“КЎНГЛИМДА БИР ЁР, ҚЎЙНИМДА БИР ЁР”...
Қадимги подшолик даврларида туғилмаганим учун шукроналар айтаман. Чунки тарихдан маълумки, ўша даврларда ҳар битта подшоҳнинг камида ўнта, йигирматадан хотини бўлган. Айрим афсоналарда қирқтадан ортиқ деб айтилади. Ачинарлиси, ўша замонларда ёши бир жойга бориб қолган золим шоҳлар ёшгина қизларни мажбуран никоҳига олиб, уларнинг орзу-умидларини, умрини хазон қилган. Тарихни қоралашдан йироқман! Лекин ўша даврнинг мана шу каби айрим “сарқит”лари бизгача етиб келгандай гўё. Яъни кўпхотинлик. Ҳозирги эркин, демократик жамиятда кўпхотинлик масаласини муаммо сифатида олиб чиқиш балки кимларгадир ёқмас. Шундай бўлса-да, бу борада ўз мулоҳазаларимга тўхталиб ўтмоқчиман.
Юртбошимизнинг шу мавзудаги ушбу сўзларини айнан келтириб ўтсам: “Бугун ҳаётимизда “ЗАГС” яъни фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органидан ўтмасдан туриб, пул эвазига яширинча шаърий никоҳ ўқитиш, хотин устига хотин олиш ҳолатлари ҳам афсуски, учраб турибди. Бир пайтлари ҳаётнинг ўзи рад этган қўшхотинлик балоси қандай хунук оқибатларга олиб келиши барчамизни ташвишга солиши керак. Атоқли адибимиз Абдулла Қодирий “Ўткан кунлар” романида кундошлик туфайли бутун бир оила бошига тушган фожеаларни жуда таъсирчан тасвирлаб бергани наҳотки сабоқ бўлмаган бўлса? ФҲДЁ органидан берилган ҳужжатга эга бўлмаган шахсларга шаърий никоҳ ўқиган ҳар қандай муллага, агар у валломат бўлсаям жиноий жазо бериш кўзда тутилади”.
Дунёда ҳар кимнинг ўз ҳақиқати бор. Балки қўшхотинлик кимнингдир назарида ижобийдир. Аммо инсон организмида юрак битта бўлса, (бу ўзгармас ҳақиқат) хўш, иккита, учта, оиласи борлар қандай севар экан-а?! Улар юрагининг ўлчами кенгроқмикин? Масаланинг яна бир оғриқли томони – фақат шаърий никоҳ орқали иккинчи аёлдан туғилган фарзандларнинг тақдири қандай кечади? Ота меҳрини тўлиқ ҳис қилмай, кимларнингдир назарида “ўйнашдан бўлган фарзанд” тамғаси остида, нафрат билан улғайиши турган гап. Ушбу мавзу юзасидан жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида интернет нашрларининг бирида шу масала бўйича ёзилган изоҳларни кузатдим. Ҳар кимнинг фикри ҳар хил. Кимдир кўпхотинликни тўғри, дейди. Кимдир хато дейди. Биров динимизда тўртта хотингача уйланишга рухсат бор, дейди. Ҳар ким ўзича ҳақ.
Етимнинг бошини силаш, ана шу етим болаларни боқишда қийналаётган мазлума аёлга ёрдам қўлини узатиш, моддий қўллаб-қувватлаш инсоний бурч. Бироқ ёрдам бериш учун ўша аёлни никоҳига олиши шартми? Ёрдам холис бўлмайдими? Лекин ҳозирги айрим “хотинфуруш”ларнинг аксарият қисми етимнинг бошини силаш, ёки ғариб кўнгилни обод қилиш учун эмас, ўзининг шахсий хоҳишлари учун, ҳавои нафси учун иккинчи рўзғор қилаётгани кўзга ташланади. Ҳар куни телевидение орқали берилаётган айрим кўрсатувлардаги кўпхотинлик туфайли бузилиб кетаётган оилаларни, эрининг иккинчи оиласи борлигини билмай туриб оила қуриб, сўнг аросатда қолган ёш-ёш қизларнинг аянчли ҳикояларини эшита туриб, бу мавзуга муносабат билдиргим келди.
Кўтарилган масала юзасидан кўп гапириш мумкин. Хулоса эса турлича. Нима бўлганда ҳам, бировнинг гўрига биров тушмайдиган дунё бу. Ҳар ким ўз қилган ишлари учун ўзи жавоб беради.
Азиза МАДРАҲИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶