КУЧЛИ ИРОДА ВА ҚАТЪИЯТ СОҲИБИ
Инсон борки, ёруғ ниятлар, эзгу орзулар билан яшайди. Қалбида ана шу гўзал туйғулари борлиги учун ҳам у ҳаётни севади, янада ёрқин манзиллар томон интилади. Шунинг учун ҳам халқимиз интилувчан инсонлар ҳақида интилганга толъе ёр, дея таъриф беришади.
Амударё туманининг Бобур номли овул фуқаролар йиғинида яшовчи Олимжон Ўрозметов умумтаълим мактабини тугатганида ерга урса, осмонга сапчийдиган йигит эди. Дил тўла орзулар билан Тошкент шаҳрига, ўзи орзу қилган касб йўналиши бўйича олий маълумот олиш ниятида борган йигитнинг омади чопмадими, олийгоҳга ўқишга кираолмади. Лекин умидини сўндирмай, ўзи танлаган йўналиш бўйича Тошкент шаҳридаги матбаачилик касб-ҳунар билим юртига ўқишга кириб, мазкур билим даргоҳини 1995 йилда муваффақиятли тамомлади. Аммо, ишга келганда яна омади чопмади.
Ишдами, ўқишдами, баъзан омади юришмаса, тушкунликка тушиб, ҳамма нарсага қўл силтаб кетувчилар қанча! Лекин Олимжон тушкунликка тушмади. “Ҳали бутун ҳаётим олдинда, ҳаммаси яхши бўлади”, деган эзгу умидлар билан “Хоразм йўл қурилиш” масъулияти чекланган жамиятига қарашли Жумуртов тоғ-кон цехига ишга кирди.
Эпчил ва уддабурон, меҳнаткаш бўлган Олимжон қисқа фурсат ичида касбдошларининг ишончини қозонди. Смена, ойлик ва чораклик иш режаларини ортиғи билан уддалаб, ўз касбига меҳр қўйган Олимжон 2004 йилда иш жараёнидаги бахтсиз тасодиф туфайли чап қўлидан айрилиб қолди.
Тинимсиз, ойлаб даволанишлар, касбдошларининг меҳр-оқибати туфайли шифо топди, лекин бир умрга ногирон бўлиб қолди. Тиббий меҳнат экспертиза комиссиясининг хулосасига кўра 2-гуруҳ ногирони бўлиб қолган Олимжон Ўрозметов яна меҳнат майдонига, бири-бирига қадрдон бўлиб қолган “Хоразм йўл қурилиш” масъулияти чекланган жамияти ишчилари сафига қайтди.
Гарчи бир қўлидан айрилиб, 2-гуруҳ ногирони сифатида имконияти анча чекланган бўлса-да, жамоада ўз ўрнини топди. Ёлғиз қўли билан баъзи соғлом инсонлар бажараолмайдиган ишларни ҳам бемалол уддалаётган Олимжоннинг ҳаракатлари, интилишлари рағбатлантирилиб, Жумуртов тоғ-кон цехида оператор бўлиб ишлай бошлади. У бу ишни нафақат уддалади, балки ўз ишини интизомли тарзда амалга оширувчи масъулиятли операторга айланди.
Олимжон Ўрозметов оилапарвар умр йўлдоши, бири-биридан ақлли-ҳушли 5 нафар ўғил-қизнинг севимли отаси. У ишдан бўш вақтларида томорқа хўжалигида деҳқончилик билан шуғулланади. “Мен ногиронман, давлат ногиронлик нафақасини бериб қўйибди”, демайди. Аксинча фарзандларига бош бўлиб, эрта баҳордан то кеч кузгача ишдан бўш вақтларида, дам олиш кунларида экин-тикин парвариши билан банд бўлади.
Мўъжазгина боғида барқ уриб ўсаётган, шиғил мевага кирган олма-ю узум, нашвати-ю олча, олхўри, ўрикдан оила эҳтиёжига яраша ҳосил олади, ортганини бозорга олиб чиқади. Паррандаси-ю чорвасидан, полиз ва сабзавот экинларидан ҳам мўл-кўл даромад олади. Унинг интилувчанлиги ва серҳаракатлигини кўрганлар:
- Ногиронлик нафақасини олиб турган бўлсанг, жонингни қийнайвериб нима қиласан, - дейишади баъзан. Бундай дегувчиларга Олимжоннинг жавоби ҳам тайин:
- Худога минг шукурки, битта қўлим соғ, имкони борича ўзимни ва оиламни моддий таъминлашга ҳозирча қурбим етади, бекор ўтириб қолишдан асрасин, - дейди қатъият билан.
Олимжоннинг бир қўли билан кетмонни мўлжалга аниқ уришлари, бемалол ўт ўришлари, ҳатто белкуракни ҳам соғлом одамлардай тутиб, иш юритишларидан билдикки, интилиш, эзгу ниятлар оғушида яшаш инсонга наинки куч бағишлайди, балки қатъиятли ва иродали бўлишга ҳам ундайди. Олимжон Ўрозметов ана шундай қатъият ва ирода соҳиби.
Робия Йўлдошева.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶