ХИТОЙ ҚИШЛОҒИНИНГ ФАЙЗЛИ ХОНАДОНИ
Ҳаётда яхши инсон бўлиб яшаш, қўни-қўшни, маҳалла-кўйда иззат-эътиборга сазовор бўлмоқ, оиласида атрофидагилар ҳавас қилгулик турмуш тарзини шакллантириш осон эмас. Бунинг учун инсонда, аввало ўзига нисбатан қатъий ишонч ва ирода, масъулият ҳисси бўлмоғи жоиз. Оилавий ҳаёт жараёнида қийинчиликларга бардошли, шу билан бирга яқинлари тақдирига эътиборли, фарзандларга меҳр-муҳаббат билан тарбия бераоладиган инсонларгина эл-юрт ардоғига, ҳурматига сазовор бўлади.
Амударё туманининг қайси қишлоғи, маҳалласида бўлманг, бири-биридан ибратли, ўзгалар эътиборига муносиб оилалар борлигига қалбингизда ҳавас уйғонади. Хусусан, туманнинг Хитой қишлоғидаги хонадонларда бўлсангиз, албатта, неча юз йиллардан бери бири-бирига қондош-жигарбанд бўлиб яшаб келаётган аҳил ва иноқ, меҳмондўст оилалар турмуш тарзи билан танишиб, кўнглингиз тоғдай юксалади: шундай элдошларингиз борлигидан фахрланасиз.
“Менинг оилам” газетаси таҳририяти йўлланмаси билан Хитой қишлоғилик Файзулла оға Нуримбетов хонадонида бўлдик. Хонадон соҳиби Файзулла оғани ҳамқишлоқлари “домла” дея эъзозлашларидан билдикки, отахоннинг таълим-тарбия соҳасига анча-мунча меҳнати сингган.
Оддийгина деҳқон оиласида дунёга келган Файзулла Нуримбетов болалиги, ёшлик даврларини алоҳида мамнуният билан хотирлайди. Собиқ совет колхозида тракторчи бўлиб ишлаган отаси Юсуф Нуримбетовнинг пахта териш машинасини моҳирлик билан бошқаришларига ҳавас қилиб, бўш вақтини отасининг ёнида ўтказишга ҳаракат қилар, техникани бошқаришни ҳам бинойидай уддаларди. Мактаб дарсликларини пухта ўзлаштириб, ҳар куни “аъло” баҳо олиб келаётган ўғлининг интилишларидан қувонган отаси:
– Болам, – деди бир куни қатъият билан, – биз онанг иккаламиз рўзғор ташвишлари билан бўлиб ўқиёлмадик, сен, албатта, ўқишинг керак, ўқиган –ўзар, деб бекор айтишмаган. Ўқимишли бўлсанг, келажакда фарзандларинг ҳам сендан ўрнак олади.
Вақт ўтиб, Файзулла ота-онасининг орзусини амалга оширди. Қўлидан китоби тушмайдиган Юсуф тракторчининг ўғли умумтаълим мактабини муваффақиятли тугатиб, Қорақалпоқ Давлат Университетининг физика факультетига ўқишга кирди. 1983 йилда мазкур олийгоҳни физика фани ўқитувчиси мутахассислиги бўйича тамомлаган Файзулла оға Нуримбетов Хитой қишлоғидаги 21-сонли умумтаълим мактабида то нафақага чиққунига қадар, 38 йил давомида ёшларга таълим-тарбия берди. Умр йўлдоши Гулбаҳор опа Абдураҳмонова билан турмуш қуришганларига ҳам ҳаш-паш дегунча салкам 40 йил бўлибди.
– Чечангиз Тошкент Давлат Университетининг (ҳозирги ЎзМУ) математика факультетини тамомлаган, – дейди Файзулла оға, – шу опангиз туфайли, тўғриси, оила қўрғонимиз мустаҳкам.
Бир қишлоқда, бир маҳаллада туғилиб-ўсган Файзулла оға билан Гулбаҳор опа ҳамжиҳатликда яшаб, 4 нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказишди. 31 йил давомида 21-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларга математика илмидан сабоқ берган Гулбаҳор опа Абдураҳмоновадаги уддабуронлик, меҳр-оқибат, қатъиятлилик ва самимият ҳамда интилувчанлик хислатлари бугун фарзандларига ўтган. Оиланинг катта фарзанди Жаҳонгир Нуримбетов математика фани ўқитувчиси. У бир вақтнинг ўзида 21-сонли умумтаълим мактабида ўқувчи-ёшларга математика фанидан сабоқ бериш билан бирга, мактабнинг математика фанига қизиқувчи ёшларига алоҳида махсус машғулотлар ҳам олиб боради. 15-сонли мактабда ташкил этилган “Математика билимдонлари” вариатив ўқув синфида ҳам дарс ўтади. Ўқувчилари ҳар йили мамлакатимиздаги турли ОТМларга ўқишга киришаётганларидан мамнун. Гулбаҳор опанинг шогирдларининг кўпчилиги эса бугун эл-юрт назаридаги инсонлар. Азизахон Шомуродова, Хонзодахон Олламова, Ёдгорбек Ашировлар бугун ўз меҳнатлари билан обрў-эътибор қозонишган.
Гулбаҳор опа шогирдлари эришаётган ютуқларидан фахрланиб сўзларкан, ҳаётдаги ва педагогика соҳасидаги азиз устози, хитойликларнинг деярли ярмига маънавият сирларини ўргатган марҳум отаси Мавлон Абдураҳмоновни меҳр билан хотирлайди. Оиладаги 10 нафар фарзанднинг учинчиси бўлган Гулбаҳор Абдураҳмонова ўз фаолияти давомида бир неча марта Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Халқ таълими Вазирлигининг фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганлар.
Файзулла оға билан Гулбаҳор опа тарбиясини олган қизлар ҳам ҳаётдан ўз ўринларини топишиб, бугунги кунда ибратли оила соҳибаларига айланишган. Иқтисодчи мутахассислигини эгаллаган Шаҳнозахон, моҳир чевар Лобархон, ота-онаси изидан бориб, ўқитувчилик касбини танлаган Гулруҳ, бу оиланинг навқирон илдизлари сифатида униб-ўсаётган 12 нафар неваралар даврасида кечадиган гўзал турмуш тарзи Файзулла оға билан Гулбаҳор опага завқ-шавқ бағишлайди.
Ҳамиша яхшилар қадамидан обод, қавм-у қариндошлар меҳридан файзли хонадонга минг йиллик қадрдонлардай меҳр-муҳаббат қўйган қуда-андаларининг-ку тилларидан шукроналар тушмайди.

Оиланинг суюкли келини Саидахоннинг хуш муомаласи, самимийлиги-ю эпчиллигига дилда ҳавас уйғонади. Оёқ-қўли чаққонгина келинжонни сўзлатсангиз, Гулбаҳор опани қайнона эмас, онаси каби азиз тутишини мамнуният билан изҳор этади.
Қайнона Гулбаҳор опа эса куёвларини ўғли Жаҳонгир билан, келинини қизлари билан баб-баравар қўйишини айтиб, тўрт нафар фарзанди 8, неваралари билан 20 нафар бўлганини қувониб-қувониб эътироф этади.
Оила даврасидаги бу тенглик тамойили невараларга ҳам ўтган. Тоға, амма-хола-ю жиянлар катта хонадонга йиғилиб келишсалар гўё байрам бўлиб кетади. Файзулла оға билан Гулбаҳор опа биз борган кунимиз неваралари учун эзгу ниятлар билан бунёд этган янги иморатга кўчиб ўтишаётган эканлар. Ихчам, замонавий меъморий ечимга эга янги иморатга “ўнг бўлсин” айтиб келган қизлари, қудалари, неваралари ташрифидан шод Файзулла бобо билан Гулбаҳор момо ўғли Жаҳонгир бошчилигидаги оилавий созандаларнинг табрик куйлари, невараларининг чиройли ижроларидан қалблари янада юксалди. Бири-биридан бийрон невараларининг шеърларини тинглаб, олқишладилар.
Бу хонадонда китобхонлик, санъатга ошнолик, айниқса, ақл гимнастикаси – шахмат спорти билан шуғулланиш доимий анъана ҳисобланади. Айниқса, китобхонлик ва шахмат ўйинларида бобоси ва момосини ортда қолдирадиган невараларнинг интилишларини кўриб, тўғриси, дилимизда ҳавас уйғонди. Оиланинг мўъжазгина томорқа ерида бобоси бошчилигида куз мавсумининг энг сўнгги юмушларини катта иштиёқ билан бажараётган невараларнинг меҳнатсеварлигини кўрган киши беихтиёр: “оиланг, болачақанг, атрофингда парвона невараларинг бўлса, шундай бўлсинда”, – дея ҳавасланиши табиий.
Катта хонадон дастурхонидаги ноз-неъматларнинг, фарзандлар ва невараларининг соғлом вояга етишида оиланинг томорқа хўжалигида етиштирилаётган ҳар бир неъматнинг ўрни беқиёс. Шу боис, Файзулла оға ва Гулбаҳор опа хонадони томорқасига алоҳида эътибор қаратишади. Кузги, баҳорги юмушлар, айниқса, мевали дарахтларга шакл бериш, янгидан кўчат ўтқазиш, кузги ҳосилдан бўшаган ерларни шудгорлаб қўйиш, эртаги сабзавотлар экиладиган ерларга маҳаллий ўғит солиб, алоҳида ишлов бериш ишларини фарзандлари, неваралари биргаликда бажаришади.
– Бу каби юмушларни болалар зўр иштиёқ билан уддалашади, ҳатто ўз меҳнатларининг маҳсулини кўриб қувонишади, – дейди Файзулла оға невараларининг кўчат ўтқазишаётганини мамнун кузатаркан.
– Бобомнинг олма-анорлари, узуми кў-ў-ўп, мана бунча! – дейди қулочларини кенг ёзиб жажжи Темурбек. – Мен ка-атта бўлсам, ўқиб-ўқиб Амир Темур бўламан, ка-ат-та боғларим бўлади.
Ширин тилли Темурбек гўё бу оиланинг давомчиларидан бири сифатида ўз келажагини башорат қилаётгандай эди, назаримизда.
Биз эса, аҳиллик, ўзаро меҳр-оқибат, меҳнатсеварлик ва самимият чўғидан ранг олган бу файзли хонадоннинг ҳар бир аъзосига, тиллари бийрон, ҳалитдан ўзларининг келажаги ҳақида ҳавасга муносиб тасаввурга эга жажжи невараларга қалбимизда ажиб эҳтиром, ҳавас ила хайрлашарканмиз, эзгу бир тилак тилимизга кўчди:
Набиралар ҳали бир куни,
Бобосидан ўзиб кетади.
Элим, деган эзгу туйғуни,
Юрагига экиб ўтади.
Амир Темур сиёқли ўктам,
Бир баҳодир, чақин бўлади.
Ўша кунда Хитой қишлоқ ҳам,
Дунёда энг ёрқин бўлади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА,
Равшан БАҲРОМОВ.
М.ШОМУРОДОВ
олган суратлар.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶