УЛАР АФҒОН ЗАМИНИДА ЖАНГ ҚИЛГАН ЭДИЛАР...
Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида ўғиллари бўй етган ота-оналар юракларини ҳовучлаб илтижо қилардилар: “Илоҳим, боламнинг тақдирига Афғонистон ёзмасин-да”, - дея кун-у тунларини ҳадик билан ўтказишарди. Чунки тарихда “биродаркушлик уруши” деб ном олган Афғон заминидаги нотинчликлар собиқ иттифоқ ҳудудидаги Республикалар, айниқса Марказий Осиёликлар учун кўплаб йўқотишлар олиб келган, ҳар куни Афғонистондан биродаркушлик жангларини тўхтатиш учун сафарбар этилган совет армияси аскарларининг жонсиз жасадлари “қора лолалар” деб ном олган вертолётлар орқали темир тобутларда собиқ СССР ҳудудига олиб ўтиларди. Уларнинг деярли барчаси 18-19 ёшли навқирон йигитлар эдилар...
Собиқ иттифоқ ҳудудидаги Республикалардан ушбу урушда 14454 нафар, Қорақалпоғистон Республикасининг ўзидан 2800 нафар йигит Афғонистон урушига сафарбар этилди. Улардан 88 нафар навқирон йигит қаҳрамонларча ҳалок бўлдилар. Юқоридаги рақамларга эътибор берилса, мусулмон фарзандлари бошқа миллат вакилларига нисбатан кўпчиликни ташкил этганини англаш қийин эмас.
Бизнинг Амударё туманимиздан 13 нафар йигит 18-20 ёшнинг нари-берисида ушбу қаттол уруш қурбони бўлдилар. 9 йил-у 2 ой давом этган талатўплардан омон қайтганларнинг бири оёғи ё қўлини, яна бири ярим жонини бегона юрт тупроғини ёвдан озод этиш учун бўлган қақшатқич жанг майдонларига ташлаб қайтди. Омон қайтганларнинг деярли барчаси, мана, 32 йилдирки, уруш асоратларидан азоб чекишади. Улар орасида Қиличбой заминида туғилиб-ўсган Қўзибой Давлетов ҳам бор эди. У навқирон йигитлик давридан то ҳозиргача II гуруҳ ногирони сифатида ҳафталаб, баъзан ойлаб шифохоналарда даволанади.
Ҳаёт синовларга тўла. Инсон тақдири ана шу синовлар силсиласида гоҳ равон, гоҳ нотинч кечади. Умр лаҳзаларини олиб ўтаётган вақт ҳам баъзан инсон бошидан кечирган оғир синовлар асоратига малҳам бўлмас экан...
Қўзибой Давлетовнинг орзулари, ҳаётдан умиди кўп эди. Серфарзанд оилада вояга етган Қўзибой Эриммат ота билан Ёқутжон опанинг бешинчи ўғли, ерга урса, осмонга сапчийдиган норғул йигит бўлиб улғайди.
Халқимизда ўнта бўлса, ўрни қирқта бўлса, қилиғи бошқа, деган ҳикматли иборага нисбат берадиган бўлсак 11 нафар ўғил ўстирган Эриммат ота билан Ёқутжон она учун ҳар бир ўғли Асқар тоғдай суянч, ўн бир хил дунё, фахрланса арзигулик қувончлари эдилар.
Қиличбойдаги 15-сонли мактабни 1980 йилда тамомлаган Қўзибойнинг улғайганини ўғлига туман ҳарбий комиссариатидан чақирув хати келганида билишди бояқиш ота-онаси. Ёқутжон она учун тинч ўтаётган кун-у тунларидан файз кетди. Ўтирса ҳам, турса ҳам, ҳатто бирон юмуш билан машғул бўлса ҳам нуқул бир гапни такрорларди: “Илоҳим, афғонларга йўлинг тушмагай-да, болам!”
Яратганнинг синовимидики, Қўзибой 1981 йилнинг апрель-июнь ойларида Сурхондарё вилоятида ҳарбий дала машғулотларида тайёргарлик босқичини ўтади. Июль ойининг бошида 149-сонли мотоўқчилар полки таркибида, Афғонистон Республикасининг Қундуз вилоятида ҳақиқий ҳарбий хизмат вазифасини бажаришга киришди. Саратон жазирамасида ҳарорат 50-60 даражагача етадиган тоғ-у тошларда, Афғон қишлоқларида жангариларга қарши бўлган беаёв жангларда иштирок этди. Жангавор хизмат давомида ҳозиргина ўзи билан бир ҳаводан нафас олаётган қуролдош дўстларидан айрилди. Ўлим билан юзма-юз келган лаҳзаларида ҳам хизмат постини ташлаб кетмади. Гоҳ яраланган дўстларини, гоҳ душман ўқидан ҳалок бўлган қуролдошларининг жонсиз жасадларини жанг майдонларидан олиб чиқди. Шундай жангларнинг бирида қозоқ миллатига мансуб қуролдоши Бахтбекни елкасида опичлаб, санитар машинасигача олиб борди. Жон талашаётган дўсти тинмай онасини чақиргани ҳамон қулоғи остида жаранглайди. Бир сафарги жангда эса грузин дўсти оёғидан оғир яраланди, толиққан Қўзибой қуруқликда елкалаб юришга мажоли етмай Гайдарашвилини чуқур сой сувига ташлаб, сув орқали эсон-омон санитар постига етказгани, гарчи оёғидан ажралса-да, дўсти ундан миннатдор бўлгани ҳамон эсида.

Қўзибой Давлетов жангларда кўрсатган жасорати учун ҳарбий Қўмондонлик томонидан “Қизил юлдуз” ордени, собиқ СССР “Қуролли Кучларнинг 70 йиллиги” юбилей медаллари билан тақдирланди. У бир йил давомида неча-неча дўстларидан ажралди. Ҳар гал жангари душман гуруҳига қарши жангга кирганида: “биз ўзи ким учун, нима учун урушаётирмиз?” – деган савол юрагини тимдалар, лекин бу саволга жавоб топа олмай, баттар қийналарди. Шундай оғир жангларнинг бирида БМП машинаси минага дуч келиб, портлаб кетди. Ким тирик, ким ҳалок бўлди, буниси ноаён, Қўзибой кўзини очганида вужудидаги қаттиқ оғриқдан инграб юборди. У бошидан оғир жароҳат олганди. У аввал дала госпиталида, кейинчалик ўша пайтдаги Туркистон ҳарбий окруғига қарашли Тошкент шаҳридаги ихтисослаштирилган ҳарбий госпиталда ойлар давомида даволанди. Бош чаноғи суяги эзилиб кетган Қўзибой бир неча марта жарроҳлик столида ҳаёт учун курашди. Аълал-оқибат суякларнинг тиклаш қийин бўлган жойига пластик (сунъий суяк) ўрнатилиб, 1-гуруҳ ногиронига айланди.
Мана 40 йилдирки, Қўзибой Давлетов бошидаги ана шу оғир жароҳат асоратидан азоб чекади. Яхшиямки, унга Турдигул опадай оқила, меҳрибон аёл умр йўлдоши бўлди. Турдигул опа билан аҳил-иноқ яшаб 2 ўғил, 2 қиз тарбиялашди. Қизларини узатиб, ўғилларини уйлантиришди, ширин-шакар 3 нафар неваранинг бобо-бувиси бўлишди.
Ҳаёт синовларини енгишда инсонга фақат ирода кучи етмас экан. Қанчалик кучли бўлманг, оилада ўзаро меҳр-оқибат туйғуси илдиз отмаса, бундай оила ич-ичидан емирилади. Қўзибой ака билан Турдигул опа қурган оила қўрғони эса ана шу меҳр-оқибат туйғусидан обод ва кўркам: Эр-хотин қўш ҳўкиз, деганлари ҳам ҳақиқат. Икковлон бир бўлиб, томорқа хўжалигини юритишди. Аввал собиқ совхозда, кейинчалик жамоа хўжалигида ва ҳудуддаги биолабораторияда агроном бўлиб ишлаган Турдигул опа эрига ҳамиша қўл-қанот бўлди. Фарзандларини эл-юрт корига муносиб инсонлар қилиб тарбиялашди.
- Худога минг-минг шукр, - дейди Қўзибой ака мамнуният билан, - Турдигул чечангиз билан болаларнинг умри-давлатини тилаб яшаяпмиз. – Ўғил-қизларни уйли-жойли қилдик, келинларимиз меҳрибон, меҳнаткаш. Бундан ортиғи бўлмайди.
Қўзибой аканинг ўзи ногирон бўлса-да, бўш ўтирмайди. Гоҳ мол-ҳолга, паррандаларга қараса, гоҳ томорқа ишларига уринади. Баҳор яқинлашгани учун қўлига токқайчи олиб, мўъжазгина боғ-роғига шакл беради. Невараларига эртаклар ўқиб беради.
Биз ижодий жамоамиз билан Қўзибой ака хонадонида бўлган кунимиз собиқ афғончи жангчини йўқлаб дўстлари – Қорақалпоғистон Республикаси Байналмилал жангчилар уюшмасининг Амударё туман бўлими раиси Баҳодир Жуманиёзов, собиқ афғончилар Рустам Хўрозов ва Озод Хўжаниёзовлар Қўзибой акани йўқлаб келишди. Бири-бирини соғинган қадрдонлар бир пиёла чой устида олис йиллар хотираларини ёдга олишди. Собиқ совет қўшинларининг Афғонистон ҳудудидан олиб чиқилганига 32 йил тўлган кун муносабати билан байрам тадбири ташкил этилаётгани, ушбу тадбирга Қўзибой акани ҳам таклиф қилиб келишганидан бутун оила аъзолари мамнун бўлишди. Шундай кунда Қўзибой ака уйига сиғармиди!? Дўстлари билан биргаликда собиқ афғончи жангчиларни 15 февраль санаси билан қутлаш учун уларнинг сафига қўшилди.
Шу куни улар Баҳромжон Раҳимовникига, сўнг Озод Ўрозметовнинг хонадонларига ҳам боришиб, барчаси биргаликда Торёп маҳалласига йўл олдилар. Яқиндагина афғон урушида олган дароҳатлари асорати туфайли вафот этган Нориммат Болтабоевнинг хонадонида бўлишиб, унинг рафиқаси ва фарзандлари билан учрашишди. Нориммат Болтабоевнинг ўғли Дилшодбек билан Норимматнинг ҳаёти билан боғлиқ хотираларни ёдга олдилар. Марҳумнинг ҳақига қуръон тиловатлар қилдилар, эл-юртга тинчлик-омонлик тиладилар.
Собиқ афғончи жангчилар Нориммат Болтабоевнинг изларида қолган яхшиликлар, фарзандлари ҳаётида давом этаётган эзгу ишлари, орзулари ҳақида узоқ суҳбатлашдилар ва тинчлик юртидан ҳарбий хизматга чақирилиб, Афғонистон заминидаги мақсадсиз жанг-у жадалларда бевақт хазон бўлган 13 нафар амударёлик жангчиларни бир-бир ёдга олдилар, уларнинг пок руҳларига Қуръон оятларидан тиловатлар қилдилар.
Ижодий жамоамиз билан Афғонистон урушининг собиқ жангчилари ҳузуридан қайтарканмиз, орадан шунча йиллар ўтса-да, юракларидаги чандиқ, армон доғи ҳамон кетмаган, бугун барчаси нуроний ёшга етиб, ҳар бири бир этак неварага бобо бўлган бу инсонлар кўнглини англагандай бўлдик. Беихтиёр дилимиздан эзгин сатрлар кечди.
Бу ҳаётнинг қадр-у қимматин,
Уруш кўрган эллардан сўранг.
Тонглар аро жаҳаннам ўтин,
Кечиб келган эрлардан сўранг,
Улар билар бир бурда ноннинг,
Қадри ҳаёт қадрича улуғ.
Тинчлик деган буюк имконнинг,
Ҳар лаҳзаси бахтга тўлуғ.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶