ҚУТУРИШ – ХАВФЛИ КАСАЛЛИК
Қутуриш касаллиги қадим замонлардан маълум. Одамларда қутуриш касаллиги итларнинг тишлаши натижасида келиб чиқишини биринчи марта Аристотель аниқлаган. Қутуриш клиникасини дастлаб 1 асрда Цельс ёритди ва уни гидрофобия, яъни сувдан қўрқиш деб атади. Машҳур француз олими Луи Пастер ўтган асрда қутуришга қарши эмдори – вакцина топди ва ишлаб чиқди, ит, бўри тишлаган одамларни шу эмдори билан эмлашни амалда жорий этди.
Қутуриш қўзғатувчиси нейтотроп вирус бўлиб, у қутурган ҳайвоннинг сўлагида бўлади, ташқи муҳитда узоқ сақлана олмайди.
1887 йилда Бабеш ва 1903 йилда Негри қутуриб ўлган ҳайвонлар бош миясининг аммон шохи деб аталувчи қисмида доғга ўхшаш юмалоқ тузилмалар борлигини аниқлаганлар.
Кейинчалик бошқа олимлар ана шу доғлар қутуриш вируси таъсирида пайдо бўлишини исботладилар. Вирус дезинфекцияловчи моддалар таъсирида 45-10 дақиқа, қайнатилганида 2 дақиқа давомида ҳалок бўлади. Қуритилганда ва паст ҳароратда узоқ вақт тирик сақланади.
Инфекция манбаи қутурган итлар, мушуклар, бўрилар, тулкилар, бўрсиқлар ва бошқа ҳайвонлардир. Камдан-кам ҳолларда касаллик қуёнлардан, каламуш ва сичқонлардан юқиши мумкин. Итнинг сўлаги вирус қутуриш белгилари маълум бўлишидан 7-10 кун илгари пайдо бўла бошлайди. Итдан қутуриш касаллиги юқиши учун итнинг одамни тишлаши шарт эмас, унинг сўлаги одам терисидаги шилинган ёки тирналган жойига тушса ҳам касаллик юқади. Қутуриш ёз-куз ойларида кўпроқ учрайди, чунки йилнинг шу фаслларида кишиларни ҳайвонлар кўпроқ тишлайди. Одам боши ва юзининг тишланиши оёқ-қўллар тишланишига қараганда анча хавфли. Итнинг кийим-кечак устидан одамни тишлаши ҳам хатарли.
Касалликнинг инкубацион, яъни яширин даври 1-2 ой давом этади, баъзан 2 ҳафтагача қисқариши ёки 1 йилгача узайиши мумкин. Яширин даврининг қисқа ёки узоқ бўлиши қутурган ҳайвон тишлаганида юзага келган жароҳатнинг қаерга жойлашгани, катта-кичиклиги ва чуқур-юзакилигига боғлиқ. Жароҳат бош ёки юзда бўлса, яширин даври қисқаради. Болаларда эса бу давр катталарга қараганда қисқароқ давом этади.
Қутуришнинг давоси йўқ. Профилактикаси – ҳайвонларга қарши кураш, дайди итларни йўқотишдир. Фақатгина ит тишлаган одамларни ўз вақтида эҳтиётдан эмлаш орқалигина ҳаётини сақлаб қолиш мумкин.
А.ЯВБАСАРОВ,
туман СЭОВЖС бўлими врач-эпидемиологи.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶