Амударё туманининг Бобур номли овулидан репортаж
Сўнгги йилларда туманимиз овул ва маҳаллалари обод ва фаровон гўшаларга айланиб бормоқда. Аҳолининг моддий-маънавий ривожланиш даражаси юксалиб, янги-янги инфратузилма объектлари қурилиб, қишлоқлар, маҳаллалар кўркига-кўрк қўшмоқда.
Амударё туманидаги Бобур номли овулда яшовчи аҳоли доимий турғун халқ бўлиб, мазкур қишлоқнинг ўзига хос тарихи, тараққиёт тамойиллари мавжуд. Қишлоқнинг қайси бир хонадонига борманг, уларнинг барчасида ўзлари туғилиб-ўсган заминга меҳр-муҳаббати биланд, қалблари фахр-у ифтихорга тўла инсонларни учратасиз. 1223 та оилага бирлашган 4521 нафар аҳолининг асосий қисми ўзбек миллатига мансуб бўлса-да, ушбу табиати ўзига хос, бетакрор заминни жондай азиз Ватан билиб, шу эл ободонлиги йўлида фидойилик билан меҳнат қилаётган қорақалпоқ, қозоқ, туркман, бошқирд миллатларининг худди бир оила фарзандларидай аҳил-иноқлиги таҳсинга муносиб.
Айни пайтда Бобур номли овулда истиқомат қилувчи аҳолининг 1811 нафари тумандаги турли корхона ва ташкилотларда меҳнат қилишади. 113 нафар киши тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланади. Хусусан, 27 нафар киши савдо-сотиқ йўналишида, аҳолининг 23 нафари чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишларида, 34 нафари тадбиркорликнинг бошқа соҳаларида ўз фаолиятларини йўлга қўйишган.
Бугунги кунда 384 нафар уюшмаган аҳоли вакиллари мавсумий ишларга жалб қилиниб, бандлиги таъминланган. Шундай бўлса-да, овул аҳолисининг доимий иш билан бандлигини таъминлаш бўйича фуқаролар йиғини Кенгаши аъзолари томонидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, аҳоли томорқасидан унумли фойдаланиш, ҳудуддаги тадбиркорлар томонидан янги иш ўринлари яратилишини таъминлашга қаратилган кенг қамровли режавий ишлар амалга оширилмоқда.
Аҳолининг асосий қисми ҳудуддаги 9 та фермер хўжаликларида ижара-шартномалари асосида меҳнат қилишади. Овул аҳолиси фарзандларининг муносиб таълим-тарбия олишлари учун 3 та мактабгача таълим ташкилоти ва 3 та умумтаълим мактабида барча шароитлар яратилган. Замон талаблари даражасида жиҳозланган маданият маркази, спорт майдончалари, мактаблар ҳузуридаги ва маҳаллалардаги кутубхоналарда зарур шарт-шароитлар мавжуд.
Шунингдек, овулдаги Сейтовул, Нукусовул, Қўнғиротовул маҳаллаларида 9 та савдо шохобчалари, 2 та дорихона, оилавий поликлиника хизматидан аҳоли мамнун.
Қишлоқдаги 823 та хонадоннинг ўз томорқа ери бор. Томорқа ер эгалари умумий 110 гектар майдонда деҳқончилик қилишади. Шундан 216 та хонадоннинг дала томорқа хўжалиги мавжуд. Деярли ҳар бир томорқа хўжалигига эга хонадоннинг ўз чорваси, паррандаси бор. Ҳудуд аҳолисининг 175 нафари эса асаларичилик йўналишини йўлга қўйишган. 22 та хонадонда эса енгил сиғимли иссиқхона хўжалиги ташкил этилган.
Сўнгги йилларда қишлоқдаги бир неча инфратузилма объектлари қурилиб, кенг кўламли ободонлаштириш-кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилди. Хусусан, қишлоқнинг марказий кўчасига тунги чироқлар ўрнатилиб, туман марказига автобус қатнови йўлга қўйилди. Шунингдек, аҳолига 2 та тозаланган сув етказиб бериш, 1 та умумий овқатланиш шохобчалари қурилиб, фойдаланишга топширилди. Қўнғиротовул маҳалласи ҳудудида янги иморат қуриб, кўчиб ўтган 27 та хонадон томорқаларини сув билан таъминлаш учун янгидан ариқ қазиб берилиб, ҳудудни яшил маконга айлантириш мақсадида 211 туп игна баргли дарахт кўчатлари ўтқазилди, 1 та хусусий мактабгача таълим ташкилоти ишга туширилиб, Сейтовул маҳалласига янгидан иморат қуриб, кўчиб келган аҳолига қулайлик яратилиб, йўллар тартибга келтирилди. Қўнғиротовул маҳалласидаги 2 та янги кўча тартибга келтирилди ва салкам бир чақирим узунликдаги йўл кўтарилиб, шағал-тош ётқизилди.

Қишлоқда ижитмоий-маънавий муҳитни янада яхшилаш, аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли ўз тадбиркорлик фаолиятини бошлаган ва халққа қулайлик яратиб, манфаат етказаётган инсонлар талайгина.
Биз ижодий гуруҳимиз билан қишлоқда бўлганимизда “Аkfa plast” маҳсулотлари ишлаб чиқариш, иссиқ нон ёпиш, мебель маҳсулотлари ишлаб чиқариш, иссиқхона фаолиятини йўлга қўйиб, элдошлари учун зарур қулайликлар яратиб, муносиб хизматлари орқали халқ олқишига сазовор бўлаётган тадбиркорлар фаолияти билан яқиндан танишдик.
Хусусан, “Аkfa plast” маҳсулотлари ишлаб чиқариш орқали элдошлари учун қулайлик, оиласи учун зарур даромад манбаини яратган тадбиркор Ойбек Ержанов оила аъзолари ва шогирдлари билан биргаликда ишлаб чиқараётган замонавий эшик ва дераза ромлари сифатлилиги ҳамда кўркамлиги билан харидоргир.

“Баҳром-Лолагул” кўптармоқли масъулияти чекланган жамияти раҳбари Баҳром Йўлдошев ҳам ўз тадбиркорлик фаолияти билан ҳамқишлоқларининг ҳурматига сазовор бўлган. Мазкур масъулияти чекланган жамият шаклидаги кўп тармоқли фирма томонидан ишлаб чиқарилаётган нон маҳсулотлари айни пайтда қўшни овул ва маҳаллалар аҳолисига ҳам манзур бўлмоқда.

Тадбиркор Турсунбой Қулимбетов эса қўли гул уста. У ясаган мебель жиҳозларининг харидорлари ҳам талайгина. Турсунбой Кулимбетов ва унинг шогирдлари тайёрлаган турли бичимдаги уй жиҳозлари, аввало ҳамқишлоқларининг, қолаверса, туманимиздаги кўплаб мижозларининг хонадонлари кўркига-кўрк қўшиб турганидан хурсанд.

Қишлоқда кекса авлод вакилларига алоҳида эҳтиром кўрсатилиб, уларнинг аҳволидан тез-тез хабар олиб турилади. Ҳаётининг энг навқирон даврини эл-юрт фаровонлиги йўлида хизмат қилишдек шарафли ишга бағишлаган, иккинчи жаҳон уруши йилларида фронт ортида катта ёшлилар билан бирга меҳнат қилган 90 ёшли Каримбой ота Қулибоев ҳамда Омонгул момо Сейитмамутовалар бугунги кунда ҳамқишлоқларининг фахр-у ифтихорига айланишган. Овул масъуллари тез-тез бу пир-у бадавлат отахон ва онахон ҳузурида бўлишиб, уларнинг ҳаёт ҳикматларига тўла суҳбатларидан баҳраманд бўлишади. Нуроний кексаларнинг кўнгилларини кўтариш мақсадида байрамларда ҳадялар улашадилар.

Яна бир тадбиркор Низомаддин Қулимбетов хонадонида бўлсангиз, албатта сизни қишин-ёзин, хушбўй лимонли чой билан сийлашади. Ўз томорқа ерида 3,5 сотих енгил сиғимли иссиқхона хўжалигини ташкил қилган Низомаддин оға 50 туп ноёб лимон ҳам ўстирган. Айни пайтда шиғил мевага кирган лимон дарахтларини кўрган кишининг кўзи қувнаб, дилида ҳавас уйғонади. Иссиқхона хўжалигидан оиласи бюджетига тушаётган даромаддан эса Низомаддин оғанинг кўнгли тўқ. Кўнгил тўқлиги – оила фаровонлиги, фаровонлик эса ҳаётдан рози яшаш сари йўлдир.

Қишлоқдаги 86-сонли мактабнинг математика фани ўқитувчиси Қаҳрамон Собуров эса овул ёшларининг етук ва билимдон инсонлар бўлиб етишишларини таъминлаш орзусида мактабда математика тўгарагини ташкил қилган. Ҳисоб илмини ўрганишни ният қилган ўқувчи-ёшларни атрофига жамлаб, барча фанларнинг калити бўлган математика сирларини шогирдларига эринмай ўргатаётган Қаҳрамоннинг шогирдлари орасида мактабдагина эмас, балки туман ва республика миқёсида ўз касбидан камол топиб, эл-юрт ҳурматини қозонаётган ёшлар талайгина.

Яна бир фидойи тадбиркор Мақсудахон эса ўзининг чеварлик ҳунари билан ҳамқишловларининг талаб ва эҳтиёжларига муносиб хизмат кўрсатаётганидан мамнун. Мақсудахон тиккан либосларни севиб-севиб киядиган мижозлари эса ундан миннатдор.

Бугунги кунда Бобур номли гўзал бу қишлоқ аҳли ана шундай, фидойи, бири-биридан меҳнаткаш, элим, юртим, оилам бахти, фаровонлиги деб яшаб, меҳнат қилаётган фарзандлари борлигидан мамнун ва миннатдор яшашга ҳақли. Чунки бу қишлоқнинг ҳар бир хонадони, ҳар қарич ери улар учун азиз, муқаддас. Ана шу туйғу қишлоқ аҳлини янада эзгу мақсадлар сари ундайверади.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶