14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 09:16
Мақолалар 👁 886

Ҳаёти эртакларга кўчган халқ фидойиси

Ҳаёти эртакларга кўчган халқ фидойиси

Гурунглари одамнинг жони бўладиган кишилар кўп. Шундайларнинг бири, яқин танишим Жангабой ака Ражабовга қўнғироқ қилиб:

– Жангака, Тўлқиндаги Бекберган Ешмуродов деганни танийсиз-а? – дедим.

– Ҳа, албатта, у кишини “Бекаш дев” десангиз, Қипчоқ, Манғитда танимайдиган одам кам. “Боғонали” маҳалласидан. Тўлқинлик инженер дейдилар у кишини, – деди.

– Бўлмаса, ака, бир гурунглашиб келайлик шу инсон билан.

– Бўпти, сизлар дил қулфининг калити бўласизлар, мен суҳбатнинг “ўтёқари”, – деди ҳамишагидай қувноқ ҳазиллари билан Жангабой ака. Телефонда Бекберган аканинг қулай пайтини белгилаб, бордик.

– Ҳеч қандай тутум қилиб юрманг, 10-15 дақиқа суҳбатлашамиз, тасвирга оламиз, бўлди, – дедик.

– Келгунча ўз эркингизда эдингиз, меҳмонлар, энди бизнинг ихтиёримиздасиз, – деди мезбон бир-бир қучоқ очиб кўришар экан.

– Мезбонлардан бири меҳмондан шўрва қилайликми, паловми, деб сўраганида меҳмон: “қозонингиз биттагинами?” деган экан, – деб Жангабой ака ҳаммани кулдирди.

– Хўп, суҳбатни нимадан бошласак экан?

– Абдулла Қаҳҳорнинг “Ўтмишдан эртаклар”ини биласиз-а?

– Ҳа, ўқиганман. Ажойиб китоб.

– Сиз ҳам ўтмиш эртакларидан бошлайверинг. 1952 йилги дарё тошқинидан бошланг, – деди Жангабой ака.

– “Дев”лар Сизга эртак, бизга чин, – гап бошлади Бекаш ака. – Мен 1936 йил Қипчоқ элатининг “Боғонали” маҳалласида, туғилганман. Бобом Давлатмурод “дев”ни эслайман. Соқолли, савлатли одам эди. Ака-ука Ешмурод, Ешжон, Дўсжон, Бекжон “дев”лар – ҳаммаси оиласи билан бир ҳовлида яшардилар. Катта долонда ер ўчоққа дошқозон осилар, барчаси бир қозондан таомланар эди. Онамни ҳам Шукур “дев”, дер эдилар (“дев”ларнинг келини ҳам “дев” бўлади-да). У жуда ғайратли, ўктам аёл эди. Ўттиздан ортиқ жонга овқат пиширар, кичиги Бегжон “дев” ўт ёқар, катталар ёғоч товоқда бир товоқ-бир товоқ ёрмани ичиб қўяр эди.

Онамнинг айтишича, кейинчалик Дўсжон адлия соҳасида ишлаган. Ешжон фронтга борган, “ЗиС - 355” машинасини ҳайдаб Иккинчи жаҳон урушига жўнаб кетганича бедарак йўқолган.

Бегжон дурадгор, отам Ешмурод колхозчи бўлган. Онам тўққиз фарзанд кўрган, саккиз нафар боласи турли касалликлардан вафот этган. Менинг исмимни Беркберган (маҳкам, мустаҳкам қилиб берган маъносини англатади) қўйганларининг сабаби - ўлмасин, маҳкам бўлиб яшасин, деб тилаганлар, кейинчалик Бекберган тарзида ёзилиб кетган. Мактабга боргунимча мени одамларга кўрсатавермасдан (кўз тегади деган иримда) юрганлар. 4-синфдалигимда отам вафот этди. Онам иккимиз қолдик. Онам тонгда ишга кетар, шомда келарди. Мен мактабдан келиб мол боқардим. 13-14 ёшларимда чўт қоқиб, ҳисоб-китобни билганим учун уйимиз ёнидаги идорага чақиришди. Ҳисоб-китоб юритиб, маълумот (сводка) олардим, Қипчоққа бориб, ҳар кунги маълумотни топширардим. Онамга бир ярим, менга ярим меҳнат куни ҳақига буғдой, жўхори беришарди. Онам бир амаллаб сигирларни иккита қилди. Соғиб, сутини пишириб: “болам, сут совигач, кўзаларга ивитиб қўй”, деб ишга кетарди. Шомда келиб пиёзли патрак нонни оташкурак устига қўйиб, баъзан товага солиб пиширар эди, мен туриб қаймоқ билан еб олардим ва мактабга кетардим. Ошқозонимиз ҳам оғримасди.

Кенжа ака деган колхоз раиси тўй берди. Қурда ўтирган одамларга овқат тортилди. Шунда катта-катта йигитлар товоқ тортиб юрган одамларнинг қўлидан товоқни тортиб олганларини, товоқ қаерга тортилса, одамлар қурни бузиб, ўша ерга, товоқ тортганларнинг изидан юрганларини ўз кўзим билан кўрганман. Ҳозирги мўл-кўлчиликни исрофгарчиликка айлантириш катта гуноҳ.

Лойдан қилинган пойдевор устига тол тахталари қўлда ёрилиб, тизиб чиқилган уйимизда беш хона бўлиб, айвон ўртасига ўт ёқиб иситардик. Тепада туйнук бўлиб, хода билан итариб туйнукни очардик. Тутун чиқиб бўлгач, ходани тортиб, туйнукни ёпардик. Чўғга яқинроқ жойга сомон тўшаб, усти-бошимиз билан гоҳ у ён, гоҳ бу ён ағанаб ётамиз, сомон ҳам 4-5 кунда қотиб қолади, янгилаймиз, чипта тўшаймиз, шу тарзда қишдан чиқамиз. Ҳозиргидай кўп хонадонлардаги табиий газ, эшигимиз олдига келиб турган кўмир қаёқда?

1952 йили Назархон овулини сув (тошқин) олди. Сув тошқинида азият чеккан аҳолига ёрдам бериш учун Назархон овулига 300 нафар киши жўнатилди. Мен онамнинг ўрнига борадиган бўлдим. Уйлар, чердаклар сув тагида қолган, одам бўлса, қутқаришимиз керак. Одам йўқ, товуқлар, итлар, моллар бор эди. Тиззадан сув кечиб борган бўлсак, қайтгунимизча томоғимизга келадиган бўлибди. Кийимимизни бошимизга кўтариб кечаси билан сув кечиб, тонгда қумга чиқдик. Ҳаммамиз таппа-таппа ташлаб, тушгача ухлаб қолибмиз. Ўша пайтдаги райижроқўм раиси Султон Тўрамуродов бизларни машиналарга миндириб, уйимизга жўнатди. Ана шунда машина ҳайдашга ҳавасим тушган экан. Колхоздаги машина ҳайдовчиларидан бирига шогирд бўлиб ишга кирдим. Газ-П, ЗиС-355, ЗиЛ-150, Газ-69 – шу замондаги барча русумдаги машиналарни ҳайдаганман.

– Кездим, армоним қолмади, десангиз-а, – дейди Жангабой ака.

– Моторли электр станция билан овулимизни ёритишда хизматларим бор. Сиртдан Нукус қишлоқ хўжалик техникумида ўқидим. Битказиб, 1968 йилдан назоратчи-механик, устахона мудири вазифаларида ишладим.

1975-1996 йилларда бош муҳандис лавозимида ишлаб, нафақага чиқдим.

– Роса пахтазорда жавлон урибсиз-да.

– Пахта, чорва, йўл қурилишида, колхоздаги барча қурилишларда биз ҳам бормиз.

–“Амударё ҳақиқати” газетасининг 2006 йилги сонларидан бирида Қобул Шомуродовнинг лавҳасида: “Техника потенциали жиҳатдан туманимизда ҳеч бир пахтачилик хўжалиги собиқ “Коммунизм” колхози (ҳозирги “Тўлқин” ММТП) билан баҳслаша олмайди”, – деган жумла бор. Сизнинг хизматларингиз алоҳида таъкидланган.

– Тўғри. Раҳмат-э укалар, қандай зўр одамлар билан ишлашдик-а. Чўтбой Усмонов, Раим Ваисов, Жўллибой Соғинбоев, Мажид Матназаров, Холбой Болтабоев, Ким Марк – буларнинг ишларини қаҳрамонлик, деб баҳоласа бўлар...

– Устоз-шогирдлар ҳақида ҳам гапирсангиз – дейди гурунгни иштиёқ билан тингларкан Аҳмад Нафас.

– Мендан олдин руль тутган, темир ушлаганларнинг барини устоз деб биламан. Уларнинг кўпчилиги боқий дунёда, охиратлари обод бўлсин! Шогирдларим ҳам жуда кўп. Хитойда Абдулла полвон Ўрозимбетов, Тиловбой Худойберганов, Қувондиқ Ғаниевлар билан бир даврда ишладик. Ҳозирги Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмонов ҳам ўз фаолиятини собиқ Манғит совхозида муҳандисликдан бошлаган шогирдларимдан.

Туркманистоннинг Кўҳна Урганч, Тошҳовуз, Бўлдимсоз туманларида, Хоразмнинг кўп туманларида ҳамкасб шогирдлар билан қалин алоқада бўлиб, тажриба алмашиб, эҳтиёт қисмлар олиш-бериш қилиб турардик. Ҳозир ҳам кўплари билан борди-келди қиламиз.

– Ҳукумат томонидан ҳам хизматларингиз баҳоланган бўлса керак...

– Албатта, Худога шукур. Машинада пахта тераётганимизда Шароф Рашидов, Қаллибек Камоловлар келиб, тоза терганимиз учун раҳмат айтишган! 1972 йилда “Меҳнат Қизил Байроқ” ордени, 1990 йилда “Меҳнат фахрийси”, 1993 йилда “Хизмат кўрсатган колхозчи” кўкрак нишони, бир неча фахрий ёрлиқлар “Урал” русумли мотоцикл, “Москвич” автомашинаси билан мукофотландим. Лекин бизлар мукофот оламиз, деб ўйламасдик. Биз шу ишни вақтида бажаришимиз керак деб, елиб-югураверардик. Миннат нелигини билмасдик.

– Кичик “дев”лар қалай, улар ҳам сиздек меҳнатсеварми? – ҳазил ила луқма ташлайди “ўтёқар”имиз.

– Худога беадад шукурлар бўлсин! Рафиқам Энажон (руҳи шод бўлгай) билан бирга 5 қиз, 4 ўғил фарзанд ўстирдик, 21 невара, 20 чеварамиз бор. Оилада онанинг ўрни бўлакча. Аёлим вафотидан сўнг уйландим.

Рафиқам Маликани фарзандларим ҳурмат қилади, “эна-эна”, деб парвона бўлишади. Тўнғич қизим Тўлғоной ва Зулфия, ўғлим Бахтиёрлар қарилик нафақасига чиқдилар.

– “Дев” деган лақабни қандай олгансиз? – дейди қизиқиб Аҳмад Нафас.

– “Боғонали”, “Туёқли”, “Босув”, “1-Тома”, “2-Тома”, “Агроном” каби овулларда ҳўкиз арава, от арава, эшак араваларда далаларга номбар (гўнгли тупроқ) чиқаришган. Ешмурод “дев”нинг отаси – катта бобомиз номбар тўла ҳўкиз аравани 4-5 киши айлантиролмай турганида баҳслашиб, бир ўзи айлантириб қўйган экан. Шундан сўнг “дев” лақабини олган.

– Сиз ҳам “дев”лик қилганмисиз?

– Мен ҳам жўраларимнинг қистови билан қурли тўйда курашга чиққанман. Хўжайлидан келган атоқли полвонни йиқитганимда кадхудо мукофотга бир қўй берса, тўйнинг созандалари, Ҳайитбой масхарабоз, Човдир доиракаш, Мурод сурнайчи, Ҳайитбой сурнайчилар ҳам бир қўй олиб берган. Маҳалладошлар, тенгқур жўралар роса зиёфат қилганмиз. Шу сабаб мени ҳам “дев” дейишган.

Бундан ташқари, пахта қуртига қарши ва дефолиация даврида самолётлар билан дори сепиларди. Биз эса қўлда бўённи челакка ботириб дори сепардик. Украинадан келиб самолётда дори сепадиган учувчилар: “ҳали ҳам тирикмисизлар?” – деб ҳазиллашардилар. Шунга қараганда биз “одам дев”лар эртаклардаги девлардан ҳам қорувли бўлган эканмиз-да!

Бекберган оғанинг ҳикоялари ҳақиқатан ҳам бугунги давр ёшлари учун эртак эди.

– Бугунги ўзгаришларни биз тушимизда ҳам кўрмас эдик, –дейди у завқланиб. – Клубга йиғилиб овозсиз, овозли киноларни кўриб, анграйиб ўтирардик. Ҳозир эса мана бу қўл телефонида дунёнинг у четини ҳам бемалол кўраверишади, ўқийман, ишлайман, деганнинг замони келди ҳозир. Пули етмай турганга кредит берса, ўзимизда ўқийсанми, чет элдами – марҳамат, деб турса, бундай халқига ғамхўр давлат қаерда бўлган? Бунинг қадрига етишимиз, шукур қилишимиз керак. “Кичик дев”ларга (невара-чевараларини назарда тутмоқда) ҳар нафас айтадиганимиз шу.

– Қани, энди улар билан ҳам саломлашайлик, кичик “дев”лар ҳам келсин...

Бекберган аканинг ўғил-қизлари, невара-чеваралари зални тўлғазишди.

– Ҳали кўплари келмади, бори билан саломлашиб қўяверасизларда.

Бекберган ака ва Малика онанинг фарзандларига Жангабой ака савол йўллайди.

– Кимсизлар?

– “Дев”лармиз! – бир овоздан жавоб беришди.

– Бахтиёр, Тўлғоной, Зулфия, Баҳодир, Зулхумор, Баҳром (жойи жаннатда бўлгай), Шарофат, Икром, Гулистонларнинг ўғил-қизлари, невараларининг, куёвлар-у келинларимизнинг туғилган кунларини нишонлайверсак, ярим йил байрам билан ўтади бизда, Худога шукур!, – дейди Бекаш ака.

– Сизни ёшдай кўринганингизга ота демай, ака деб атаймиз, – дейди Аҳмад Нафас.

– Бу йил ёзда отамнинг Минг ойлик тўйини нишонлаймиз, Худо хоҳласа, ана шунда келиб ота деб атайсизлар-да! – дейди жарангдор овозда шўх невараларидан бири.

– Ҳаммамизни омон-эсон етказсин ўша кунга! Шундай тилак билан хайрлашарканмиз, элимизда қанчалик кўп оддий, лекин улуғ инсонлар умр кечирадилар-а, деймиз бир-биримизга.

Бундай фидойиликлар Бекберган ака ва оиласининг эмас, бутун халқимизнинг тарихида бор-ку, улар ҳақида қанча ёзсак ҳам оз, деган фахр туйғулари кечади дилимиздан.

Турсунбой АБДУЛЛАЕВ, таълим фахрийси.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019