АЛИШЕР НАВОИЙ АСАРЛАРИДА ОНАГА ҲУРМАТ-ГЎЗАЛ ҚАДРИЯТ
Бир уммонки, адоси йўқ хазиналарин…
Ҳа, бу ҳазрат Навоий ижодига берилган таъриф. Ушбу таъриф нечоғлиқ тўғрилигига унинг асарларини ҳар сафар варақлаганингизда амин бўласиз. Яратганга ва ёрга муҳаббат, ростликнинг куч-қуввати, сидқ-у садоқат, маърифат-у ҳидоят хитоби миллионлаб қалбларни таълим-тарбияга чорлаб турган бўлса, адиб асарларида яна бир аҳамиятли , таълим-тарбияда ибратли бўлган бир жиҳат борки, бу онага ҳурмат масаласидир.
Аёлга ҳурмат ва муҳаббат, жамиятдаги ўрнига эътибор ва талаб кучайган бир даврда яшаб, бу миллатнинг аждодлари ҳам онани эъзозлаган ва бу қадрият асрлар оша авлодларга ўтиб келганлигининг ёрқин мисолини Навоий асарларида кўрамиз.
Мутафаккирнинг “Насоим ул-муҳаббат” асарида жуда қисқа бир ҳикоят бор. Унда Исмоил Даббос Шайх Мўмин Шерозийга ҳаж нияти борлигини билдиради. Шунда Шайх Мўмин: “Онанг бор, ёниб онанг мулозаматиға бор! Мен эллик ҳаж қилдим, яланг бош, яланг оёқ, зоду ҳамроҳсиз. Барчасин савобин сенга бердим, сен онанг кўнглин шодлиғин менга бер» деб жавоб беради. Навоий онанинг розилиги даражаси исломнинг фарз амалларидан бири – ҳаж амали савобининг даражасидан ҳам юксакроқ эканлигини таъкидлаб, бугунги кундаги «жаннат оналар оёғи остидадур” хитобига туташ фикрлар таърифини келтиради.
Она ризолиги, она мулозаматидан фарзандлар не-не бало-қазолардан омон бўлиши ҳақида «Садди Искандарий» достонидаги Искандар ўлими олдидан онасига битган мактубида ҳам кузатамиз:
Санга айлабон хоки даргоҳлик,
Анинг отин этсам эрди шоҳлик,
Ризонг ўлмаса кўнглума ғамзудай,
Бу дармондаға вою, юз қайта вой!
Искандарнинг она ризолигида ожизлик қилгани, аслида она хизматида бўлиш энг катта ҳукмдорлик эканлигини ўқиб , Навоий наздида оналарнинг нечоғлиқ улуғлигини кўрамиз. Биз ҳар куни фарзандларимизга уқтирадиган ростлик ва тўғрилик ҳақидаги ғояларни ҳам Навоий ўз ижодида улуғлайди:
Ҳар кишиким, тузлук эрур пешаси,
Кажрав эса чарх не андишаси
мисралари билан бошланувчи «Ҳайрат ул-Аброр» достонининг ўнинчи мақолотида олтмиш отлиқ йўлтўсар -зўровонлар олдида Уммулхайр онанинг ўғлини «Ниманг бор?» деб сўроқ қилганларида болакай: «Қирқ олтиним бор», деб жавоб беради. Зўравонлар титкилаб, қирқта олтин тангани топиб, ҳайратга тушади ва болакайни яна сўроққа тутади. Шунда бола: “онамга аҳд бердим тўғри сўзлашга”, деб жавоб беради. Зўравонлар: «сен онанг ҳақига хиёнат қила олмаяпсан, биз тангри ҳақига хиёнат айлаб юрибмиз», деб надомат чекади, ростлик шарофати туфайли карвон Бағдод шаҳрига саломат етиб боради. Бу болакай ҳадис илмининг етук билимдони, ўн учта фанни мукаммал билган Абдулқодир Жилийдир. Ушбу мартабага эришувида у онасининг ростлик таълимотини асос деб билади.
Буюк бобоколонимиз таваллуд айёми арафасида адиб асарларини яна бир бор варақлаб, фарзандларимиз тарбиясида дастуриламал бўлгулик таълимотларни ҳаётга татбиқ этсак, катта ижтимоий-тарбиявий, маърифий ва эстетик аҳамиятга эга сатрларни фарзандларимизга ҳам мутолаа қилдирсак, юртнинг эгаси ва эртаси бўлган фарзандларимиз камида Шайх Абдулқодир каби бўлур эди.
Ҳаётда шундай инсонлар борки, уларнинг дийдори ҳам бир каъба каби… Шундай қабрлар борки, тинчлик-осойишталик замонида ҳам зиёрат қилгулик инсонлари йўқ. Шу ўринда Ўзбекистон қаҳрамони Саид Аҳмаднинг: «ҳайкални инсонлар тирикликларида ўз қўллари билан қўяди. Унга инсон панжасигина муҳр бўлади”, деган жумлаларини эслаб, Навоий бобомиз ҳар бир қалбга ўз қўллари билан ҳайкал қўйганини эътироф этгим келди. Муҳаммад Юсуф таърифлаганидек:
Ҳақиқий шоирнинг қабри бўлмайди,
Юракка кўмилар асл шоирлар.
Мунира Камолова,
11-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶