ЯХШИЛИК ЕРДА ҚОЛМАЙДИ
Болалар катта бўлгани сари ота-онасига ёрдамчи бўлиб, қўлидан ишини олишга уринади. Анвар ҳам отасининг ўнг қўлига айланган, қўл-оёғи чаққон бола. У ҳар куни эрта билан сигирларни ўтлатиш учун далага ҳайдаб юбориб, онасига нонушта тайёрлашда ҳам ёрдам беради. Чунки унинг опаси ва синглиси йўқ. Нонушта қилиб бўлгач, ота-онаси ишига, Анвар мактабига йўл олади. У кунора синф раҳбари Санобар Абдуллаевадан дакки эшитади. Сабаби у қанчалик уринмасин, мактабга кеч қолиб келарди. Анвар нима қилсин, оилада ёлғиз фарзанд бўлса. Ота-онаси ҳам ишли одамлар, ёрдам бермаса бўлмайди-да. Бугун ҳам мактабга келаётган эди. Бирданига унинг кўзи йўлнинг бир чеккасида ҳансираб ўтирган кекса аёлга тушди. Соатига қараса, дарсга қўнғироқ чалинишига 5 дақиқа қолган. У таваккал қилиб аёл томонга югуриб борди ва тикланишига ёрдамлашди. Ёнгинасидаги касалхонага боргунча етаклаб борди. Касалхонадан чиқиб мактаби томон борар экан, соатига қараб қўйди: иккинчи дарс тугаб, учинчи дарс бошланган. Мактабга бормай деса, уйида онаси “нимага эрта келдинг, бирон нарса бўлдими?” деб сўраб ҳоли-жонига қўймайди. Ундан кўра ўқитувчимдан озгина дакки еганим яхши, деб мактабга келди.
Синф хона эшиги қия очиқ экан. Анвар секин мўралаб қаради, она тили дарси, Санобар опа дарсни тушунтираётганди. Анвар секин қия очиқ турган эшикни очди ва киришга рухсат сўради. Анварни кўриб, Санобар опа таажжубга тушди:
– Келсинлар. Намунча бугун эрта келибсиз. Ҳали эрта эмасми, Исмоилов, – дея киноя билан койий бошлади.
– Нимага яна кеч келдинг? – жаҳли чиқди ўқитувчининг. Қўрқиб кетган Анвар йиғи аралаш бўлган воқеани айтиб берди. Буни эшитган устоз:
– Ҳа, кеч келишдан бошқа ёлғон ҳам гапираман дегин, – деб дарснинг охиригача уни бурчакка турғазиб қўйди. Дарсдан сўнг эса, унга синфхонани тартибга келтириш вазифаси топширилди. Анварнинг дарсга кечикиши ва устозидан дакки еб, дарслар тугагач, синф хонани тозалагани дарров мактаб ўқувчилари орасида гап бўлиб кетди.
Эртаси куни Анвар мактабга вақтида борди. Иккинчи соат она тили дарси эди. Синфга Санобар опа кириши билан Анварнинг юраги орқага тортиб кетди. Аммо негадир Санобар опа бугун хомуш эди. У аста Анварнинг ёнига келиб, уни бағрига босди ва мулойимлик билан:
– Раҳмат, раҳмат сенга болам, бахтинг бутун бўлсин, – дея йиғлаб юборди. Аввалига Анвар ўқитувчисининг нима учун бундай қилаётганини тушунмади. Кейин билса, у касалхонага олиб борган аёл Санобар устозининг онаси экан.
Қиссадан ҳисса шуки, ҳеч қачон яхшилик ерда қолмайди.
Озода ТЎЛИБОЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶