“ОНАМ ЎГАЙ ЭМАС”
(Ҳаётий ҳикоя)
Яқинда дугонам Наргизанинг онаси Санобар опанинг ўгайлигини эшитиб, тўғриси, хайрон қолдим. Қизларига шунчалар меҳрбонки, бировнинг боласини “болам”, деб бағрига босиш учун инсон, менимча, жуда кучли бўлиши керак. Санобар опанинг иродасига қойил қолдим.
Наргизалар биз 2-синфда ўқиётганимизда кўчиб келишган. Бешта опа-сингилни Санобар опа оқ ювиб-оқ тараб, ўгайлигини билдирмай катта қилган. Бир мен эмас, опанинг ўгайлигини эшитиб, бошқалар ҳам ҳайрон қолишди. Чунки шунча йиллар давомида уларни таниганлар опанинг ўгайлигини бирор марта бўлсаям сезишмаган.
Бу орада Собир ака ҳам ўтиб қолдилар, аёл боши билан эрининг маъракаларини ўтказди. Собир ака якка ўғил бўлгани учун ака-укалари йўқ эди.
Онамнинг айтишича, катта қизи Наргиза 6 ёшда, кенжаси Ёдгора энди туғилган чақалоқ экан. Онаси бешинчи қизини дунёга келтираётганида, туғруқ пайтида вафот этган экан. Собир ака қизлари ва 1 кунлик чақалоқ билан чирқиллаб қолаверган. Чақалоққа қараш маъракалари ўтгунча қийинчилик туғдирмади. Қариндошларининг бири чақалоққа қараса, яна бири болаларни овқатлантириб туришган. Маъракалар ўтиб, қариндош-уруғлар уй-уйига тарқалишгач, Собир ака чақалоққа қараш қанчалик қийинлигини билди. У болани 5-6 ой амаллади. Унинг қийналиб қолганини кўрган яқинлари қараб туришмади. Маслаҳатлашиб, Собир акани Санобар исмли, бефарзандлик туфайли эридан ажрашган жувонга уйлантириб қўйишди. Ҳар бир қийинчиликнинг охири хайрли, деб бекор айтишмаган экан. Санобар опа меҳрибон ва болажон аёл бўлиб чиқди. Ўзи фарзандли бўлолмагани учун қизларга бор меҳрини берди.
– Ўзи фарзанд кўрмаган аёл бола қадрини билмайди, дейишади. Аслида қадрни ҳам, меҳрни ҳам худойим кўнгилга солар экан-да. Баъзи оналар бор, ўзи туққан фарзандларига меҳр бермайди, – деб куйиниб гапирарди онам.
Катта қизи, дугонам Наргиза билан кенжаси Ёдгора олий маълумотли, Насиба, Нафиса, Умидалар ҳунарли бўлишди. Бичиш-тўқиш қўлидан келгани учун Санобар опа қизларини ёнига олиб қўни-қўшнилардан, танишлардан буюртма ола бошлади. Тикканлари маъқул келди шекилли, қўшнилар невараларини, қизларини етаклаб Санобар опага опкелишарди, шогирд қилиб олинг, деб. Уйининг бир хонасида тикувчиликни бошлаган Санобар опанинг ҳозирги кунда туман марказида катта тикув цехи бор. Юзлаб шогирдлар чиқарди. Тикув цехида 50 га яқин аёл-қизлар ишлашади. Болалар боғчалари ва касалхоналарга ёстиқ-кўрпа жилдлари, корхона-ташкилотлар ишчиларига иш кийимлари тикишади. Шу касби орқасидан эл орасида обрў топди. Маҳалламизда ҳам опани ҳамма ҳурмат қилишади. Иккала қизини шу маҳалладагилар келин қилишган. Учинчи, тўртинчи қизларини ҳам узатди, яхши қиз маҳалладан чиқмас, деганлари шу бўлса керак. Яқинда кенжаси Ёдгорани ўзи билан институтда ўқийдиган йигитга унаштиришди. Қизининг барча сепларини тахт қилиб қўйибди, кам-у кўстсиз қилиб. Фақат бир иш қолди.
Санобар опанинг юрагини зил босиб турган ҳақиқатни айтиш керак Ёдгорага. Ёдгора ақлли, одобли қиз, ҳаммасини тўғри тушунади. Кейин Ёдгора иккаласи Собир аканинг ва қизларнинг туққан оналари Салима опа қабрини зиёрат қилишади. Ёдгора ота-онасидан оқ фотиҳа олади. Санобар опа тўртта қизини узатаётганида ҳам шундай қилган.
Лекин Ёдгора жуда таъсирчан, дадасининг ўлимидан кейин анча вақт ўзига келолмай юрди. Қизини яхши билган Санобар опа бу сафар эртароқ айтишга қарор қилди. Ёдгоранинг аҳволи бир ҳол, онаники ундан баттар.
– Сиз менинг онамсиз, сиз туққансиз мени, сиз ўгаймассиз. Сени мен туққанман, денг. Онажон, шу ҳақиқатни бир умр билмай ўтсам рози эдим! – Она-бола йиғлашди жуда узоқ. Чарчаб, ухлаб қолишди.
Эртасига тонг бошқача отди, уларнинг муносабатлари олдингидай қолармикан, она шуларни ўйлаб куйинарди. Ёдгора ювиниб, нонуштага ўтираркан, ҳар кунгидай онасини қучиб, юзидан ўпиб қўйди. Кўзидан чиққан икки томчи ёшини қизига кўрсатмасликка ҳаракат қилаётган Санобар опанинг қўллари қалтирарди. Буни сезган Ёдгора:
– Онажон, бугун сизга ўзим чой қуйиб бераман, – деди бошқача меҳр билан. Нонуштадан кейин она-бола қабристонга йўл олишди. Санобар опа Салима опадан миннатдор, бешта қизни туғиб бергани учун. Ёдгора дадасидан миннатдор, шундай оқила аёлни қизларига она қилиб олгани учун.
“Уч қизни тарбиялаб, эгасига топширган ота-она жаннатга тушаркан”. Санобар опа эса беш қизни тўғри тарбиялаб, эгаларига топширди. Улар бу дунёнинг жаннати аёллари, десак муболаға бўлмас. Гуруч курмаксиз бўлмаганидек, ён-атрофимизда золим, ўгай оналар ҳам учраб туради. Ундайлар Санобар опага ўхшаганлардан ибрат олса арзийди. Улар яна бир марта қилаётган ишлари, айтаётган гаплари, бегуноҳ етимларга кўрсатаётган зулмлари ҳақида ўйлаб кўришса бўларди.
Нодира ЯНГИБОЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶