ТУРСУНБОЙ САЛОМЧИ
Ҳаётда шундай инсонлар борки, улар билан бир зум учрашиб, суҳбат қуришнинг ўзида ҳаёт гўзаллигини, яшаш завқини, эртанги кунга бўлган улкан ишончни ҳис қиласиз. Бўлиб ўтган суҳбатдан кўнглингиз кўтарилиб, барчага нисбатан илиқлик туясиз.
Бугунги мақоламиз ана шундай инсон ҳақида. Мақоламиз қаҳрамони – устоз-мураббий, моҳир нотиқ, шоир-ҳикоянавис Турсунбой ака Абдуллаев. Бир одамда шунча яхши хислатларнинг жам бўлгани сизни ажаблантираётган бўлса, мақоламизни диққат билан ўқинг, тан берсангиз, биз ҳам хурсанд бўламиз.
Турсунбой Абдуллаев 1951 йилнинг 20 октябрида туманимизнинг Хитой қишлоғида туғилди. Отаси Абдулла ака, онаси Ойим опа ўғилларини оқ ювиб, оқ тараб вояга етказди. У ўзининг илк меҳнат фаолиятини 1966 йилда Пушкин номли, ҳозирги 2-сонли мактабнинг 10-синфини тугатиб, собиқ Охунбобоев номли колхозда ҳисобчи бўлиб ишлашдан бошлади.
Илмга чанқоқ йигит кейинчалик Тошкент давлат университетининг филология факультети сиртқи бўлимига ўқишга кирди. Ўқитувчилик фаолиятини 1970 йилда туманимиздаги 19-сонли мактабда ишлашдан бошлади. Шу билан бирга 1976-79 йилларда ёшлар ташкилотининг котиби вазифасида ҳам фаолият олиб борди.
Ўқитувчилик фаолиятини 1979 йилда 2-сонли мактабда давом эттирди. 2003-2007 йилларда шу мактабда директорлик лавозимида ишлаб, нафақага чиқди.
Тажрибали устоз ҳозирги кунда ҳам шогирдлар даврасида тез-тез бўлиб, улардан қимматли ўгитларини аямайди. Шогирдлари ҳам унинг иззат-ҳурматини жойига қўйишади.
Турсунбой ака маҳалланинг энг фаол аъзоларидан бири. У Хитой овул фуқаролар йиғинида бўлиб ўтадиган маданий-маърифий ишларга бош-қош. Бундай ишларда ўзи ташаббускор, ўзи ижрочи, ўзи ташкилотчи бўлиб, ёшларга ибрат кўрсатиб келмоқда. Зеро, Хитой қишлоғининг бугунгидек гуллаб-яшнашида Турсунбой акадек фидойи инсонларнинг ҳиссалари салмоқли бўлмоқда.
Шу билан бир қаторда Турсунбой ака оилада меҳрибон, фарзандларга ўрнак бўлгувчи ота ҳамдир. Улар Энажон опа билан бахтли турмуш кечириб 2 ўғил, 5 қизнинг кўнгли тўқ ота-оналари бўлишди. Ҳаммалари уйли-жойли бўлишиб, ҳаётда ўз ўринларини топиб кетишган. 20 нафар невара, 2 нафар чевара вояга етмоқда.
Устоз-мураббий нимагаки қўл урса, барчаси кўнгилдагидек битади. Оила томорқаси саранжом-саришта. Уй олдидаги турли хил мевали дарахтлар гуллаб, мева тугиб ётибди. Фарзандлар бир-бирига меҳрибон. Оталарининг ҳурматини жойига қўйиб оппоқ рангли “Нексия” автомобилини совға қилишган.
Турсунбой ака мактабда ўқитувчилик қила бошлаганидан буён бадиий ижоддан қўл узмайди. Унинг шеърлари республика ва туман газеталари саҳифаларида узлуксиз тарзда ёритилиб келинмоқда. Ҳар бир байрам, муҳим саналар муносабати билан ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиб, бу кўринишлар Амударё телевидениесида мунтазам ёритиб келинмоқда.
Бадиий адабиёт ва она тили ўқитиш услуби ҳақидаги рисолалари барчага таниш. Турсунбой ака бир неча ўнлаб ҳикоя ва ҳажвияларнинг ҳам муаллифидир.
Яна бир муҳим гап – мақоламизга бежизга “Турсунбой саломчи” деб мавзу танламадик. Тўй бошловчилик қобилияти устознинг энг алоҳида, асосий кўзга ташланадиган хислатларидан биридир. У 1975 йилдан никоҳ тўйларида қатнашиб, тўй кечаларида бошловчилик қила бошлаган эди. Эҳ-ҳе, орадан қанча йиллар ўтди. Турсунбой саломчи бошқарган тўйлардаги келин-куёвларнинг катта фарзандлари ҳозирги кунда 45 ёшдан ошиб кетди.
Тўйларда удумимизга кўра, келин келган уйда келин салом айтиш, айтганда ҳам салом олувчиларнинг касбига, характерига, ташқи кўринишларига, тўй бераётган уй эгаларига қай жиҳатдан қариндошлигига қараб, ҳеч кимнинг кўнглини оғритмайдиган, ранжитмайдиган қилиб ўрнига қўйишнинг ўзи бўлмайди.
Келин салом тўй базмига уланиб кетгач, 4-5 соатгача давом этадиган никоҳ тўйида бошловчи бўлиб, меҳмонларни зериктирмай, тинимсиз нотиқлик қилиб, йиғилганларнинг кўнглини олиш осон иш эмас.
Бундай хусусиятга эга бўлиш, деярли 45 йилдан буён эл эътиборидан тушмай, ҳурматга сазовор бўлиб юриш барчага насиб этавермайди. Бироқ Турсунбой ака шундай мартабага эришди.
Ўқиди, ўрганди, барча билан иззат-ҳурматда бўлди.
Маданиятнинг энг кучли омилларидан бири – нотиқлик, дейдилар. Турсунбой ака нотиқликни маданият даражасига кўтарган инсон. Яна бир жойда: “чиройли гапириш қадр топмаган жамиятда риторика – сўз риёкорлиги – маҳмадоналик ҳоким бўлиб қолади”, дейилган. Устоз бор даврада сўз қадри ҳамиша юксак бўлди.
2013 йилда шоир Аҳмад Нафасовнинг “Саломчи – менинг унвоним” номли китоби чоп этилди. Бу китоб Турсунбой саломчи ҳақида. Бошқаларни билмадим-у, бошқа касб эгалари ҳақида кўплаб китобларни ўқиганман, аммо оддий саломчи ҳақида бутун бошли китоб ёзиш... Демак, устоз шунга лойиқ.
Турсунбой аканинг оилавий альбомини, бисотидаги суратларини томоша қилиб, ҳайратга тушасиз. Бу суратларда қанчадан-қанча буюк зотлар муҳрланган. Турсунбой ака ўзининг яхши хислатлари билан уларга яқин бўлаолган, дўст тутинган. Давраларни бирга ўтказишган. Булар машҳур ҳофизлар, бахшилар, шоир-ёзувчилар, сўз усталари, таниқли санъаткорлар, эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган инсонлар.
Турсунбой ака уларнинг ҳар бири билан қанчалик дўст, ҳамфикр бўлаолгани диққатга сазовор. Турсунбой ака ҳақида мақола тайёрлаш борасида республикамиз ҳамда қўшни Хоразм вилоятида яшовчи элга таниқли инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлдик. Устоз ҳақида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, машҳур қўшиқчи-шоир Ошиқ Эркин (Мадраҳимов), овоз ёзиш устаси Озод Ҳайитов, Хоразм вилоят телевидениесининг режиссёри Умрбек Шомуродов, шифокор Тожибой ҳожи Бозорбоев, шоир Аҳмад Нафас, Элликқалъа тумани ҳокимининг маънавият ишлари бўйича ўринбосари Ҳожибой Сотлиқов, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Маҳалла ифтихори”кўкрак нишони соҳибаси Хонимжон Ражабовалар жуда илиқ фикрларни билдирдилар.

Бундай юксак эътирофларга сазовор бўлиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди.
Устоз қунт билан ўқиб-ўрганиб, араб ёзуви асосидаги эски ўзбек ёзувини ҳам мукаммал ўзлаштирди. У нуронийлар орасида исломий маърифат мавзусида бемалол фикр юрита олади.
Мақоламиз қаҳрамони Турсунбой ака Абдуллаев бу йил муборак 70 ёшни қаршилаш арафасида.
Биз ҳам бир ихлос қўйган шогирд сифатида муҳтарам устозга узоқ умр, ижодларида баркамоллик, мустаҳкам сиҳат-саломатлик тилаймиз.
Ўрозали РЕЙИМОВ.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶