АМУГА ЭЛ БЎЛГАН ҚОРАҚАЛПОҚ ҚИЗИ
Яратганнинг хоҳиш-иродаси билан инсон умри, ҳаёт йўли қандай кечиши унинг ўзи дунёга келган куниданоқ тақдирига битилган, дейишади. Шунинг учундирки, оламжаҳон орзулар билан яшашга одатланган ҳар бир инсон ўз ҳаётини гўзал ва нурли томонга ўзгартириш иштиёқида умид қилишдан асло чарчамайди. Тақдирига битилган нурли кунлар орзуси уни гўё ўз бағрига чорлаётган каби олдинга интилаверади.
Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка, шимолий ҳудудидаги Кегайли туманида туғилиб-ўсган, Аллоҳ раҳмат қилсин Хўжанберган оға билан Улбўсин опалар ҳам вақтлар ўтиб, икки ўғли ва бир қизи Нукус шаҳрига, севимли қизи Гулчеҳрахон эса Амударё туманига эл бўлади, деб ўйлаш тугул хаёлларига ҳам келтирмаган бўлсалар керак. Хўжанберган оғанинг иш фаолияти туфайли Нукус шаҳрида қўним топган оилада бирин-кетин дунёга келган икки ўғил ва икки қизнинг уч нафари касбий тақозосига кўра, турмуш тарзини шаҳар ҳаёти билан боғлашди.
Болалигидан шифокор бўлишни орзу қилган Гулчеҳрахон умумтаълим мактабини аъло баҳоларга тугатгач, 2-сонли Нукус тиббиёт билим юртида таҳсил олди. 2001 йилда мазкур билим юртини муваффақиятли тамомлаб, Нукус шаҳридаги 2-сонли поликлиникада ҳамшира-лаборант сифатида илк меҳнат фаолиятини бошлади. У иш фаолияти давомида касбий маҳоратини доимий равишда ошириб бориш, ўз йўналиши бўйича соҳага оид янгиликлар, ўзгаришлар мазмун-моҳиятини чуқур англашга интилди. Натижада интилувчан ва касбий жиҳатдан билим ва салоҳияти юқори бўлган Гулчеҳрахон Менглимуратова ўзи ишлайдиган жамоада тажрибали ҳамшира-лаборант сифатида эътироф этиладиган бўлди. Ёш бўлса-да, тиббиёт билим юртларининг амалиётчи-талабаларига касб сирларини ўргатди. Кўплаб ёш мутахассисларга устозлик қилди.
У 2005-2012 йилларда Амударё туман Тиббиёт бирлашмаси ҳузуридаги Қон-диагностика маркази клиник лабораториясида лаборант вазифасида фаолият олиб борди. Доимий равишда ўз устида ўқиб-изланиши туфайли олий тоифали лаборант даражасига эришган Гулчеҳрахон Менглимуратова 2012 йилдан буён клиник лабораториянинг катта ҳамшира-лаборанти сифатида фаолият олиб бормоқда.
Шифо аҳли учун ёзилмаган бир қоида бор: қаҳратон совуқми, ярим тунми, касалхонанинг қайси бўлимига янги касал олиб келинса, беморнинг аҳволи-руҳиятидан келиб чиқиб, албатта, тор доирадаги шифокорлар назоратидан ўтказилади. Агар беморнинг аҳволи оғир бўлса, барча бирдай оёққа туради. Айниқса, бунда клиник лаборатория ҳамшира-лаборантларининг тезкор ва фаол ҳаракатлари муҳим аҳамиятга эга. Бундай вазиятларда, гарчи иш вақти тугаган бўлса-да, ҳеч ким ўз хизмат постини ташлаб кетмайди, барча ҳамжиҳатлик билан беморни ҳаётга қайтариш учун тунни-тонгга улаб меҳнат қилишади.
Гулчеҳра Менглимуратованинг иш фаолиятида бундай беором кечган онлар жуда кўп бўлди. Беморнинг аҳволи яхши томонга ўзгариши, унинг қисқа фурсатларда соғлиги тикланиб, оиласи бағрига қайтиши, аввало, клиник лаборатория ҳамширасининг қон таҳлилини аниқ ва тўғри ташхислашига боғлиқ. Буни яхши билган Гулчеҳра бундай вазиятларда тезроқ уйига кетишни эмас, балки беморнинг аҳволи яхшиланиши учун жон куйдираётган шифокорлар сафида бўлишни ҳамиша ўзининг зиммасидаги бурчи деб билганидан ҳаётининг асосий қисми шифохонада ўтади.
Клиник лабораториянинг катта ҳамшира-лаборанти сифатида унинг бажарадиган ишлари кўлами ҳам ниҳоятда кенг. Лаборатория ходимларининг кундалик иш жараёнини қатъий назорат асосида ташкил этиш, юқори касбий малакага эга бўлган ҳамшира-лаборантларнинг тажрибаларини устоз-шогирд анъанаси асосида ёш мутахассисларга ўргатиш тизимини жорий қилиш, клиник лабораторияда фаолият юритувчи барча ҳамшира-лаборантлар, кичик тиббий ходимлар ва хўжалик бекалари учун ОИВ инфекцияси, ўта хавфли юқумли инфекциялар, этика-деонтология, шифохона ички инфекцияларининг олдини олиш, шифокор одоб-ахлоқи мавзуларида ўқув-семинарлари ташкил этишдан тортиб, атроф-муҳит тозалиги ва ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш тадбирларигача Гулчеҳрахон Менглимуратованинг қатъий назорати, қолаверса, фидойилиги асосида амалга оширилади.
Фидойи меҳнат эса ҳамиша эътибор ва эътирофга муносиб. Гулчеҳрахоннинг фидойи ва камтарин меҳнати бир неча марта Тиббиёт бирлашмаси маъмурияти ва Амударё туман ҳокимлиги томонидан рағбатлантирилиб, Фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар билан тақдирланди. Юқорида таъкидлаганимиздай, тақдир тақозосига кўра, ўз ҳаётини амударёлик Сирожиддин Нуранов билан боғлаган қорақалпоқ қизи Гулчеҳрахон Менглимуратова нафақат касбий фаолияти, балки оиласига, Аму элига бўлган самимий меҳр-муҳаббати билан Амударё туманини ўзига мангу Ватан қилганидан мамнун. Мамнун бўлмасинми? Ахир ана шу гўзал юртдан у ўз бахтини топди, умр йўлдоши, Тиббиёт бирлашмасининг “Тез тиббий ёрдам” бўлимида ҳайдовчи бўлиб ишловчи Сирожиддин Нуранов билан бири-биридан ширин бир ўғил, бир қизни тарбиялаб вояга етказишмоқда.
У ўзи яшайдиган маҳалладагина эмас, Манғит шаҳрида оилапарвар аёл сифатида кўпчиликка намуна. Ишхонасига: “қон таҳлилимни ўзингиз қилиб беринг”, деб туманнинг олис қишлоқларидан уни йўқлаб келгувчилар бисёр. Аслида инсоннинг қадри ҳам ана шундай оддийгина эътиборда, эл-юрт эътирофи ва ишончида намоён бўлади. Гулчеҳрахон Менглимуратова ҳам касбий фаолияти, ҳам инсоний меҳр-муҳаббати билан эл аро қадр топганлардан.
РОБИЯ ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶