“БОБУРНОМА” – ЖАҲОН АДАБИЁТИНИНГ ДУРДОНА АСАРЛАРИДАН БИРИ
Ҳар гал адиб номини жаҳонга машҳур этган “Бобурнома” асарини, айрилиқ дарди уфуриб турган дилбар ғазалларини, адибнинг ҳаёти тўғрисида ёзилган Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” асарини ўқир эканмиз, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг нақадар буюк шахс эканлигига яна бир бор иқрор бўламиз.
Бобур дунёни ҳайратга сола олган йирик давлат ва маданият арбоби, моҳир саркарда, донишманд тарихчи, заковатли олим ва таржимон ҳамдир. Мураккаб ва зиддиятли ҳаёти ўспиринликдан то умрининг охиригача давом этиб, жанг-у жадаллар, сарсон-саргашталик, зафар ва мағлубият, ижод-у бунёдкорлик оғушида кечди.
Аждодларидан мерос жанг сирлари, йиллар давомида тўплаган тажрибаси ҳамда тақдирнинг берган аччиқ сабоқлари ёрдамида Бобур ҳинд диёрида Европада кейинчалик “Буюк мўғул империяси” деб аталган улкан салтанатга асос солди. Бобур ва бобурийларнинг ҳукмдорлиги Ҳиндистон тарихида жуда катта ижобий аҳамият касб этди. Бобур Ҳиндистондаги дин-мазҳаб жанжалларининг олдини олишга, мамлакатда осойишталик қарор топтиришга уринди.
Бобур халқимизнинг ҳар жиҳатдан етук, ғоят истеъдодли фарзанди эди. У ўта нотинч, саргардонликда кечган умрини зўр салоҳияти туфайли жозибали қила олган буюк шахс. Унинг ҳаёти фақат жанглар билангина эмас, илҳомий онлар билан ҳам тўла эди. Умр бўйи ажойиб шеърлар ёзди, девон тартиб қилди. З.М.Бобурнинг “Бобурнома” асари нафақат ўзбек адабиёти, балки жаҳон адабиётининг эътирофига сазовор асар саналади. Бу мемуар асарида Бобур ўн икки ёшида тахтга чиқишидан бошлаб, умрининг охиригача бошидан ўтказганларини, кўрган-кечирганлари, гувоҳи бўлган воқеаларни сиёсатчи, давлат арбоби, олим, сайёҳ ва шоир нигоҳи билан таҳлил этади. Шунинг учун бу асар тарих, этнография, география, тилшунослик, адабиётшунослик ва бошқа фанлар учун бирдай манба бўла олади.
Фарида ЕНДИРБОЕВА,
3-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶