлигини ошириши учун замин яратади.
Айни пайтда лойиҳа иштирокчиларининг бандлиги, касбий тайёргарлиги ва даромадлари мунтазам мониторинг қилиб борилмоқда. Бу кўрсатилаётган ёрдам самарадорлигини баҳолаш ва мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаб, манзилли чоралар кўриш имконини беради. Лойиҳа якунида ҳамкор ташкилотлар иштирокида давра суҳбати ўтказилиб, эришилган натижалар таҳлил қилиниши, тажриба алмашиш ва келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶