ОИЛА ҚЎPҒОНИНИНГ ОБОДЛИГИ – ҲАP КИМНИНГ ЎЗ ҚЎЛИДА
Улкан, қатор ўтирғичлар ўрнатилган суд зали. Асабийлашгани шундоққина афтидан сезилиб турган ёш эр-хотин залнинг бири ўнг, бири чап тарафида ўтиришибди.
Судья босиқлик билан минбарда турган етти-саккиз ёшлар чамасидаги ширингина ўғлонга деди:
– Сен ҳеч нарсадан қўрқма болакай, сенга ҳеч ким тазйиқ ўтказмайди. Олдингдаги қоғозга ким билан қолишингни ёз.
Суд залида сукунат. Судьянинг нигоҳлари болакайда. Бола... бола... қоғоз устига бемажол ручка тутган қўлини қўйди.
“Ким билан қолишингни ёз”. Бола изтиробда бироз бошини эгиб турди. Кейин секингина дадасига нигоҳ ташлади. Эсини таниганидан буён у билан боғлиқ бахтиёр дамлари кўз ўнгига келди: ота-онасининг хушчақчақ ўтириб нонушта қилганлари, дадасининг эркалашлари, балиқ овига борганлари, қувалашиб-қувалашиб ўйнаганлари, ушлаб олган вақтида бағрига қаттиқ босиб, юзи билан юзини, кўксини қитиқлаганлари. ... Наҳот ота-онаси ажрашади-ю, у дадасидан айрилса... йўқ! Бундай бўлмаслиги керак, ахир унга дадаси жудаям керак! Дадаси ҳам “мен сен биланман” дегандай бошини қимирлатиб қўйди.
Бола нигоҳини онасига бурди. Мендан воз кечмоқчими, деган хавотирда ўтирган она бир қалқиб тушди. Норасиданинг кўз ўнгида оиласи бахтиёр яшаган даврлардаги онаси билан кечган дамлари жонланди. Эҳ... қандай ажойиб дамлар эди-я, у дамлар. Энди... у... Энди наҳотки у ўзини жонидан-да ортиқ кўрувчи онасидан воз кечса? Ахир болага икковидан бири билан қолишини, биридан воз кечишини ёзиш топширилди. Бу қандай даҳшат! Ахир фарзанд ота ё онасидан қандай қилиб юз ўгира олади? Ноҳақлик эмасми, бу? Бола ақлига сиғадими бу?
Унинг қалбини ўртаётган аламли ўйлар кўзларидан шашқатор ёш бўлиб қоғоз юзига томди. Ўйлай-ўйлай ахийри ўз қарорини ёзди: “Ота-она танланмайди, мен ўз оиламда қолишни истайман”. Ва кўзларида умид, илтижо билан қоғозни судьяга узатди.
Бу ролик ижтимоий тармоқларда тарқалганидан бери кўрган одамнинг кўнглини эзади. Мен ҳам ҳар сафар қайта кўрганим-да эр-хотин ҳеч бўлмаса, шу жажжи ўғилчаси учун ажрашиш фикридан қайтишса эди, деб ўйлайман, боланинг кўз ёшлари юзини ювиб турган ҳолатини ҳеч унутолмайман.
Тўғри, бу ролик – ижод маҳсули. Бироқ ҳаётда шу бола ҳолига тушиб азобланаётганлар, отасини ё онасини фақат тушларида кўриб, соғинчдан юраклари яра бўлиб яшаётган норасидалар камми?
Бу-ку, ота-онаси ажрашаётган боланинг ҳаётидан биргина лавҳа, холос. Ажрашиш туфайли етим бўлиб қолаётган болаларнинг ҳаётини кўз олдингизга бир келтириб кўринг-а, улар умр бўйи шундай азобларни тортиб яшашга маҳкум эмасми?
Мамлакатимизда ёш оилаларнинг оёққа туриб кетишини, осуда ва фаровонлигини таъминлаш учун ғамхўрликлар тобора кучаяётган, ёш келин-куёвларнинг мустақил ҳаётга мослашишини таъминлаш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётган бир вақтда, афсуски, оилавий ажрашишлар кундан-кунга кўпаймоқда. Бу борадаги туманимиздаги статистикага назар ташлайдиган бўлсак, 2017 йилда 93 та, 2018 йилда 106 та, жорий йилимизнинг шу кунигача 62 та оила ажрашган. Ўтган йилнинг шу давригача 47 та ажрашиш қайд этилганини назарда тутсак, бунингдек нохуш ҳолат жорий йилда яна ҳам кўпаяётганига гувоҳ бўламиз.
2018 йилда 99 нафар бегуноҳ болалар тирик етим бўлиб қолишган эди. Жорий йилда шу кунгача бундай болалар сони 42 нафарга етди. Соғлом ҳаёт кечирувчи одамлар тасаввур қилиши қийин бўлган яна бир дилни ўртайдиган факт: жорий йилда ажрашган оилаларнинг тўрттасига аёлларнинг хиёнати сабаб бўлган.
Гулшод Юсупова – “Оила” маркази туман бўлими раҳбари:
– Ахлоқсизликни ҳар қандай ҳолатда ҳам оқлаб бўлмайди. Айниқса, оилали, фарзандли аёлларнинг бу йўлга кириши умуман кечирилмасдир. Чунки она фарзандлар тарбиясига, оилада тинч-тотувликни, ўзаро ҳамжиҳатликни таъминлашга масъул шахс.
Афсуски, ана шундай мўътабар зотлар орасида ҳам ўз бурчини, масъулиятини унутиб, ўткинчи ҳаваслар қулига айланиб қолаётганлари ҳам учраб туради. Бундай аёллар билан алоҳида шуғулланиб, ножоиз йўлдан қайтаришга интилаяпмиз.
2019 йилнинг ўтган даврида 50 тадан зиёд арзимаган икир-чикирлар туфайли ажрашиш ёқасига бориб қолган, ҳатто судга ариза билан мурожаат қилган оилаларни яраштиришга муваффақ бўлдик.
Афсуски, кейинги йилларда деярли барча хонадонларда мавжуд интернет, хорижий каналлар ҳаётимизга ғарб “Оммавий маданияти”нинг айрим кўринишлари кириб келишига “ҳисса” қўшаётганидан кўз юмиб бўлмайди.
Ёшларнинг енгил-елпи ҳаётдан ўрнак олиши эртага бир кун елкасига рўзғор ташвишлари тушганида, аниқки, эсанкираб қолишига сабаб бўлади. Ажрашиш энг тўғри йўлдек кўринади, ҳаёт ҳинд фильмлари эмаслигини англаб етишмайди.
Ҳа, тинч-тотув, бахтиёр оилани барпо этишнинг ҳам машаққатлари, босиб ўтиладиган паст-баланд йўллари бор. Мана бу онахонларнинг сўзларига қулоқ тутсангиз, бу борада кўпроқ тасаввурларга эга бўласиз:
Хадича Тўраева – таълим фахрийси:
– Менинг икки ўғил, икки қизим бор. Дадаси вафот этганида кичкинам ҳали эсини танимаган эди. 28-сонли мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб, ёлғиз ўзим тўртовини ҳам олий маълумотли, уйли-жойли қилдим. Бу айтишга осон, бошимдан ўтганлари фақат Яратганга аён. Бироқ буни англаган ҳамкасбларим, қўшниларим доим кўнглимга далда бўлиб келди. Бугун болаларимнинг камолини кўриб яшаётганимдан бахтиёрман. Ёшлар оила масъулиятини чуқур англашса, ўткинчи ташвишларни енга олишса, албатта, яхши кунларга етади.
Моможон Нуримбетова – тиббиёт фахрийси:
– Менинг тўрт нафар ўғлим бор. Дадаси билан уларни ўқитдик, касб-ҳунарли қилдик. Вояга етганида бирин-кетин уйлантирдик. 16 йил тўрт келиним бир ҳовлида яшашди, бири-бирови билан уришиб, ё эр-хотин орасида низо чиқиб, ота уйига кетиб кўришмади. Баъзан, англашилмовчиликлар бўлиб қолса, ёнимга ўтирғизиб, барини босиқлик билан тушунтираман. Вақт-соати етиб, ҳозир тўртовини ҳам ҳовли-жойли қилиб, рўзғорини бўлаклаб бердик.
Демоқчиманки, ота-оналар фарзандлари янги турмушга кўникиб кетгунича ёшларнинг кўп хатоларини кечириб, кўп йўл-йўриқлар бериши керак, оилани асрашни ўргатиши керак.
***
– Мактабимизда 11 нафар ҳеч қачон кўзлари кулмайдиган ўқувчиларимиз бор. Биласизми, нега? Ота-онаси ажрашган, хориждан неча йиллардан бери келмай юрган оилалар фарзандлари бўлганидан, кўнгли ота-она меҳрига қонмаганидан, ўзларини ота-онасига кераксиздай ҳис қилганидан. Мен раҳбар сифатида доим уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор бераман, фан ўқитувчиларидан ҳам уларнинг кўнглига йўл топиб муомала қилишини, озгина муваффақияти учун ҳам синфдошлари олдида рағбатлантириб, эътибор беришини талаб қиламан. Бироқ ота-онасининг “қалайсан” ё “баракалла, болам” деган бир оғиз сўзига не етсин! Нега ота-оналар буни тушунгиси келмайди экан-а?
шаҳридаги мактаблардан бирининг директори айтган бу сўзларнинг ҳаётда тасдиғини ҳаммамиз кўриб юрибмиз. Бола ота-онаси бағридагина бахтиёр бўлади.
Биз юқорида ажрашишлар ҳақида айтдик. Энг ачинарлиси, бугунги кунда ҳам ажрашиш ёқасида турган юздан зиёд оилалар бор. Уларни бундан сақлаб қолишга ҳаракат қилиш ҳамманинг бурчи. Чунки уларнинг бири қўшни, бири маҳалладош, бири қариндош...
Бу дунёда эмин-эркин ва беташвиш яшаб, осуда турмуш кечиришимиз учун ўз дахлсиз ҳудудимиз – ўзимиз бино қилган оила дея аталгувчи муқаддас қўрғонимиз мустаҳкам ва обод бўлмоғи лозим. Ҳақиқий бахтга ана шу қўрғон ичидаги қонунларга бўйсуниш, ўзаро аҳиллик, бир-бировга ҳурмат, ёши улуғларнинг ҳаётий тажрибаларидан ибрат олиш, сабрлилик билан яхши кунларга интилиш туфайли эришилади.
Унутмайлик, ҳар биримиз яшаётган оиламиз – жамиятимизнинг бир бўлаги. Демак, оила қўрғонимиз обод, фаровон бўлмоғи учун шу жамият фуқароси сифатида зиммамизда улкан масъулият бор, шундай эмасми?
Ойгул PАЖАБОВА,
журналист.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶