"МАРТАБАНГ БАЛАНД БЎЛСИН, ОНА ТИЛИМ!" ШИОРИ ОСТИДА ҚОРАҚАЛПОҚ ТИЛИ БАЙРАМИ ЎТКАЗИЛДИ
Тил — миллатнинг кўрки, миллий-маънавий ҳаётининг кўзгуси. Она тилини қадрлаган миллатнинг дунё миқёсидаги нуфузи ҳам, ўрни ҳам баланд бўлади. Асрлар давомида халқ закоси, бетакрор урф-одат ва анъаналари асосида такомиллашиб, бугунги кунда дунёдаги юзлаб тиллар орасида ўз ўрнига эга бўлган қорақалпоқ тили бу заминда яшовчи ҳар бир инсон учун янада қадрли. Шу боис, бу тилни халқимиз нафақат севиб, ардоқлайди, балки умумтаълим мактабларида, олий таълим муассасаларида ёшлар катта қизиқиш билан ўрганадилар.
Ҳар йили қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилган сана муносабати билан маънавий-маърифий, мусиқий тадбирлар ташкил этилиб, қорақалпоқ тилининг халқимиз ҳаётида тутган ўрни хусусида маърузалар ўқилади, қорақалпоқ мумтоз ва замонавий адабиёти намояндаларининг асарлари асосида саҳна кўринишлари намойиш этилиб, қорақалпоқ халқ оғзаки ижоди намуналари бўйича турли интеллектуал ўйинлар ўтказилади.
Амударё тумани Мактабгача ва мактаб таълими бўлими тасарруфидаги 1-сонли умумтаълим мактабида ҳам қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганининг 36 йиллигига бағишланган "Мартабанг баланд бўлсин, она тилим!" шиори остида маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни мактаб директори Дилрабо Шербоева очди ва барчани байрам билан муборакбод этиб, 1-сонли мактабда қорақалпоқ тилини ўқитиш борасида ўзига хос тажриба шакллангани, мактаб ўқувчилари фанлар олимпиадасининг туман ва Республика босқичларида муваффақиятли иштирок этишаётгани хусусида фахрланиб сўз юритди.
Тадбирга ташриф буюрган азиз меҳмонлар — "Ustaz joli" газетаси бош муҳаррири Жеткербай Отегенов, мазкур газетанинг жамоатчи мухбири Сапура Сапарова, "Qaraqalpaqstan jaslari" газетаси муҳаррири Шукрбай Сийпатдинов, таниқли қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси Уримхан Тажимуратова ҳамда мактабнинг қорақалпоқ тили услуб бирлашмаси ўқитувчилари ва мактаб ўқувчилари иштирокида давра суҳбати ташкиллаштирилди.
Давра суҳбати жараёнида меҳмонлар қорақалпоқ тилининг бой тарихи ва тараққиёт босқичлари, давлат тили сифатидаги халқаро миқёсдаги нуфузи хусусида сўз юритдилар. Шунингдек, тилнинг мамлакатимиз халқлари маънавий ҳаётидаги ўрни, унинг бугунги кундаги ривожланиш жараёни, ёш авлод зиммасидаги масъулиятли вазифалар, айниқса, қорақалпоқ тилининг имкониятларини амалда намоён этишга қаратилган илмий-педагогик изланишлар юзасидан ўзаро фикр алмашдилар.
Тадбир давомида мактабнинг олий тоифали қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси Аптабида Абдимуратова томонидан 10-"А" синфда тадбир меҳмонлари иштирокида очиқ дарс ташкил этилди. Маҳоратли ўқитувчи томонидан ташкиллаштирилган мазкур очиқ дарс энг замонавий педагогик услублар асосида олиб борилгани учун нафақат ўқувчилар, балки меҳмонларда ҳам катта таассуротлар қолдирди.
“Мартабанг баланд бўлсин, она тилим!” номли маданий-маърифий тадбирнинг адабий-мусиқий қисмида тадбир меҳмонлари мактабнинг бир асрлик тарихи ҳақида ҳикоя қилувчи музей фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Улар мазкур илм даргоҳининг нафақат Қорақалпоғистон, балки мамлакатимиз илм-фани, иқтисодиёти, ижтимоий-маданий ҳаётида тутган ўрнига юқори баҳо бердилар ва 1-сонли мактаб эл-юрт фахри эканлигини таъкидладилар.
Тадбир давомида мактабнинг “Турон” ҳаваскорлар театри жамоаси томонидан “Энг яхши мерос” эртаги асосида тайёрланган саҳна кўриниши намойиш қилинди. Ўқувчилар томонидан қорақалпоқ шоир ва ёзувчиларининг шеърлари, халқ оғзаки ижодига доир ҳикматли иборалар, мақол ва маталлар, қўшиқ ва рақслар ижро этилди.
Тадбирнинг якуний қисмида мактабнинг олий тоифали қорақалпоқ тили фани ўқитувчиси, ташаббускор ва изланувчан педагог Аптабида Абдимуратова “Adiwli ustaz” кўкрак нишони ҳамда диплом билан тақдирланди. Шунингдек, мактабнинг маҳоратли ўқитувчилари Дилдора Кучкарова, Янгила Шомуратова, Насиба Кучкарова, Моҳира Камоловаларга ташаккурномалар берилди.
Ўқувчи-ёшлар қалбида Ватанга муҳаббат ва истиқлол ғояларига садоқат туйғуларини мустаҳкамлаш, қорақалпоқ халқининг бой маданий-маънавий мероси, урф-одатлари ва миллий қадриятларини кенг тарғиб қилиш мақсадида ташкиллаштирилган байрамона тадбир мактаб ўқувчилари учун ҳам, тадбир меҳмонлари учун ҳам қизиқарли таассуротларга бой бўлди.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶