БОҒ МАҲАЛЛАСИДА СУМАЛАК САЙЛИ БОШЛАНДИ
Қиш изғиринлари чекиниб, ўлкамизда фасллар келинчаги баҳор ҳукмронлиги бошланди. Чор-атрофда ҳали қиш манзаралари сақланиб турган бўлса ҳам, фасллар сарвари кўкламни – яшариш, янгиланиш лаҳзаларини интиқ кутган кўнгилларга баҳорий жўшқинлик инди.
Туманимизнинг “Боғ” маҳалласи “Замон” кўчаси аҳолиси ҳам кўкламни зўр шодиёналар билан қарши олди. Кўчада истиқомат қилувчи 15 хонадоннинг ёши улуғлари кенгашиб, ҳар йилги анъаналарига кўра сумалак қайнатишди.
Ушбу хонадонларда истиқомат қилувчилар ҳар йили кўкламда ўзаро аҳилликда, биргаликда сумалак қайнатишади. Бу сафар ҳам ёши улуғ онахонлар буғдойни элаб, саралаб, ювиб-тозалаб ундиришди. Буғдой яхши униши учун ним қоронғи, илиқ хонада сақлаб, тез-тез сув сепиб туришди. Гарчи бу ишни ҳар йили бажариб юришган бўлса-да, буғдой донлари ниш ура бошлаганда онахонлар бундай жараённи худди илк бора кўраётгандай ўзларида йўқ қувонишди. Бир текис униб чиққан майсалар яшиллик касб этгач, баҳорга етганларига шукроналар айтиб, эл-юртимизга тинчлик-омонлик тилаб, сумалак қайнатишни бошладилар. Улкан қозонлар шу кўчадаги бағрикенг инсонлар хонадони – 13-уйга ўрнатилди.
Сумалак қайнатиш жараёнидаги барча юмушларни кекса онахонлар – фахрий ўқитувчи Гулора Хидирова, Замира Собировалар йўл-йўриқларига кўра ёшлар адо этишди. Буғдой майсасини келида туйиш, ширасини сиқиб олиб, қозонга солиш, ўтин ёқиш ишларини кўча ёшлари – келинлар, қизлар, йигитлар бажаришди.
Маросимда маҳалланинг хушовоз ўғлони Хуршид Жангабоев ижро қилган шўх қўшиқларга катта-ю кичик яйраб рақсга тушдилар. Онахонлар айтган халқ қўшиқлари, лапарлар, айтишувлар барчага жуда юқори кайфият, қадимий урф-одатларимизга ҳурмат руҳини бахш этди.
Ўрта Осиё халқлари тарихига назар солсак, кўкламда сумалак пишириш одати 3 минг йиллардан ортиқ тарихга эга. Шуниси эътиборлики, бизнинг халқимизнинг ҳам сумалак сайли билан боғлиқ ўзига хос удумлари, урф-одатлари ва анъаналари мавжуд.
Олдинлари сумалак сайли кенг адирларда, улкан майдонларда ўтказилган. Йигитлар ўтин ёриб, кучлилигини, қизлар сув ташиб, баҳорий таомлар – кўксомсалар пишириб, чаққонлигини, пазандалигини намойиш этишган. Шунингдек, кўпкари, улоқ, кураш мусобақалари ҳам ўтказилган. Қизлар-йигитлар айтишувлари сайлнинг энг ҳаяжонли дамлари бўлган. Айтишувда қатнашишга энг зийрак, сўзга чечан йигит-қизлар танлаб олинган.
Сумалак пишириш учун буғдойни ундиришда ҳозирги кунда ҳам кексалар бош бўлишади. Кўкламга, сумалакка етганларига шукроналар айтиб, эл-юртга омонлик тилашади. Қайнатилган сумалак косаларда кўпчиликка тарқатилади. Одамлар кўкламнинг хайрли, баракали келишини тилаб дуолар қилиб, баҳорий таомдан тотадилар.
Бунингдек урф-одатлар ёшларимизга қадимий анъаналаримизни, халқимиз тарихини ҳурмат қилишга ундайди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶