УМРИ АЗИЗ
Атрофимизда турфа хулқ-атворли инсонлар кўп: бири хушчақчақ, бири оғир-босиқ яна бирлари қизиққон, жиззаки,.. ва кенг феъл. Баъзан ҳаёт ташвишларидан чарчаган дамларимизда турфа хислатли элдошларимиз билан муомалада қийналиб қоламиз, кўнгилларига етолмай: “э, ҳа, битта гап кам, иккитаси кўп, бир ярим гап йўқ-да”, − деймиз, шундай кезларда. Аслида эса одамийликнинг энг улуғ ва энг оддий жиҳати − муомала маданиятимиз қашшоқлигини тан олгимиз келмайди...
Мен ҳар гал ўзининг ширин сўзи, ўткир зеҳни, юксак инсоний фазилатлари, бундан ҳам муҳими, элпарварлиги ва ҳавасга муносиб муомала маданияти билан деярли барча амударёликларнинг азиз отахонига айланган Бекман ота Аллаберганов билан суҳбатлашганимда инсоннинг шахс сифатида шаклланишида унинг муомала маданияти ўта муҳим эканлигини ҳис этаман. Чунки отахон қайси аудиторияда, қандай инсонлар даврасида бўлишларидан қатъий назар, ўз сўзи, муомаласи, халқимизга бўлган ўта самимий меҳр-муҳаббати билан суҳбатдошларининг ҳам, тингловчиларнинг ҳам ҳурмат ва эътиборини қозонишига кўп бора гувоҳ бўлганман.
Халқимизда асрлар синовидан ўтган пурмаъно ҳикмат бор: “Машаққатлардан чўчиган инсоннинг ҳаётида маъни бўлмайди”, дейишади. Агар таъбир жоиз бўлса, Бекман ота Аллаберганов ҳаёт машаққатларини кўп тотиган, ана шу машаққатлар аро тобланган, ҳаёт йўлларидаги тақдир синовларини метин иродаси, сабр-бардоши билан енгиб, бугунги дориломон кунлар қадрини бошида тутиб яшаётган эл-юрт фидойиси.
У ота меҳрига тўймай улғайди. Аллоҳ раҳмат қилсин, отаси Полвон ота Аллаберганов вафот этганида 8-9 яшар ўйинқароқ бола эди. Ҳали 40 ёшга кирмай уч ўғил, уч қизнинг тарбияси ва катта рўзғорнинг ташвишини зиммасига олган онаси Ўғил онага опа-акалари тиргак бўлишди. Бировдан олдин, бировдан кейин оила ташвишларини елкалаб, ҳаётга интилган болаларнинг энг кенжаси бўлган Бекман Аллаберганов туғишганлари меҳридан куч олиб улғайди. Рўзғор учун нимаики зарур бўлса, ака-опалари билан бирга меҳнат қилди, интилди. Қишлоқда у тенги болалар пахта даласида, колхоз фермасида, томорқада катталар билан баб-баравар меҳнат қилишар, тонгдан шомга қадар адоғи кўринмайдиган машаққатли меҳнат Б.Аллабергановнинг ҳам болалигини ва ёшлигини ўғирлаган эди.
Болалик ва ўсмирлик йиллари Иккинчи жаҳон урушидан кейинги тикланиш йиллари машаққатларида кечган Бекман Аллабергановнинг метин иродасини тақдирнинг бемаврид синовлари ҳам синдира олмади. Бири эллик ёшнинг нари-берисида, бири ўттизга ҳам кирмай бирин-кетин бу ҳаётни тарк этган беш нафар опа-акаларидан айрилганида туғишганлик қадри, жигарбандлар меҳри инсон учун Аллоҳнинг нақадар улуғ ҳадяси эканлигини юрак-юрагидан ҳис этди. Начора, ҳаёт давом этаверади, инсон эса Аллоҳнинг иродаси қаршисида ожиз, дилда шукур ва имон билан тақдир синовларини енгиб яшашга интилаверади...
– Мени туғишган жигарбандларим меҳри улғайтирди, – меҳр ва шукроналик билан сўзлайди отахон. – Ота-онамдан кейин Ўрозгул, Шукуржон, Ойжон исмли опаларим, Умар ва Усмонжон акаларим мени меҳр билан сийладилар, ҳаёт машаққатларини сабр билан енгиб яшашга ўргатдилар.
Ўзаро меҳр-оқибат, инсоний туйғулардан куч олган Бекман Аллаберганов оилада одобли ва меҳрибон ука, мактабда аълочи ўқувчи бўлди. 1963-1968 йилларда Тошкент Давлат педагогика институтининг физика-математика факультетини тамомлаб, узоқ йиллар 16-сонли ва 5-сонли умумтаълим мактабларида ўқувчи-ёшларга физика-математика фанларидан сабоқ берди. Орада бир йил ҳарбий хизмат бурчини ўтаб қайтган Бекман Аллаберганов ўзининг ташаббускорлиги, халқ ҳаётига доир муаммолар ечимини топишдаги ўзига хос фикрга эгалиги боис, туман раҳбариятининг назарига тушди. 1987-1995 йилларда Халқ депутатлари А.Темур номли овул Кенгаши ижроия қўмитаси раисининг ўринбосари, бир неча йил тадбиркор сифатида фаолият юритган Бекман Аллаберганов 1999-2003 йиллар оралиғида А.Темур номли овул маҳалла посбони сардори, 2003-2008 йилларда эса мазкур фуқаролар йиғини раиси вазифаларида сидқидилдан меҳнат қилди.
Ҳаётининг асосий қисмини халққа хизмат қилишдек хайрли ишга бағишлаган отахон Амир Темур номли овул аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошириш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаётдан рози яшашлари учун зарур шарт-шароитлар яратиш мақсадида овул кексалари, илғор фикрли ёшлар билан ҳамжиҳатликда иш юритди. Ҳар бир хонадонга кириб бориб, ижтимоий ҳимоя учун ажратиладиган маблағни мақсадли тарзда, ҳақиқий муҳтож фуқароларга тақсимлаш бўйича самарали фаолият олиб борди. Натижада отахон раислик қилган даврда Амир Темур номли овул аҳолисининг турмуш даражаси анча яхшиланди. Кўчалар тартибга келтирилиб, аҳоли масканлари ва ҳудуддаги қабристонлар ободонлаштирилди. Оилавий низолар, ажрашишлар ва жиноятчилик, ҳуқуқбузарлик ҳолатлари кескин камайди.
– Халқ яхши муомалага, ҳурматга муносиб, – дейди отахон фуқаролар йиғини раиси бўлиб ишлаган даврини хотирларкан. – Халқ билангина ҳурмат, эътибор топамиз. Халқ – бизнинг ота-онамиз, жигарбандларимиз, дўст-у биродарларимиз. Халқ – бу Ватан! Ана шу Ватан учун ҳеч оғринмай, меҳр-муҳаббат билан хизмат қилишимиз керак...
Бекман ота суҳбатдошини асло зериктирмайдилар. Мақоламиз бошида айтганимиз – ҳар қандай одамга, агар таъбир жоиз бўлса, “бир яримта гапни ҳам топиб” муомалани жойига қўйганлари учун ҳам нафақада бўлишларига қарамай ҳар куни йўлда:
– Ота, бирон маърака борми? – сўрашади фарзандлари.
– Телевидениеда кўрсатувим бор, оператор болаларим кутиб қолишмасин, – дея ошиқиб турадилар баъзан.
Эртасига, индинига отахон яна йўлга шайла-надилар. Бу гал:
– Қиличбойга! – деб қўядилар мамнуният билан. – “Оталар чойхонаси”да ҳоким ва ёшлар учрашуви бор, шунга...
Фарзандлари отани тушунадилар, Қиличбой қишлоғига тез-тез отланиб туришларидан, кексалар даврасими, ёшларникими, отахонни оҳанрабодай тортиб турадиган Қиличбой замини унга қанчалик қадрдонлигини билишади. Чунки мазкур қишлоқдаги файзиёб гўша – “Оталар чойхонаси”нинг тамал тошини Бекман ота ўз қўллари билан қўйган. Қиличбойликларнинг энг шодиёна дамлари, байрам тадбирлари-ю бу заминга ташриф буюрган нуфузли меҳмонлар билан учрашувлар ҳам айнан ана шу гўзал “Оталар чойхонаси”да ўтказилади.
Ишлаб, йўл юриб чарчамайдиган отахон 2014-2017 йилларда “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси, 2017-2020 йилларда эса Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамоат бирлашмаси шаклидаги “Нуроний” жамғармаси туман бўлими раиси вазифаларида ишлаган йилларида амударёлик нуронийлар, Иккинчи жаҳон уруши фахрийлари, фронт ортида фидойилик кўрсатган меҳнат фронти фахрийларининг деярли барчасининг, ҳатто дунёдан ўтиб кетган фахрий жангчи боболарнинг оилаларига бирма-бир кириб, туманнинг ҳар бир қишлоғини қадам-бақадам кезиб чиққан, амударёлик фидойилар ҳақида ҳикоя қилувчи “Улар – дориломон кунлар бунёдкори, юртимиз файзи, суянчимиз, маслаҳатгўйимиз” деб номланган суратлар альбомини тайёрлаб, бу фидойи инсонлар оилаларига, фарзандларига холисона тақдим этиб, “Нуроний” жамғармаси Амударё туман бўлими қошида халқ кутубхонаси фаолиятини йўлга қўйди. Жамғармага раислик қилган йилларида икки марта Олий Мажлис ҳузуридаги ННТлар ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан молиялаштирилган грант танловларида ўз лойиҳалари билан иштирок этиб, танлов ғолиби бўлди ва бутун туман миқёсида “Жаҳолатга қарши – маърифат” лойиҳасини муваффақиятли амалга оширди. 2016 йилда жамғарма қошида отахоннинг шахсий ташаббуси билан ташкил этилган халқ кутубхонаси эса кекса-ю ёшларнинг севимли маънавият ва маърифат масканига айланган.

Ҳамиша: “Мен ҳам халқнинг бир вакилиман, мен – Ўзбекистонман!” деб халқ орасига интилиб турувчи Бекман ота Аллаберганов айни пайтда туман “Нуронийлар” жамоатчилик Кенгаши раисининг ўринбосари сифатида ҳар куни ўзи севган халқ билан бирга. Деярли ҳар ҳафтада Амударё телевидениесида эфирга узатилаётган “Одоблар хазинаси” кўрсатуви орқали юзлаб, минглаб юртдошларимиз қалбидан ўзининг оҳорли сўзлари, ҳикматларга тўла панд-насиҳатлари, ҳаётий ҳикоялари билан муносиб жой олган.
Тиниб-тинчимас отахон тонгларни шукроналик билан қаршиларкан, ҳар тонг азиз Аму эли учун хайрли бир иш қилиш, халққа манфаат келтиргулик эзгу бир амал рўёби учун ҳаракат бошлашни режалаштиради ва албатта, бунинг уддасидан чиқади. Халқимиз жуда яхши эслашади: муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистонга қилган ташрифларидан бирида – Мўйноқ шаҳрида Президент билан учрашиб, суҳбатлашган Бекман ота Аллабергановдан давлатимиз раҳбари:
– Отахон, қандай муаммоларингиз бор? – дея сўраганларида Бекман ота:
– Менинг эмас, халқимизнинг жуда улкан муаммоси бор. Амударё устига кўприк қурилишини фақат орзу қилиб яшаяпмиз. Шу масалада ёрдам берсангиз, – дея халқ номидан мурожаат қилдилар.
Президент отахонни катта эътибор билан тингладилар, масъулларга ушбу масалани ўрганишни топширдилар ва орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, Амударё устига кўприк қуриш бўйича ишлар бошлаб юборилди. Кўприк билан бирга темир йўл ва автомобиль йўллари қуриладиган ҳудудга рамзий қозиқ қоқиш маросимида қўлига болға тутиб, ўзи ҳам қозиқ қоққан Бекман отанинг азбаройи қувончидан кўзларига севинч ёшлари қалқиганига халқ гувоҳ!
Инсон – у ким бўлишидан қатъий назар, ўзи ҳаётлигида халқи томонидан ҳурмат ва эътиборга лойиқ кўрилса-ю, изларини босиб улғаяётган ўғил-қизлари одоб-икром бобида элга манзур инсонлар бўлишса, қилган эзгу амаллари қалбларда чуқур эътироф этилса, бундай инсонлар умри барча учун ибрат ва азиздир. Азизлик эса Аллоҳга яқинликдир. Бинобарин, Муҳаммад Мустафо (с.а.в) ҳадисларида уч эзгу амал ҳақида шундай дейилади: Биринчиси “садақаи жория – кўприк, масжид қуриш, вақф ерлар садақа қилиш, экилган мевали дарахтлар, иккинчиси – илм, учинчиси – солиҳ фарзанд”. Бекман ота қаерда, қандай вазифада ишласалар – ўша жойни обод масканга айлантирдилар. Устоз сифатида юзлаб ёшларга таълим-тарбия бериб, мустақил ҳаётга йўлладилар, шогирдларининг барчаси Ватан ободлиги, халқ фаровонлиги йўлида ҳамиша камарбасталар.
Отахон ибратли хонадон соҳиби, моҳир боғбон, намунали томорқачи, умр йўлдоши Донагул момо билан солиҳ фарзандлар тарбиялаган ардоқли инсон. Бугунги кунда Бекман ота тарбият этган уч ўғил ва икки қизнинг барчалари ўқимишли, элим, юртим, деган фидойилар, эл ҳавас қилгулик оила соҳиблари, отахоннинг изларида камолга етаётган нурли излари.
– Мен – Ўзбекистонман, мен – Ватанман! – дея бутун жисм-у жаҳони билан жонажон Юртга, халқига интилиб тургувчи отахон – эл ардоғидаги “Ардоқли нуроний” кўкрак нишони соҳиби, ўзининг эзгу амаллари билан умри азиз Бекман ота Аллаберганов айни дамда 75 ёшга тўлдилар. Ушбу қутлуғ кунда бутун онгли ҳаётини халқ манфаати йўлидаги хайрли ишларга бағишлаб яшаётган, барча эзгу амаллари билан фарзандлари, дўстлари, элдошлари фахрига айланган отахонни табаррук ёшлари билан самимий муборакбод этамиз.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶