14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 03:44
Мақолалар 👁 489

ЕТИМНИНГ ҲАҚИ

ЕТИМНИНГ ҲАҚИ

 (Бўлган воқеа)

Бибихадича Сорабибининг  уч ўғилдан кейин кўрган ёлғиз қизи эди. Институтни битирган йили қўшни қишлоққа узатишди. Куёви ҳам, қайнона-қайнотаси ҳам жуда одамохун, тушунган инсонлар бўлганлигидан Сорабиби энанинг қизидан кўнгли  тўқ, хотиржам эди. Қизи билан куёвининг кулиб-ўйнаб келишларидан ич-ичидан қувонар, “бахтингга кўз тегмасин, болам”, деб орқасидан қизига сездирмай “туф-туф”лаб қўярди. Аммо... Аллоҳ бу бахтиёрликни Сорабиби энага кўп кўрдими ё бу бир синови бўлдими, у бир кунда куёвидан ҳам, қизидан ҳам  жудо бўлди...

Биринчи фарзандига ҳомиладор, бугун-эрта кўзи ёрийди, деб невара кути-шаётганида икки оила бошига кулфат қўпди, автоҳалокат туфайли бирин-кетин иккаласи ҳам бу дунёни тарк этишди. Нуриддин шу куннинг ўзида, Бибихадича эса икки кун ҳаёт билан курашиб, учинчи куни жон берди. Бахтли тасодифми ёки Аллоҳнинг иродасими, Бибихадича вафот этмасидан бир кун олдин ой-куни етиб турган чақалоқни кесарча кесиш орқали дунёга келтирди. Қорнидаги бола қандай дунёга келди, ўғилми, қизми? Бибихадича  билдими, йўқми, буниси Аллоҳга аён. Боз устига бу дардни кўтара  олмаган қудағайи ҳам бир ойнинг нари-берисида оламдан ўтди-кетди. Бир ойлик чақалоқ эса...

Дунёнинг барча ғамларидан бехабар гўдак туғруқхонанинг чақалоқлар бўлимида, шифокорлар назоратида кун ўтган сайин онасига интиқ “инга”лаб улғаярди.

– Синглингдан қолган ёдгор, болани ўзимиз парвариш қила қолайлик, – деди онаизор кенжа ўғли Нодир билан кенгашиб.

Келини Зоҳидага  қайнонасининг гапи ёқмади, шекилли, аста томоғини қириб қўйди.

– Уйидагилар нима дер эканлар? – деди Зоҳида эрига синовчан тикилиб.

– Уйидагиларми, – чайналди Нодир, – уйида болани парваришлайдиган одам борми? Қуда бува ногирон бўлса, катта келинининг рўзғори бўлак.

– Ўзимиз катта қиламиз! – чўрт кесди Сорабиби эна.

Нодирнинг битта қизалоғи бор эди. Энди ўғилли ҳам бўлади, жигарини бегонага берсинми? Бермайди! Ўзи  парвариш қилади, тамом, вассалом!

Нодир шундай қилди, гўдакни уйига олиб келди.

Ёдгоржон мактабни битирадиган йили Сорабиби эна ўғлига кичкина тугунча берди:

– Мана бу синглингнинг тақинчоқлари, – деди у кўзлари ёшланиб. – Ёдгоржон  уйланганида, келинга бераман, деб асраб қўйгандим. Ҳа, айтганча, мана бу омонат дафтарча. Унга ҳар ойда Ёдгоржонга бериладиган нафақа пуллари ўтказилади. 16 йилдан бери қанча бўлганини билмайман. Фақат илтимос, 1 тийинига ҳам тегма, болам, “Етимнинг ҳақи етти дарёни қуритади”, – дейишади. Етимнинг ҳақига хиёнат асло кечирилмайди, эҳтиёт бўл, болам.

Нодир ишга кетаётиб сабри чидамади, машинасини тўхтатиб, секин-асталик билан тугунни очди. Тугунча ичида олтин ва кумуш тақинчоқлар, онаси берган омонат  дафтарчаси ҳам бор эди. У онасининг гапларини эслади: “Бир тийинига ҳам тегма, етимнинг  ҳақи етти дарёни қуритади...”

Шу куни кечқурун Нодир тақинчоқлар солинган тугунчани Зоҳидага берди:

– Олиб қўй, Ёдгоржоннинг онасиники, уни уйлантирганимизда келинга берамиз.

Зоҳиданинг кўзлари ёниб кетди. Тақинчоқларни бир-бир томоша қиларкан, ўзича тахмин қилди:

– Тиллалари асл экан, камида 100 грамм келади-ёв. Ҳаммаси қадимий. Ҳозирги тиллаларга ишонч йўқ. Кумуш тақинчоқлари ҳам жуда асл-а!

– Мен сенга сифатини аниқла, демадим, асраб қўй, дедим, – жаҳли чиқди Нодирнинг. – Булар етимнинг ҳақи, биронтасига тега кўрма!

– Вой, вой-а, Ёдгор етимми? Егани олдида, емагани ортида-ку! Ўз боламиздай авайлаб катта қилган бўлсак.

Зоҳиданинг бу гапларини остонада пайдо бўлган қайнонаси эшитиб, дили оғриди:

– Ҳай болам-а, етим ўз ошини ичар, деганлар. Боқиб катта қилганимиз – шу норасида учун бир хайр-эҳсон бўлақолсин. Бу гапни бошқа тилингга олакўрма.

Шу йили Ёдгоржоннинг омади келиб, Самарқанд тиббиёт институтига давлат гранти асосида ўқишга кирди. Кўзим тириклигида неварамни уйлантираман, деб ният қилган Сорабиби эна яна 4-5 йил кутадиган бўлди. Бу орада Нодир қўшни маҳалладан ер олиб, янги иморат тиклади. Иморати билан ёнма-ён озиқ-овқат дўкони ҳам қуриб, янги йил арафасида савдо-сотиқни бошлаб юборди. Савдодан келган даромад эвазига иморатини бутлаб, Ёдгоржон ўқишини битирадиган йили оиласи билан кўчиб ўтди. Ҳайҳотдек ҳовлида Сорабибининг ёлғиз ўзи яшай бошлади.

– Яна бир-икки ойдан Ёдғоржон институтни битиради, уйлантирамиз, уйимиз тўлиб қолади, – деди Нодир хижолатпазлик билан. – Унгача биз билан яшаб туринг, илтимос, у ёқда дўкон ишлари тўхтаб қолмасин, ўзимиз бошида бўлмасак, бўлмайди.

– Отанг, опангнинг чироғини ким ёқади, болам, мени қайғурма, – деди Сорабиби эна ўғлига хотиржамлик билан.

Аввалига дўкон савдосидан кўнгли тўқ, бири икки, иккиси ўн бўлаётган Нодирнинг сўнгги пайтларда негадир иши юришмади. Буни дўкондаги моллар хилма-хиллигини таъминлаёлмаётганига йўйиб, савдодан тушган бор пулини сарфлаб, дўконни тўлдириб ташлади.

Ёдгордан тўрт ёш кичик бўлган ўғли Ботиржон Нукусда, универститетда шартнома асосида ўқирди. Ўша куни таътилга чиқиб келиб, дадасига дўкон ишларида кўмаклаша бошлади. Пешиндан сўнг, Нодир маҳалладаги тўйга чиқиб кетди. Дўкон ишларини Ботиржонга ташлаб, Зоҳида ҳам бирров кўриниб келай, деб қўшни аёллар билан тўйга отланди. Ота-онаси кетгач, Ботиржон чой ичгиси келди, дўкон ичкарисига ўтиб стол устида турган электр човгумда сув қўйиб қўйди. Бу орада кечқурунги савдо авж олди. Биров тўйга бораётиб савдо қилди, биров келаётиб. Ботиржон электр човгумни бутунлай унутди. Боз устига дўкон ичкарисига кириладиган эшик ҳам зич ёпилганидан ичкарида бошланган ёнғинни бирданига илғаб олиш қийин эди.

– Ботир! – дўконга кирган харидорлардан бири бор овози билан бақириб юборди. – Ёнаяпти, ичкари ёнаётир, ташқарига, ташқарига чиқинглар!

Довдираб қолган Ботир ташқарига эмас, дўкон ичкарисига қараб юрди. Темир эшик тутқичига теккан қўли ҳавода муаллақ қолди. Қандайдир куч уни  қаттиқ итариб юборди. Кучли гувиллаган овоз эшитилди-ю бирданига бутун дўкон, унга қўшилиб, дўкон ёнбошидаги ҳовли-жой ҳам олов ичида қолди. Одамлар Ботиржонни зўрға ташқарига олиб чиқишди. Ўт ўчирувчилар, “тез ёрдам” машинаси етиб келгунича Нодирнинг уй-жойи ҳам, дўкони ҳам даҳшатли олов ичида гувиллаб ёнар, ёнғин энди қўшни уйларга ҳам ўрлай бошлаганди.

Шифохонада ўзига келган Ботиржоннинг тепасида бемажол ўтирган Нодир ва Зоҳидани таниб бўлмас, неварасининг омон қолганига тинмай шукрона айтаётган Сорабибининг ичига чироқ ёқса ёримас, кўнгли хижил, зил эди. Ботиржон ўзига келгач, келини ва ўғли билан уйига қайтган Сорабиби Ёдгорнинг боқувчисини йўқотганлик  нафақаси жамғариладиган омонат дафтарчасидаги пулларни “доллар”га айлантириб қўямиз”, деганлари учун Нодирга нақдлаштириб олиб берганини эслади-ю, баттар юраги зил кетди. “Шу пулларни ишлатиб қўйдимикан-а?” Худо асрасин, Нодири бундай ақлсиз эмас, ишлатмагандир”, Сорабиби эна охири журъат қилиб дилидан кечганларини тилига чиқарди:

– Ёдгорнинг нафақалари жамғармасига... тегмаганмидинг?

Нодир лом-мим демади. Бошини қуйи солганча ўтираверди. Сорабиби “Оҳ!” деб юборди. Зоҳида эса йиғлаганча ичкарига кириб кетди. Бироздан сўнг чиқиб:

– Сиз қарғагансиз, эна, қарғагансиз, шу етимнинг тарафини олавериб, бизни қуритдингиз, қуритдингиз!

Дарвоза олдида қўлларида товоқ кўтарган қўшни аёллар билан маҳалладаги энг кекса онахон Рўзигул момо кўринди. Зоҳиданинг овозини эшитиб, улар остонада тўхтаб қолишди. Мункиллаб қолган Рўзигул момо аста Сорабиби эна ўтирган сўрига яқинлашди ва:

– Зоҳида келин, бу ёққа кел, – деди овозини кўтариб.

Йиғлайвериб кўзлари шишиб кетган Зоҳида итоаткорлик билан Рўзигул момонинг олдига келди.

– Оналар болаларини қарғамайди, билдингми? Энангга тик боқиб, туҳмат қилгандан кўра, “тавба” де. Ботиржоннинг омон қолганига шукур қил. Ёдгоржоннинг ҳақига теккан бўлсанглар, кам қилмай жойига қўйинглар. Етимнинг ҳақини Аллоҳ беради, Аллоҳнинг инъомига хиёнат қилганнинг аҳволи не кечишини, мана, кўриб турибсан. Қачонки, етимнинг ҳурматини жойига қўймас экансан, биринг икки бўлмайди. Иккинчи овозингни кўтариб, шаллақилик қилма!

Зоҳида ўкраб йиғлаб юборди. У Бибихадичанинг тақинчоқларини олиб чиқиб, қайнонасига бераркан:

– 50 граммлик тилла занжирини сотиб, янги уйга пардалар олгандим, қайтарарман, – деди надомат билан. – Нафақа пуллари... Ўша пулга дўкон қурган эдик...

Офат етган хонадонга кечки ош-овқат олиб чиққан қўшнилар донг қотиб қолишди. Сорабиби эна эса унсиз йиғлар, олдида бош эгиб ўтирган келинига, нарироқда ер чизиб қолган ўғли Нодирга бирон гап айтишдан ожиз эди. Нодирнинг қулоқлари остида онасининг сўзлари тинмай акс-садо берарди:

–Етимнинг ҳақи етти дарёни қуритади... қуритади... қуритади!

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019