МУЛОЙИМЛИК, ҚАТТИҚҚЎЛЛИК, АЙЁРЛИК: яшаш "формула"си инсонда қандай бўлиши керак?!
Асал бўлиб ютилиб кетишни, заҳар бўлиб туфланиб кетишни истамаган одам ўзи учун ҳаёт кечиришнинг оптимал ечимларини ахтариб кўради, дастлаб. Кейин-чи?! Кейин нима бўлишини кейинроқ билиб оласиз.
Ўзининг дунёсида яшайдиган одамларни ҳурмат қиламан: доим ўзи билан ўзи банд бўлади, ўзи билан ўзи дардлашади, гапириши ва кийинишлари ҳам ғалати туюлади бошқаларга. Одатда, бундайларни тентак дейишади, йўлда ортидан мазах қилиб қоладиганларам топилади. Бироқ ана шундай "бошқача" ҳаёт тарзига эга инсонларнинг дунёсига кириб разм солсангиз, улар сиз-у биздан ақллироқ, дунёқараши теранроқ эканини англайсиз. Булар осмондан олинган гаплар эмас, ҳаётий кузатувларим.
Мулойимлик – инсониятнинг энг яхши хислати! Яхшиликкаям, ёмонликкаям хушфеъллик билан жавоб қайтариш, ўзаро ҳурмат, ён бериш, такаллуф, ширин сўз... Қанчадан-қанча душманларни дўстга, дўстни қариндошга айлантириб юбориш хусусиятига эга. Мулойим одам худди бол тутаётган бармоқ мисол, бир ёмон томони – баъзан шундайлар ҳам топиладики, асал тутган бармоқни тишлаб, узиб олади... Юраксизларга сенинг юмшоқ феълинг нима-ю, кўнглинг нима? Ҳар нарсада меъёр керак.
Қаттиққўллик – унга изоҳ яхшиликка ёки ёмонликка ишлатилганига қараб берилади.
Айёрлик – айнан мана шу иллат билан аввал кўкка "учиб", сўнг тарақа-туруқ қилиб ерга "қулаган" одамни танийман. Йиқилгандаям ёмон "йиқилди"да шўрлик. Хуллас, у ҳам ҳозир яшаш учун бошқа "операция" қидириб юрибди...
Энди савол туғилади, яшаш учун қайси "формула" иш беради?
Мулойим бўлиб, этиклар остида қолган япроқдай эзғиланиш керакми? Ёки қаттиққўллик билан сохта ҳурматга эга бўлиш керакми? Менимча, яхши яшаш учун яна бир оммабоп вариант – айёрлик. Лекин мени танишимга ўхшаб, ерга "йиқилиб" бурнинг синмаса бўлди..."
Бино ичкарисида анча вақтдан бери давом этаётган пардозлаш ишлари ёмон таъсир қилдими, ё бўлмасам ишхонадаги ҳужжатлар устидан бўладиган текшир-текширлар юрагига оғир ботдими, хуллас, у бемаврид вафот этди. Ёмон қаттиққўл одам эди-да бояқиш, жаҳли чиқса, хонтахтани ағдарарди, кимдир унинг ёнида ноўринроқ гапириб қўйса, кетидан пиёла учарди-я", деб эслайди уни одамлар...
Замон ўзгардими ёки замонни одамлар ўзгартирдими, мулойимлик камайди. Меҳр-оқибат, одамгарчилик йўқлик ёқасига келиб қолгандай. Табиатда турғунлик йўқдай. Агарда мендан кимдир яшаш учун ишлаб чиқилган юқоридаги йўналишлардан қайси бирини танлашимни сўраганида ҳеч бирини танламаган бўлардим. Сабаби, инсон учун ҳаёт кечиришнинг энг оптимал ечими бу – ўзинг бўлиб яшаш! Ва ўзинг бўлиб қолиш. Аслингдан узоқлашиб, ўзингдан умуман бошқа инсонни яратиб олиш эса қадарингга қарши боришдай гап. Шаҳардаги машҳур ресторанда бир қўлингда санчқи, бир қўлингда пичоқ тутиб, маданият билан овқатланиб, қишлоқдаги бувижонникига борганда ошни енг шимариб, қошиқсиз, қўлда ейишинг ўзингга маълум бўлса, хўш, бошқалар буни сезмайдими? Сезади. Керагида мулойим бўлиш, керагида меъёридан ошмаган қаттиққўллик, чегарадан чиқмаган айёрлик деярли барчамизда мавжуд хислатлар. Фақат улар кимдадир оз миқдорда, кимдадир ошиб кетган шаклда намоён бўлади. Ҳаёт саҳнасида эса кимдир бўри, кимдир тулки, кимдир қуён. Агар бу гапни қишлоқдаги бувижоним эшитганида: – "Бўри" бўлиб ҳеч кимни ғажима, "тулки" бўлиб ҳеч кимни чув туширма, "қуён" бўлиб ҳуркиб яшама болам, – дердилар.
"Бинодаги ички пардозлаш ишлари тугади. Текшир-текширларда ҳеч қандай кирдикор фош бўлмади. Чунки кирдикорнинг ўзи йўқ эди-да, ишхонада. Ўзгаргани – бир инсоннинг йўқолгани бўлди. Ҳаётлигида мен санаган образларнинг учтасиниям қўллаб кўрган ўша одамнинг атрофидагилар эндиликда яшаш учун "формула" изламайдиган бўлди..."
Азиза Мадраҳимова.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶