“ҚОРАҚАЛПОҚ ХАЛҚИНИНГ ПАЗАНДАЛИК САНЪАТИ”ДАН БАҲРА ОЛИНГ!
Эрта баҳор. Экин-тикин ишларида бир кун кечикиш деҳқонга бир ойлик панд беради, дейишади. Томорқа ерини обдон ҳайдаб, текислаб, картошка экишга киришган Дилмурод бир эгатга уруғ ташлагунича ҳаллослаб қолди. Оёғидан мадори кетиб, судралганича четга чиқиб ўтирди. Унинг ғалати ҳолатини кузатиб турган қўшни Норгул момо ҳол сўради:
– Ҳа, болам, ишни энди бошлаб, четга чиқиб олдинг?
– Оёғим қалтираб, мадорим бўлмаётир, момо, касал бўлганга ўхшайман.
Момо тушунди, баҳорги кам-қувватлилик. Дилмуродга ўз қўли билан қувватбахш таом тайёрлаб бергиси келди.
– Сен уйингга бориб дамингни олчи, экишни тушликдан сўнг қиласан. Мен сенга оёғингга мадор берадиган таом тайёрлайман.
Дилмурод ҳолсизгина уйига йўналди, момонинг гапларига эътибор ҳам қилмади. Орадан бироз вақт ўтиб, қўлида дастурхонга ненидир тугиб олганча, Норгул момо кириб келди.
– Яхшимисан, болам, – деди кўк чой билан қовурилган макаронни олдига қўйганча иштаҳасизлик билан таомланаётган Дилмуродга.
– Касалга чалиндим-ов, мо-мо.
– Сенинг касаллигинг, мана менга аён, сенга дармон таом олиб келдим, еб кўрчи, қандай тикланганингни билмай қоласан.
Момо ўзи олиб келган дастурхонни ёзди. Унда иккита зоғора нон билан бир косада суюқ овқат, бир банка қатиқ ҳам бор эди. Дилмурод зоғора нонни иштаҳа билан оғзига соларкан, раҳматли онасининг эрта баҳорда тез-тез тайёрлайдиган таоми – жўхори ёрма билан гўжа ошини эслади. Норгул момо эса бу вақт косадаги таом устига қуритиб, майдаланган ошкўкни солиб, унинг олдига қўйди.
– Ол, қатиқ билан бирга ичиб ол, қувват бўлади, оқ жўхори ёрма, товуқ гўшти, қовоқ, сабзи, картошка ҳам қўшганман.
Битта зоғора нон билан бир коса ёрма ошини тановул қилган Дилмуроднинг вужуди яйради, ҳақиқатан ҳам кайфияти кўтарилиб, боғдаги ишларини давом эттиргиси келди.
– Ана кўрдингми, болам, ҳар куни палов, макарон қовурдоқ истеъмол қилавериб, танангда дармондорилар камайиб кетган, оқ жўхоридан тайёрланган овқатларнинг қуввати баланд бўлади, айниқса, баҳорда!
Шу куни Дилмурод кечгача томорқасига картошка экиб бўлди.
Азизлар, мен бу воқеани тўқимадим, шундоқ ёнимизда, биз билан ҳамнафас яшаётган нуроний онахонларнинг унутилиб бораётган пазандалик маҳорати туфайли ўзини “касалман”, деб ҳис этаётган Дилмуроднинг ҳаётидан бир лавҳа келтирдим, холос.
Дарвоқе, халқимизнинг пазандалик санъати тарихига назар ташласак, нафақат Ўзбекистон, балки дунё халқларининг ҳайрат, ҳавас ва эътиборига муносиб таомлар рўйхати шаклланганига гувоҳ бўласиз. Қорақалпоқ халқининг такрорланмас пазандалик санъати маҳорати, бири-биридан қувватбахш таомлари хусусида аниқ маълумотларга эга бўлишни хоҳлайсизми? Унда Қорақалпоқ умумий овқатланиш корхоналари бошқармаси бошлиғи Г.Йўлдошев муаллифлигида, “Avangard baspa” нашриётида чоп этилган “Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича ошпазлар учун ўқув қўлланмаси” ва “Қорақалпоғистон ошпазлик санъати” китобларини ўқишни тавсия этаман.
Гулмирза оға учун пазандалик бегона эмас. У 1974-79 йилларда Самарқанд кооператив институтини муҳандис-технолог йўналиши бўйича тугатганидан бери умумий овқатланиш корхоналарида, шу соҳа бўйича турли раҳбарлик лавозимларида фаолият юритиб келади ва унутилиб бораётган қорақалпоқ миллий таомларини тайёрлаш усулларини ўсиб келаётган ёш авлодга етказиш мақсадида илмий изланишлар олиб боради. Яқинда ўзбек, рус қорақалпоқ ва инглиз тилларида чоп этилган муаллифнинг иккала китоби ҳам ана шу кузатишлари, қорақалпоқ миллий таомларини тайёрлаш усуллари борасидаги изланишлари самараси сифатида кенг китобхонлар оммасига тақдим этилди.
Энг яхши шифокор – бу яхши пазандадир, деган ҳикматли гап бекорга айтилмаган. Муаллифнинг “Қорақалпоқ ошпазлик санъати” китобида жамланган қорақалпоқ миллий нон турлари, қуюқ ва суюқ таомлар, салатлар, яхна ичимликлар, гарнирларнинг тайёрланиши, ҳатто кимёвий, биологик, физик хусусиятлари, тўйимлилик даражаси, қуввати хусусида ҳам батафсил маълумотлар берилган.
Гулмирза Йўлдошев 2016 йилда Озарбайжон Республикасининг Габала шаҳрида бўлиб ўтган “Gabala International JAM” гастрономик фестивалида “жўхори куртук” ва “оқ жўхори ёрмаси” таомлари билан иштирок этиб, “Миллий таом” номинацияси бўйича 1-ўрин, 2019 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи халқаро “Вкусный Узбекистан” қандолатчилик фестивалининг бронза медали соҳиби бўлди. Бутунжаҳон бош ошпазлар Ассоциацияси WACS раҳбари Томас Гуглер бошчилигида дунёнинг 50та мамлакатидан 300 нафардан зиёд малакали мутахассис ошпазлар иштирок этган мазкур фестивалда Гулмирза оға Йўлдошев Қорақалпоғистоннинг бой тарихий-маданий урф-одатлари, меҳмон (қўноқ) кутиш одобларини намойиш этиш билан бирга, “Сутда қайнатилган гуруч” ва қорақалпоқларнинг энг қадимий “ақсаулақ” таомини маҳорат билан тайёрлаб, фестиваль иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлган.
Йиллар давомида орттирган илмий-назарий ва амалий тажрибаларини умумлаштириб, “Қорақалпоқ ошпазлик санъати” китоби орқали азиз халқига тақдим этган Гулмирза Йўлдошевнинг меҳнати тарих фанлари докторлари З.И.Қурбонова, М.А.Қарлибаев ҳамда тарих фанлари номзоди Р.С.Камаловалар томонидан юқори баҳоланганидан ҳам аёнки, муаллиф ушбу китоб орқали нафақат ошпаз-пазандалар, балки ҳар бир хонадон ошхонаси ҳамда уй бекалари учун энг зарур ҳаётбахш, қувватбахш таомномалар гулдастасини тузганлар ва бу гулдаста халқимизга, албатта, манзур бўлади.
“Мактабгача таълим ташкилотларида соғлом овқатланишни ташкил этиш бўйича ошпазлар учун ўқув қўлланмаси” китоби эса МТТларда тарбияланаётган кичкинтойларни хавфсиз ва сифатли овқатлантириш бўйича зарур талаблар, хусусан, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиш, таомномалар тузиш, таом тайёрлаш технологиялари, маҳсулотларнинг қувватлилик даражалари юзасидан муҳим тавсияларни ўз ичига олган. Ушбу китоб мактабгача таълим ташкилотларида фаолият олиб борувчи ошпазларнинг ўз иш фаолиятларини тўғри ташкил этишларида катта аҳамиятга эга.
Биология фанлари доктори А.Матчанов, Қорақалпоғистон Республикаси Мактабгача таълим вазири А.Наримбетов ва Халқаро ўзбек пазандачилик санъати маркази устоз-ўқитувчиси Н.Бекчановлар томонидан илмий қиммати юқори баҳоланган ушбу ўқув қўлланмаси таом тайёрлашдан тортиб, ҳар бир таомда фойдаланилган маҳсулотларнинг таркиби хусусидаги илмий-назарий мақолаларни қамраб олган.
Ҳар иккала китобни, тўғриси, қўлдан қўймай ўқидим ва ўзим учун зарур сабоқлар олдим. Ишончим комилки, муаллифнинг иккала китоби ҳам сиз азизларга манзур бўлади ва халқимизнинг бетакрор пазандалик санъатидан баҳра оласиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶