МАҚОЛЛАР – ХАЛҚ ОҒЗАКИ ИЖОДИ МАҲСУЛИ
Халқимизнинг ижтимоий-тарихий, ҳаётий тажрибалари умумлашган, бадиий, образли мулоҳазаларидан ташкил топган мақоллар тарихи жуда чуқур, ўнлаб асрлар илгари вужудга кела бошлаган ва инсоният тараққиёти билан боғлиқ ҳолда ривожланиб келган. Хусусан, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг” асарида ҳам халқ оғзаки ижоди намуналари ҳисобланмиш теран маъно-мазмунга эга мақоллар кўп учрайди.
Мен она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси бўлганим учунми, халқ оғзаки ижодига, хусусан, мақолларга жуда қизиқаман. Ҳозирги кунда 500 тадан зиёд, инсон ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган теран мазмунли мақолларни тўплаб, мазмунига қараб ажратиб ёзиб олдим. Келгусида шу ишимни кенгайтириб, китобча ҳолида чоп эттириш ниятим бор.
Менинг бу ишга қизиқиб қолишим бежиз эмас. Бунга аввало онам Малика Йўлдош қизи сабабчи бўлганлар. У киши халқ оғзаки ижодини жуда яхши биладилар, кўпинча гапларига мақол қўшиб, сўз таъсирини ошириб гапирадилар.
Албатта, мен онамдан эшитган мақолларимдан мактабда, ўқитувчилик фаолиятимда ўқувчиларга дарс ўқитиш жараёнида ҳам кўп фойдаланаман. Ўқувчиларимга она тилимиз ниҳоятда бой тил эканлигини, бу – ҳатто халқ оғзаки ижодида ҳам ўз ифодасини топганлигини, халқ оғзаки ижодини пухта ўрганиш, кўп мақолларни ёд олиш ҳаётда ҳар кимнинг ўз ўрнини топишида ёрдам беришини уқтираман.
Чиндан-да, аждодларимизнинг закий ва донолигидан далолат берувчи мақолларнинг ҳаётимизда аҳамияти жуда улкан. Масалан, “Бошидан ўтмаганнинг қошидан ўтма”, “Сабрли қул бора-бора шод бўлар, бесабр қул ўз феълидан соб бўлар”, деган мақолларда ҳаётда оғир кунларни кўп кечирган одамлар бировнинг дардини яхши тушуниши, йўл-йўриқ бера олиши, шунингдек, инсон яхши-ёмон кунларга бирдек кўнмоғи, сабр қилмоғи лозимлиги моҳирона акс эттирилган.
Менимча, барча фан ўқитувчилари ҳам ўз дарсларида халқ оғзаки ижодидан, халқ мақолларидан унумли фойдаланса, нур устига аъло нур бўлар эди.
Назира УСМОНОВА,
38-сонли мактаб ўқитувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶