КОНСТИТУЦИЯВИЙ ЎЗГАРИШЛАР ЮРТИМИЗДА ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ ТАЪМИНЛАНИШИГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Маълумки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан ялпи мажлисда Ўзбекистон Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳаси бир овоздан концептуал тарзда маъқулланди ва биринчи ўқишда қабул қилинди. Шунингдек, Конституциявий комиссия ўз фаолиятини давом эттириши, фуқаролар ва ташкилотлардан тушган таклифлар умумлаштирилиб, Қонунчилик палатасига киритилиши таъкидланди.
Шунга кўра юртимизда ушбу Лойиҳа бўйича умумхалқ муҳокамаси қизғин давом этмоқда. Мен ҳам юртимиздаги ўзгаришларга бефарқ бўлмаган ҳолда, шунингдек, ҳуқуқшунос, суд соҳаси масъули сифатида Лойиҳадаги замон талаблари тақозосига кўра киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар билан танишиб чиқдим.
Лойиҳанинг 48-бандида, 109-модда биринчи қисмининг: 6-бандидаги «конституциявий судлов ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан» деган сўзлар чиқариб ташлансин дейилган. Шунингдек, 7-банди қуйидаги мазмундаги 7 ва 8-бандлар билан алмаштирилсин: «7) фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг муайян ишда суд томонидан уларга нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш ҳақидаги шикоятларини кўриб чиқади; 8) Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни кўриб чиқади», деб кўрсатилган.
Ундан ташқари, 83-моддасининг янги таҳририда қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эътибор қаратилган. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд, Судьялар олий кенгаши ва Бош прокурор ҳам ўз ваколатларига оид масалалар юзасидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгалиги айтиб ўтилган. Эътиборлиси, Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари ҳам қонунчиликка оид таклифларини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қонунчилик ташаббуси тартибида киритишга ҳақлилиги эътироф этилмоқда.
Лойиҳанинг 49-бандида, 111-модданинг биринчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши судьялар ҳамжамиятининг суд корпуси шакллантирилишини, суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминловчи мустақил органидир», 50-бандида 112-модда: биринчи қисмидаги «одил судловни амалга ошириш борасидаги» деган сўзлар чиқариб ташлансин; қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин: «Судьяларни алмаштириб бўлмайди. Уларнинг ваколатлари фақат қонунда белгиланган тартибда ва асосларга кўра тугатилиши ёки тўхтатилиши мумкин»; иккинчи – бешинчи қисмлари тегишинча учинчи – олтинчи қисмлар деб ҳисоблансин; олтинчи қисми чиқариб ташлансин, дейилган.
51-бандида эса, 116-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин: «116-модда. Ҳар кимга малакали юридик ёрдам олишга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам бепул кўрсатилади. Терговнинг ва суд ишини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдамга бўлган ҳуқуқ кафолатланади. Жисмоний ва юридик шахсларга юридик ёрдам кўрсатиш учун мустақиллик ва ўзини ўзи бошқариш принципларига асосланган адвокатура фаолият кўрсатади. Адвокатурани ташкил этиш ва унинг фаолияти тартиби қонун билан белгиланади. Адвокат шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз касбий вазифаларини амалга ошираётганда унинг фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди», деб кўрсатилган.
Ниҳоятда долзарб бўлган ушбу Конституциявий тузатишлар, албатта, юртимизда қонун устуворлиги таъминланишига хизмат қилиш билан бирга, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини кафолатлайди.
Қайрулла Атамурадов,
Фуқаролик ишлари бўйича туман суди раиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶