Пора олиш, бериш ва унга воситачилик қилганлик учун ЖАВОБГАРЛИК КУЧАЙТИРИЛДИ
Ўзбекистон Республикасининг 2014 йил 14 май кунги «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб топиш тўғрисида»ги ЎРҚ-372-сонли қонуни қабул қилинди.
Қонун мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўриниши, жумладан пора берган ёки пора олиш-беришда воситачилик қилган шахсларга нисбатан жиноий жавобгарликни янада кучайтиришни назарда тутади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддалари (пора берганлик ва пора олиш-беришда воситачилик қилганлик) биринчи ва учинчи қисмлари санкциялари ўзгартирилиб, мазкур тоифадаги жиноятлар учун жазо пора олиш жинояти учун белгиланган жазога тенглаштирилмоқда. Энг эътиборлиси шундаки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211- ва 212-моддаларининг матни қуйидаги таҳрирда баён этилган:
«Пора бериш, яъни мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали мансабдор шахсга моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210- ёки 212-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора бериш:
а) жуда кўп миқдорда;
б) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
в) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Башарти, шахсга нисбатан пора сўраб товламачилик қилинган бўлса ва ушбу шахс жиноий ҳаракатлар содир этилганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, у жавобгарликдан озод этилади»;
«Пора олиш-беришда воситачилик қилиш, яъни пора олиш ёки бериш хусусидаги келишувга эришишга қаратилган фаолият, шунингдек манфаатдор шахсларнинг топшириғи билан порани бевосита бериш энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша ҳаракат:
а) такроран, хавфли рецидивист ёки илгари ушбу Кодекснинг 210- ёки 211-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этган шахс томонидан;
б) кўп миқдорда пора олиш ёки бериш вақтида;
в) бир гуруҳ, мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб пора олаётганлиги воситачига аён бўлган ҳолда содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Пора олиш-беришда воситачилик қилиш:
а) ҳақ эвазига;
б) жуда кўп миқдорда пора олиш ёки бериш билан;
в) уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб;
г) масъул мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Башарти, пора олиш-беришда воситачилик қилган шахс жиноий ҳаракатларни содир этганидан кейин бу ҳақда ўттиз сутка ичида ўз ихтиёри билан арз қилса, чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жиноятни очишда фаол ёрдам берган бўлса, жавобгарликдан озод қилинади».
Қисқа қилиб айтганда, пора олиш ҳам, бериш ҳам, унга воситачилик қилиш ҳам жиноятдир. Жиноят эса жазосиз қолмайди.
Н.ШЕРОВ,
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги СВОЖЖДЛҚК департаменти Амударё туман бўлими бошлиғи, 1-даражали юрист.
(Фото - http://uza.uz/ru)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶