САССИЗ ТУЙFУЛАР
(Қаҳрамон тилидан)
Ҳаёт худди фортепиано каби. Оқ ва қора клавишлар бизнинг умр йўлларимиз. Тириклик мусиқаси янграши билан биз уларнинг иккаласини ҳам босиб кўришимизга тўғри келади. Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар юлдузларга ўхшайди. Қоронғу тушиши билан энг биринчи улар кўрина бошлайди. Мен шундай инсонлар тоифасига биринчи бўлиб, оналарни мисол қилган бўлардим. Яна билмадим. Балки менинг ўтмиш варақаларимдаги кечинмалар фақат шу инсон билан боғлиқ бўлганигами? Отасиз улғайиш – азоб. Агарда у тирик бўла туриб, сенинг ҳар куни кутишингни била туриб келмаса, ундан ҳам азоб. У киши бизни ташлаб кетганида гўдак эдим. Мана ҳозир ўн олтидаман. Эсимни танибманки, онам ёнимда. Отамнинг бошқаси билан турмуш қуришига сабабчи мен. Негаки, менинг ўғил фарзанд бўлишимни истаган экан, бунинг устига туғма соқовман. Бундай болани парвариш қилиш кимга ҳам ёқади дейсиз?
Вақтлар ўтди. Онам уй-рўзғор ташвиши билан тиним билмасди. Эрта-ю кеч ишларди. Бу орада онамнинг ҳам соғлиги ёмонлаша бошлади. У киши мендан беркитиб , сездирмаслик учун яшириниб дори ичарди. Лекин мен буни биламан… Кўрсам ҳам айта олмайман. Қариндошлар ҳам четда қараб турмади. Қўлидан келганлар ёрдам беришди.
Онам бўш вақтлари бўлди дегунча тикувчилик қилар, менга ўргатишга ҳаракат қиларди. Кўзлари хиралашгани боис игнага ип ўтказишга қийналарди. Шунинг учун бу иш менинг зиммамда эди. Ойим ҳар сафар ип ўтказганимдан кейин “раҳмат, қизим” дейди. Кўзимга ёш келади. Наҳотки мен у инсонга шунча меҳнатлари, меҳрлари эвазига бир марта раҳмат айта олмасам? Шу каби хаёллар ўйга толдиради...
Ҳаёт давом этаверади.
Яна ўша тикув машинаси овози, яна ўша жимлик...
Севара Исмоилова, ҚДУ талабаси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶