"ИСТАСАНГ БУ ФАЛАКДАН ОЙНИ ОЛИБ БЕРАМАН..."
Қиз боланинг ҳаётида янграйдиган бахт қўшиғи олдин - ёр-ёр, сўнг - алла.
"Йиғлама қиз, йиғлама, тўй сеники ёр-ёр..." дея бошланади, мустақил ҳаётнинг муқаддимаси. Ҳа, тўй уники. Аммо тўйдан кейинги ҳаёт ҳам уники!.. Қиз болани ожиза санаб, хоҳлаган тарафга палахмон тошидек "отиб" юборишингиз мумкин, лекин "отилган тош" қаерга бориб тушишини билмайсиз... Бугун сизга турли хом-хаёлли ваъдалар бераётган йигит, сизнинг тасаввурингиздаги оқ отли шаҳзода эртага "қурбақа шаҳзода"га айланиб қолиши ҳеч гап эмас. Шундай экан, умр савдосида таваккал қилишга шошилмаган маъқул.
Бахт қасрини яратишингда сенга ҳамроҳ бўла оладиган инсонни излаш, пешонангга ёзилган бахтни топиш ва оила қуриш - ҳаёт қонуни.
Бир марталик умрга йўлдош танлаш... Бу лотерея ўйинига ўхшайди. Нима чиқиши пешонангдан. Фақат, лотерея ютуқсиз чиқса, бошқа лотерея сотиб олиб, ўйинни давом эттириш мумкин. Умр йўлдош масаласида эса, ютуқсиз "лотерея"ни бошқасига алмаштириб, "ўйин"ни давом эттиролмайсиз. Масаланинг оғриқли нуқтаси шунда.
Бугун эл орасида юриб, турли миш-мишларни эшитиб қоламиз. Фалончининг қизининг тўйи бўлаётган экан, куёвни аммаси топиб берибди, ёки фалончини ўғлига холасининг қўшниси қиз топиб берибди, сингари. Эшитиб ҳайрон бўламан, бутун бошли умрингга ҳамроҳни бир ҳафта ичида топади-қўяди айримлар. Афсуски, ана шундай шошма-шошарлик билан қурилаётган оилаларнинг ҳаммасини ҳам бахтли яшаб кетаяпти деб айтолмаймиз.
... У ёш эди. Оиланинг катта қизи бўлгани учун ота-она тезроқ тенгини топиб узатиш пайига тушиб қолишди. Қизнинг севгани бор эди. “Шунга тегаман”, деб оёқ тираб туриб олди. Уйига келган бошқа совчиларнинг ҳаммасини қайтарди. Ўша севганига турмушга чиқди. Тўйдан олдин осмондаги ойни олиб беришга сўз берган куёв номардроқ чиқди. Келинга, ой осмонда тура-турсин, ерда ўсадиган бир дона атиргул ҳам совға қилмади. Бу ҳам камдай, ора-ора ичиб келиб, хотинига: "Сен фақат қиз туғишни биласан!" дея азоб берарди. Орадан вақтлар ўтди. Бетайин эр рўзғорни ҳам эплай олмади. Шўрлик аёл кун-у тун оғир меҳнатда, мавсумий ишларда ишлади. Шу тариқа у қирқдан ошар-ошмас, оғирроқ дардга йўлиқди. Ношуд эр барибир масъулиятни ҳис қилмади. Аёлни эса қариндош-уруғлари даволатмоқда...
Дарҳақиқат, оила қуриш фақат оқ кўйлак, қора костюм-шим кийиб, даврада ўтиришдан иборат эмас. Оила бу - ваъдага вафо дегани. Оила бу - ўн саккиз ёшдаги муҳаббатни, оқибатни умр охиригача асрай билиш дегани! "Йигит қасам ичмайди, йигитнинг сўзи қасам" деган қўшиқ бўларди олдинлари. Айрим ваъдабоз куёвларга тегишлидай бу қаторлар. Зеро, қўлингдан келадиган ишни ваъда бермас-дан ҳам қилиш мумкин. Қиз болага нима керак? Бир чимдим эътибор ва бир чимдим меҳр. Ҳаёти давомида унга ердаги бахтни, хотиржамликни бера олсангиз кифоя. Ой эса - осмонники...
Азиза МАДРАҲИМОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶