БОШ ЭГАР ПОЙИДА ОЛИМ-У АРБОБ!
(Барча ўқитувчи ва мураббийларга бағишлайман).
“Не учун муаллим бўлмадим? – дея,
Афсус қилган эди Абдулла Ориф.
Бош эгиб турса-да, назмига дунё,
Устозлар шаънига топмайин таъриф.
Катта издиҳомда, катта минбарда,
Жаранглар сочганда шоир сўзлари.
Гул тутди бутун халқ муаллимларга,
Қуёшдай чарақлаб юз-у кўзлари.
Ахир у онадай азиз, мукаррам,
Миллатни асраган не заволлардан.
Соҳирқалб отадай улуғ, муҳтарам,
Чаманлар яратган навниҳоллардан.
Мен ҳам юрагимда ҳаваслар билан,
Хаёлда неча бор бўлдим муаллим.
Устозлар йўлини ихлослар билан,
Тутсам-да, бўлмадим доно муаллим.
Англадим, устозлик энг улуғ шараф,
Буюк саодатдир бани Одамга.
Унинг таҳсилидан неча минг салаф,
Неча минг донишманд келмиш оламга.
Яшар у болалик дунёси аро,
Серфарзанд онадай, отадай бахтли.
Илм-у маърифатнинг зиёси аро,
Муаллим бор учун ҳаёт фараҳли.
Кўрдим, давраларда олим-у арбоб,
Бош эгиб турганин унинг пойида.
Юраклар тўрида мангу бир хитоб:
“Устозга эҳтиром – олтин қоида!”
Унгадир ардоқлар, унга шараф-шон,
Азиз номи дохил абадиятга.
Ҳар битта амали бебаҳо имкон,
Энг улуғ моҳият адабиётга!
Шоирлар назмида мадҳига сўз йўқ,
Насрий битикларда ожиздир лисон.
Меҳр қайтармоқдан улуғ қарз йўқ:
Оддий Муаллимга минг бор эҳтиром!
Робия ЙЎЛДОШЕВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶