14.08.2026
Тил Oʻz Qq Ёзув Кирилл Lotin
Reklama banneri
Ҳарф ўлчами Ранг Расмлар
14.08.2026, 05:02
Мақолалар 👁 265

ЮРАККА КЎМИЛГАН ОИЛА СИРИ

ЮРАККА КЎМИЛГАН ОИЛА СИРИ

(Бўлган воқеа)

Қайнонаси вафот этганида Ойдин янги келин эди. Қайсидир корхонада ҳисобчи бўлиб ишлайдиган қайноғаси ва овсини Салима қайнонасининг еттисидан сўнг, ишга чиқиб кетишди. Ҳайҳотдай ҳовлида Ойдин ёлғиз қолди. Ўқитувчи бўлиб ишлайдиган эри Ҳабибулло эрталабдан кечгача мактабдан бери келмайди.

Ҳар кунги қиладиган юмушларини бажариб бўлгач, сигир билан бузоқнинг емини берди, суғорди. Молхона билан ёнма-ён қурилган қўшимча хонанинг  олдидан ўтаётиб, ерга сочилган шоли донларига кўзи тушди. Бир-икки ҳовуч чамаси шоли донини йиғиштириб олиш учун идиш излаб, хона эшигини итарди. Эшик тўлиқ очилмади, қаттиқроқ итарган эди, эшик ланг очилиб кетди. Хона ичи ёришиб, қатор тизилган қопларга кўзи тушди. Бу хонани қайнонаси “ғаллатом” дерди.

– Дон-дун, мева-чева, қовун-тарвуз сақлаш учун раҳматлик қайнотанг билан бирга қурганмиз, ҳамма бойлигимиз шу ерда туради, – деганди бир гал қайнонаси раҳматлик кулиб.

Ойдин “ғаллатом” остонасида узоқ туриб қолди. Хона шифтига осилган узум ғўралари, қаторлашган дон-дун қоплари ортидаги қўлбола канораларга якан белбоғ қилиб осиб қўйилган қовунлар, пастдаги қовоқларни кўриб, қайнонаси раҳматлик фарзандлари билан қанчалик меҳнат қилганини кўз олдига келтирди.

– Аёл боши билан-а! – деб қўйди юраги эзилиб. Сўнг ёдига эшик олдига тўкилган шоли дони тушди. Ошхонадан лаганча олиб чиқиб, тўкилган шоли донларини йиғиштира бошлади. Шу пайт кўча томондан аёл кишининг чақиргани эшитилди. Қўлида лаган билан дарвозахона томон шошилди.

– Шунча чақираман, эшитмадингми, болам, – остонада қайнонасининг синглиси Маржон хола турарди.

Ойдин холани кўриб қувониб кетди. Ҳайҳотдай ҳовлида  ёлғиз ўзи, ахир. Маржон хола ичкарига йўналаркан, келиннинг қўлидаги лаганга кўзи тушиб ранги ўзгариб кетди.

– Ш-шолими? – деди у Ойдинга синчковлик билан боқиб.

– Ҳа, “ғаллатом” олдида тўкилибди, йўлак четигаям, териб олдим.

Маржон хола раҳматлик опасининг гапларини эслади:

– Маржоной, – деганди бир куни, – уйимдан барака кетаётганга ўхшайди.

– Қўйсангиз-ай, ойопа, гумон – имонсизлик, дейсиз-у, ўзингиз гумончи бўлиб қолибсиз. Барака қаерга кетаётир, ушлаб қолайлик, – ҳазиломуз деди Маржон.

– Шу, “ғаллатом”дан у-бу йўқолаётгандай...

Маржон ўшанда эътибор бермаганди. Орадан ҳафталар ўтиб, катта ўғли шоли тегирмонига борадиган бўлди. Ҳадеганда келавермагач, келинига:

– Қўнғироқ қилчи, Ботир нега кечикди экан ё навбат кўпмикан? – деди хавотирланиб.

Келини “ҳозир келаркан”, дегач, сал тинчиди. “Ҳозир келадиган” Ботир шу куни ярим тунгача шоли тегирмонида қолиб кетганди. Ўшанда Ботир онасига:

– Гулжон холамнинг уч қоп шолисини ҳам оқлатиб бердим, муштдай қўшни болага бериб юборишибди. Ҳикматилло акам, Ҳабибулло нима қилишаётган экан, икки эркакдан бирининг қўли тегмабдими? – деганди оғриниб.

Ҳафта ўтиб, Маржон опасиникига борди.

– Ўғилларингиз қилмаса, мана, менинг болаларим бор, нега қўшни боладан хоразга шоли жўнатдингиз? – деди ростмана хафа бўлиб.

Гулжон опаси ҳайрон бўлди. Синглисига ҳеч нима демай, аста ўрнидан туриб, “ғаллатом” томонга кетди. Опасининг ортидан борган Маржон уни “ғаллатом” эшигига суянганча ўта ўйчан ҳолатда кўрди.

– Мен сенга айтган эдим, уйимдан барака кетаётир деб, ишонмадинг, гапимни  назарингга илмадинг, – биров эшитиб қолишидан қўрққандай ҳадик билан гапирди опаси. – Мана, кўриб қўй, 4-5 қоп шоли йўқ, мева-чева, қовун-қовоқ ҳам ола-була...

– Бировдан гумонингиз борми? – сўради Маржон.

– Инсоф берсин, инсоф берсин, келин...

Маржон донг қотиб қолди.

– Келин?! Салима-я?

– Ҳа, Салима, қўшни келин билан тил бириктириб, шоли оқлатиб, сотдираркан.

– Шуни билиб туриб индамай юрибсизми, ойопа!

– Ҳикматилло билса, оиласига совуқчилик тушмасин, деб...

– Бунинг охири ўша “совуқчилик”дан ҳам ёмон бўлади-ку, ойопа!

– Майли, сен ҳам индама, бир куни инсофга келар...

Маржон хола келиннинг “инсофга келиши”ни кутиб ўтирармиди, тинчий олмади. Ўша қўшни келиннинг 7-синфда ўқийдиган ўғлини сўроққа тутди:

– Қудратжон, хоразга бориб турибсанми? – деди унинг кўзига тик қараб. – Айтавер, ҳеч кимга айтмайман. Агар менга айтмасанг, мактабингга бориб, устозингга айтиб бераман...

– Менга гуручнинг ушоғини сотиб, пулини сен олақол, дейишгач...

– Ҳа, баракалла, болам, ақлли бола ёлғон гапирмайди. Салима чечангнинг гуручини сен сотиб бераяпсанми, а?

– Онам сотиб, пулининг ҳаммасини беради...

Маржон шу куниёқ опасиникига бориб, Салимани тузламоқчи бўлди. Лекин опаси зинҳор бундай қилмаслигини, болаларининг тинчини бузмаслигини илтимос қилиб ялингач, шаштидан қайтди. Бироқ Салиманинг ўзи билан ёлғиз қолганида бор гапни юзига солди.

– Ўз ризқингни ўзинг сотаяпсанми, ўғирлаб-а?!

Салима лом-мим  демай, бошини эгиб ўтирар, унга сари Маржон хола жаҳл отига минарди.

– Эринг, болаларинг, қайнинг, овсининг олдида ким деган одам бўлдинг, Салима? Ахир уларнинг ҳаққидан юлиб олаётирсан-ку!

Салима ўшанда юм-юм йиғлаб кечирим сўраган, янги урф бўлган шуба пальто олиш учун шундай қилганини, бошқа ҳеч қачон бундай ишга қўл урмаслигини айтиб, онт ичганди...

Маржон хола ҳозир  шуларни ўйларкан, юраги сиқилди. Болаларининг тинчлигини ўйлаб, келинининг ўғирликларини яширган опасининг қиёфаси кўз олдидан кетмай қолди. Гўё унга: “Маржон, болаларимнинг тинчлиги, оиласи бузилмасин”, деяётгандай бўлди. Оғир тин олди.

Шу куни Маржон хола опасиникида тунаб қоладиган бўлди. Кечқурун жиянлари, келинлар, невара жиянчалари билан дастурхон атрофида опасини эслашди, қуръон тиловатлар қилишди. Гапдан-гап чиқиб, Ҳикматилло холасига:

– Хола, онам жуда хокисор эдилар-а, – деди маҳзунлик билан. – Мени, Ҳабибуллони ишидан қолмасин, деб қўшни бола орқали бир-икки марта шоли оқлатибди, гуруч сотдириб, укам билан синглимнинг кам-кўстларини тўғрилабди, биз билмабмиз, эҳ, онажоним-ай!

– Болаларимнинг тинчини бузмайин, деган-да, боёқиш, ҳали шундай ишлар ҳам қилибдими оёпам?! – Салимани зимдан кузатаркан, кўзига ёш олди Маржон хола. – Сен буни қаердан билдинг, Ҳикмат?

– Тунов куни хоразга боргандим, онамнинг маъракаларига шоли оқлатиб қўяйин деб, хоразчи шундай деди, жуда ёмон бўлиб кетдим, хола. Яна нима дебди денг. Қўшни бола Қудрат шоли-поли олиб келса, кўп кутдирмай оқлаб бер, деб илтимос қилибди.

Маржон холанинг томоғига нимадир тиқилгандай, нафаси бўғилди, юраги оғриди. “Эҳ, опам-ай”, – деди ичида, – “у дунёга кетаридан олдин Салиманинг изини тозалаб ҳам қўйибди-да”. У Салимага қаради. Шунчаки қарамади. Алам ва нафрат билан тикилди. Салима ер билан битта бўлиб ўтирар, бошини кўтариб на эрига, на бошқаларга қарашга ботинмасди:

– Хола, – деди виждон азобида бутун вужуди ловиллаб ёнаётган каби қийналиб кетган Салима. – Мен бундай яшай олмайман, мени кечиринглар.

Ҳикматилло хотинини биринчи марта кўраётгандай ҳайрат билан тикилди.

– Сени жинпин урмадими, нима бўлди? – деди ажабланиб.

– Мени жин урган, жин урганига кўп бўлган. Жин урмаса шу ишни қилармидим, кечиринглар, – йиғлаб юборди Салима ва “ғалла-том”дан бир-икки марта 2-3 қопдан шоли олиб, ўғринча оқлатгани ва қўшни келин орқали сотганини айтиб, қайта-қайта кечирим сўради.

– Мени болаларим, овсиним олдида шарманда қилманг, илтимос, – дея ялинди.

Ҳикматилло лом-мим демади-ю, аста ўрнидан туриб, онасининг ётоғи томон йўналди. Бироздан сўнг унинг ҳиқиллаб йиғлагани эшитилди. “Не қилсин, вояга етаётган уч ўғли, оёғига йиқилиб кечирим сўраётган хотини, ўғлининг оиласи тинчлигини сақлаш учун оиладаги бу сирни юрагига кўмиб, ўзи билан олиб кетган онаси... Қай бирини оқлаб, қай биридан кеча олади? Кимни қораласин? Ўзиними? Кун-у тун иш-иш деб оиласининг ичкарисига бирров назар солмай яшаган ўзиними? Отадан етим қолган болаларига умрини бағишлаб, оила ташвишларини елкалаб, яхшисини ошириб, ёмонини яшириб яшаган онажонининг юрагида шунча қудрат борлигини нега сезмади у? Келинини сукут сақлаб кечирган, сукут сақлаб ўғлининг оиласини асраган онажонидаги журъат, сабр, матонатнинг бир зарраси бормикан унинг ўзида?!”

Ҳикматилло бир неча кун хомуш юрди, хотинига эътибор ҳам бермади, гапирса, жавоб қайтармади. Шундай кунларнинг бирида онаси тушига кирди. “Болам, чеҳрангни оч, оила сири сочилмади, шукур, кечиримли бўлсанг, ҳаловат топасан, чеҳрангни оч...”, дермиш. Уйғониб кетди. Ювиниб, нонуштага ўтираркан, бўйлари ўсиб қолган уч ўғлига боқиб, кўзлари қувонди. Укаси Ҳабибулло бир неча кундан бери тундлашиб юрган акасининг яшнаб турган юзига боқиб: “хайрият, акамнинг соғлиги яхши”, деб қўйди ичида.

Ойдин тайёрлаган нонуштани барчаси мақтаб-мақтаб тановул қилишди.

– Келин пазандаликда сендан ўзиб кетибди-ку! – деди Ҳикматилло хотинига.

Эрининг бу гапи Салимага катта мукофот, гуноҳи кечирилганига кафолат эди. У қувониб кетди.

Робия ЙЎЛДОШЕВА.

🎬 Видеогалерея Барчаси →
Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби Ҳарбий хизмат – шахсий камолот ва мардлик мактаби 24.01.2025 САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР САРҲАДЛАРИМИЗ ДАХЛСИЗЛИГИ, ОНА ВАТАН ТИНЧЛИГИ ЙЎЛИДА ХАЛҚ ВА АРМИЯ – БИР ТАН-У БИР ЖОНДИР 14.01.2025 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг олдини олиш мавзусида кўрсатув тасвирга олинди 12.05.2024 Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди Грант лойиҳаси доирасида ёмон одатлар, эрта турмуш ва оилавий ажримларнинг сабаб ҳамда оқибатлари ҳақида кўрсатув тасвирга олинди 15.08.2023 Сайлов жараёнидан видеолавҳалар Сайлов жараёнидан видеолавҳалар 24.10.2021 Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. Cайлов участкаларида овоз бериш жараёни юксак савияда ўтмоқда. 24.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 16 октябрь кунги сони 17.10.2021 "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони "Замин" информацион дастурининг 2021 йил 9 октябрь кунги сони 11.10.2021 Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда Назархон овули оқар сув билан таъминланмоқда 17.07.2021 Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) Амударё туманида Рамазон ҳайити кенг нишонланди (видео) 14.05.2021 Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) Халқ депутатлари Амударё туман Кенгашининг биринчи сессияси тўғрисида АХБОPОТ (+видео) 15.01.2020 "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) "Мунозара" кўрсатувининг 20.12.2019 кунги сони (сиёсий партияларнинг туман Кенгашлари иштирокида) 21.12.2019 ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) ХАЛҚАPО НОГИPОНЛАP КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН ТАДБИP ЎТКАЗИЛДИ (+Видео) 04.12.2019 ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) ИЧКИ КЎЧАЛАPНИ ТАЪМИPЛАШ ЮЗАСИДАН МАХСУС ТАКТИК-ЎҚУВ МАШҒУЛОТЛАPИ ЎТКАЗИЛДИ (+ Видео) 04.12.2019 Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) Бўзёп маданият маркази фаолиятидан лавҳалар (видео) 12.11.2019 Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) Вазирлар Кенгаши Pаиси Амударёда сайёр қабул ўтказди (+видео) 02.11.2019 Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) Амударёда илғор фермерга "Cobalt" совға қилинди (+видео) 06.10.2019 Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) Амударё туманида ўтказилган Мустақиллик байрами – 2019 (Тўлиқ видео, Tas-ix) 03.09.2019 “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) “Манғит савдо комплекси” МЧЖга қарашли бозор фаолиятидан лавҳа (+видео) 13.08.2019 КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) КЎП ТАPМОҚЛИ ФЕPМЕP ХЎЖАЛИКЛАPИ САФИ КЕНГАЙМОҚДА (+видео) 31.07.2019 СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) СИНФДОШЛАР МАКТАБНИ БИТКАЗГАНИНИНГ 40 ЙИЛЛИГИНИ НИШОНЛАШДИ(+видео) 31.07.2019 МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) МАҲАЛЛАДА ЖИНОЯТ МУҲОКАМАСИ БЎЙИЧА ЙИҒИЛИШ ЎТКАЗИЛДИ(+видео) 31.07.2019 "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) "ҚАЛДИPҒОЧ" ОPОМГОҲИ БУ ЙИЛГИ МАВСУМДА ЖАМИ 500 НАФАP БОЛАЛАPНИ БАҒPИГА ОЛДИ (+видео) 31.07.2019 Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? Ҳоким ташаббуси билан ташкил қилинган кутубхоналар қандай фаолият юритмоқда? 13.07.2019 Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) Амударё тумани Давлат архиви фаолиятидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) Қиличбой овули ҳаётидан лавҳа (видео) 13.07.2019 Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) Электр энергияси билан таъминлаш сифати яхшиланмоқда (видео) 13.07.2019 Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) Фаровон маҳалласида 72 та замонавий услубда қурилган арзон уй-жойлар фойдаланишга топширилди (+Фото, видео) 01.07.2019 Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) Амударё туманида Ёшлар куни кенг нишонланди (Фото, видео) 30.06.2019 ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ ТУМАНИМИЗНИНГ ИККИ НАФАP ЎҚУВЧИСИ МАКТАБНИ ОЛТИН МЕДАЛ БИЛАН БИТИPДИ 24.06.2019