СЕНИ КЎПЛАР ЯХШИ КЎРАДИ, ГУЛОЙИМ!
Инсонни меҳр улғайтиради. Ҳаёт синовлари, машаққатлари аро тобланиб-тобланиб камолга етади. Улғайиш йўлларидаги синовларда кимдир енгилади, кимдир чидам ва бардош билан олдинга интилади, ортга чекинишни, мағлубиятни тан олмайди, юрагида уйғонган ҳаётга чексиз меҳр-муҳаббати уни қаддини тик тутиб яшашга ўргатади. Шунинг учун бундай инсонлар ўзгалар қалбида ҳавас ва ўзига нисбатан меҳр уйғотадилар. Таъбир жоиз бўлса, Қипчоқ шаҳарчасидаги 11-умумтаълим мактабининг ўзбек тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Гулойим Бегжанова билан ҳар гал учрашганимда, яширмайман, самимий, бутун вужудидан ҳаётга, атрофидагиларга нисбатан меҳр-муҳаббат ёғилиб турган бу инсонга қалбимда ҳам ҳавас, ҳам ҳурмат туйғуларини ҳис этаман. Унинг юриш-туришлари, жамоат орасида ўзини тутишлари, муомаласи-ю касбий фаолияти билан боғлиқ барча фазилатлари ҳақиқий ўзбек аёли, ўзбек онаси, ўзбек оиласининг фидойи бекаси сифатида таассурот қолдиради ҳар бир суҳбатдошида.
Гулойимнинг таржимаий ҳоли жуда оддий. Умумтаълим мактабида фақат аъло баҳоларга ўқиди. Табиатан китобсевар бўлган отаси Сафарбой Бегжанов қаерга борса, қизалоғи учун китоб сотиб олар, Гулойим эса отаси совға қилган китобларни алоҳида меҳр билан ўқир ва авайлаб-асрарди. Онаси Умида момо айтган аллалар, эртаклар сеҳрида улғайган қизалоқ тенгдошлари орасида фикри теранлиги, билағонлиги, хотирасининг кучлилиги билан ажралиб турарди. 1998 йилда умумтаълим мактабини муваффақиятли тугатган Гулойим Бегжанова болалигидан қалбида ардоқлаб яшаган орзуси томон илк қадам қўйди: Ажиниёз номидаги Нукус Давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетига ҳужжатларини топширди. Институтга кириш имтиҳонларидан муваффақиятли ўтиб, талаба бўлди.
Талабалик йиллари унга бири-биридан завқли онларни ато этди. Маънавиятга, шеъриятга ошно қалбидан тўкилган соҳир сатрлари ила институт назм давраларига кириб борди. Қорақалпоғистон Республикаси шеърият шинавандаларига танилди. “Аму тонги” (ҳозирги “Қорақалпоғистон тонги”, “Еркин Қарақалпақстан” газеталари саҳифаларида Гулойим Бегжанова имзоси билан чоп этилган шеърлари ўз мухдисларини топди. Қорақалпоғистон Республикаси ёш ижодкорлари даврасида ўз овози, ўз сўзи билан эътибор қозонди.
Институтни муваффақиятли тугатган Гулойим Бегжанова ўша йилиёқ тумандаги намунали таълим-тарбия маскани – 11-умумтаълим мактабида илк педагогик фаолиятини бошлади. Институтда олган назарий билимини амалиётга татбиқ этиш, салкам бир млн. нафарга яқин ўқувчи таҳсил оладиган мактаб педагогика жамоаси билан тил топишиш, ўқувчилари қалбида ўз фанига нисбатан меҳр уйғотиш қанчалик мушкул бўлса, бу жараёнда ақл-идрок ва фидойи меҳнат билан ўз мақсади томон интилиш Гулойим учун, албатта, осон бўлмади. У тинимсиз изланди, билмаганларини устозларидан ўрганди. Ҳар бир дарсга пухта тайёрланиш, мавзуга оид қўшимча адабиётлар устида ишлаш педагогик маҳоратини ошириб бориш имконини берди. Қисқа фурсатлар ичида у мактабнинг 1-тоифали етакчи ўзбек тили ва адабиёти фан ўқитувчисига айланди.
- Касбий фаолиятимда нимагаки эришган бўлсам, аввало. Аллоҳ раҳмат қилсин умр йўлдошим Баҳром Юсуповнинг ва устозларимнинг муносиб ҳиссаси бор, - қониқиш билан сўзлайди Гулойим. – Мен устозларимни бири-биридан айрича тилга олишдан ҳамиша ўзимни тийиб тураман. Умумтаълим мактабида, институтда менга таълим-тарбия берган устозларим, қолаверса, 11-сонли мактаб меҳнат жамоаси – уларнинг ҳар бири мен учун қадрли. Мен уларнинг барчасидан қандайдир яхшилик кўрганман. Бири илмини, бири тажрибасини, яна бири ширин сўзини, меҳрини аямаган азизларим улар. Барчасидан миннатдорман.
Гулойимни ҳаёт кўп бора синади. Янги оила қуриб, мустақил ҳаётга завқ билан кириб келган, икки нафар мурғак гўдагини бағрига босган бахтиёр оилага кулфат соя солганида катта ўғли Сирожиддин 13 ёшда, кичиги Оғабек энди 10 ёшдан ҳатлаган эди. Яхши ниятлар билан қурилиши бошланган янги иморати қад ростлаган сари қувончдан кўнгли тошиб юрган умр йўлдоши, туман ИИБ ходими бўлган Баҳромжон Юсуповнинг бемаврид вафоти Гулойимнинг юрагини тош каби эзганида ҳам, рўзғор камчиликларини тўлдириш учун елиб-югуриб ўзини иш билан овутишга интилганида ҳам у фақат атрофидаги яхшиларга, устозларига, яқинларига суянди. Ҳаётнинг шафқатсиз зарбаларларига кўксини қалқон қилди ва... Ҳеч қачон мағлуб бўлмади.
- Адабиёт – одамни кучли қилади, - мамнуният билан сўзлайди Гулойим. – Мен адабиётга суяндим, ундан куч олдим. Шу куч менинг қаддимни тик тутишга ундади.
Айтиш жоизки, ана шу маънавий куч Гулойим Бегжановани шахс сифатида шакллантирди. Ўз касбининг, оиласининг, она Ватанининг фидойисига айлантирди. Тан беришга муносиб Устоз даражасига етди ана шу маънавий куч туфайли.
Беихтиёр кузатаман: бир ижодкор сифатида ўқувчилик давридан мен яхши билган Гулойим бугун жамиятнинг энг фаол аъзоларидан бирига айланган, моҳир педагог, севимли устоз, ширинзабон шоира. Синф тўла билимга чанқоқ ёшлар устоздан адабиёт таълимини, сўз санъатига меҳрни ва шеъриятнинг гўзал сир-у синоатини мароқ билан ўрганадилар. Мавзу - мангу ва навқирон, қизиқарли, кўнгилларни ўстирувчи туйғуларга тўла – “Фарҳод ва Ширин” достонида комил инсон ғояси”. Ўқувчи-ёшлар қалбида Навоий даҳосига содиқлик, комил инсон бўлмоққа чексиз меҳр ва интилиш мужассам. Синф тўла ўқувчи-ёшлар фикрлар баёнида бири-биридан билимдон, ҳар бири комил инсон ҳақида ўз фикр-мулоҳазасини айтмоққа муштоқ. Ҳар бир ўқувчи буюк Навоийнинг “Фарҳод ва Ширин” достонини янгидан кашф этаётир. Ўқитувчининг ҳар бир саволига бурро-бурро жавоб қайтараётир.
Бу жараён Гулойим Бегжанова машғулотлар олиб борадиган ўзбек тили ва адабиёти, қорақалпоқ тили ва адабиёти фан тўгаракларида янада қизғин тус олади. Ҳафтасига икки кун ўтказиладиган тўгарак машғулотларида ўқувчи-ёшлар мумтоз ва ҳозирги замон ўзбек адабиёти намоёндаларининг асарлари ҳақида маълумотлар олиш билан бирга тил ва услуб, сўз қўллаш санъати, ҳозирги замон ўзбек тилининг хусусиятлари ҳақидаги билимларга эга бўлишади.
- Мактабимиз ўқувчиларининг тил ва адабиёт фанидан билимлар беллашуви ва фанлар олимпиадасининг турли босқичларида ғолибликни қўлга киритаётганларида Гулойим Бегжанованинг ҳиссаси катта, - дейди мактаб директори Зулфия Юсупова. – Аълочи ўқувчимиз Света Шомуродова билимлар беллашувининг туман босқичида 1-ўринни, республика босқичида 2-ўринни эгаллади. Яна бир ўқувчимиз Феруза Шомуродова эса умумтаълим мактабларининг ахборот-ресурс марказлари аъзолари ўртасида ўтказилган “Мен севган бадиий қаҳрамон” иншолар танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи ғолиби бўлди ва танловнинг мамлакат босқичида иштирок этиб, совриндорлар қаторидан жой олди.
Гулойим Бегжанованинг шогирдлари жуда кўп. Улар бугунги кунда туманимиз таълим тизимини ривожлантиришга муносиб ҳиссаларини қўшишмоқда. Тил ва адабиёт фани ўқитувчилари Муҳаббат Абдукаримова, туманимиз ёшлари орасида анчагина таниқли, фидойи ёшлар етакчиси ва волонтёр Муяссар Раҳматуллаева, НДПИ талабаси, бўлғуси тил ва адабиёт фани ўқитувчиси Гавҳарой Қурбонбоева... Бу рўйхатни яна давом қилдириш мумкин. Лекин Гулойим учун ҳам, жамият учун ҳам рўйхатнинг салмоғи эмас, балки унда илм-шарифлари қайд этилган шахсларнинг маҳорат ва малакаси муҳим. Шу боис, Гулойим шогирдлари билан ҳар гал учрашганида уларнинг нафақат ютуқлари, балки камчиликлари ҳақида ҳам эринмай суҳбатлашади, қимматли маслаҳатлар беради.
Йигирма бир йилдирки унинг ҳаёти мактаб, ўқувчи-ёшлар даврасида ва ҳамон ўқиб-ўрганиш, изланишда, бўш вақтлари эса ижод лаҳзаларида кечади. Кўнгилларни тебратувчи, юракларга куч, қудрат бахш этгувчи шеърлар ёзади. Тўпласа, ёзганлари қалингина бир китоб бўлгулик. Қайси даврада бўлмасин, Гулойим Бегжанованинг шеърлари қалблар ардоғига, кўнгиллар мулкига айланади, дилларда шеъриятга, маънавиятга чексиз меҳр уйғотади. Чунки у шунчаки ёзмайди. – Ватан деган юракларда муҳаббат шавқини уйғотиб, чўллаган кўнгилларга меҳри-об таратиб ёзади, ёзаверади. Юраги тоза, умид ва ниятлари улуғ ижодкор-ўқитувчи у!
Мен бу фидойи инсон билан ҳеч хайрлашгим келмади:
- Шеърият айёмларида, меҳр-муҳббат барқ урган давраларда учрашамиз, сени мен, у улар – адабиёт ва шеърият ихлосмандлари яхши кўришади, Гулойим! – дегим келди.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶