"МЕНИНГ БИРИНЧИ КУТУБХОНАМ" ЛОЙИҲАСИ БОЛАЛАРНИ ЭРТА ЁШДАН КИТОБХОНЛИККА ҚИЗИҚТИРИШГА ХИЗМАТ ҚИЛАДИ
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманидаги 40-сонли мактабгача таълим ташкилотида “Болангиз билан китоб ўқинг” акцияси доирасида “Менинг биринчи кутубхонам” лойиҳаси амалга оширилди.
Шу муносабат билан ташкил қилинган тадбирда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Фируза Муҳамеджанова иштирок этиб, бундай лойиҳаларнинг ёш авлод тарбиясидаги аҳамияти хусусида алоҳида тўхталиб ўтди. У китоб ўқиш боланинг фикрлаш қобилиятини ўстириш, нутқини ривожлантириш ва маънавий оламини бойитишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. Тадбир доирасида болаларга мўлжалланган энг сара адабиётлардан иборат китоб жавони муассасага совға қилинди.
Тадқиқотларга кўра, ҳар куни 15 дақиқа давомида китоб ўқиш боланинг тил ривожи, миянинг иш қобилияти ва мактабга тайёргарликда сезиларли натижа беради. Шу боис дунёда энг кўп китоб ўқийдиган халқлар яшовчи давлатларда ёш авлодни китобга қизиқтиришнинг дастлабки даври, яъни китоб билан таништириш даври бола туғилганидан бошлаб 3 ёшгача этиб белгиланган. Ўзбекистонда эса болаларни китобга қизиқтириш даври 3 ёшдан бошланади.
Лойиҳанинг асосий мақсадлари миллий контентни ривожлантиришда болалар китобхонлигини қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратиш, болаларнинг мурғак ёшидан бошлаб ота-оналари билан биргаликда китоб ўқишини аҳоли ўртасида оммалаштириш, болалар учун мўлжалланган адабиётларни чоп этаётган нашриётларни моддий ва маънавий рағбатлантириш ҳамда оилавий мутолаа анъанасини тиклаш ва ривожлантиришдир. Китобхон ёшлар сафини кенгайтириш орқали эса болаларнинг дунёқараши, маънавияти ва интеллектуал салоҳиятини оширишга ҳисса қўшиш кўзда тутилган.
Тадбир доирасида ота-оналар ҳамда тарбиячилар учун “Маҳорат дарслари” ўтказилиб, болалар учун китоб танлаш ҳамда уларни ўқиб беришда нималарга эътибор қаратиш кераклигига оид маслаҳатлар берилди. Муассаса тарбияланувчилари ва уларнинг ота-оналари учун бир қатор маданий-маърифий дастурлар ташкил этилди. Болалар учун эртак ўқиб бериш машғулотлари ва китоблар кўргазмаси шулар жумласидандир. Болалар ўзларининг энг севимли китоблари ҳақида ҳикоялар сўзлаб, китоб мутолаасининг фойдаси ҳақида ота-оналари билан фикр алмашиш имкониятига эга бўлдилар.
Лойиҳадан болаларни, уларнинг ота-оналарни мамлакатимизда чоп этилаётган адабиётлар билан яқиндан таништириш, мактабгача таълим ташкилотларида ўзбек ва жаҳон адабиётига мансуб болалар учун мўлжалланган китоб жавонларини ташкил қилиш ҳамда бу ташаббусни умуммиллий ҳаракатга айлантириш, болалар адабиёти тарғиботига кўмаклашиш ва энг муҳими, ҳар бир хонадонда оилавий кутубхоналарни ташкил этиш каби улуғвор мақсадлар кўзланган.
Мазкур лойиҳа бошқа туманларда ҳам давом эттирилиши режалаштирилган бўлиб, бу ўз навбатида ёш авлод тарбиясида китобнинг ўрнини янада мустаҳкамлашига хизмат қилади.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶