КЎЧАТ ЭКИБ, ЮРТНИ ОБОД ҚИЛАЙЛИК!
Чор-атрофни яшнатиб баҳор келди. Ҳадемай, Наврўз ҳам ташриф буюриб, мудраётган замин уйғонади. Наврўздан Янги кун бошланади. Янги кундан ота-боболаримиз ризқ-рўз, барака тилаб ерга уруғ қадашган. Яхши ният билан кўчат ўтқазиб, боғ яратишган. Уларга меҳр бериб парвариш қилишган. Ота-боболаримиз бу ишларни савоб учун, фарзандлари, келгуси авлодни баҳраманд қилиш учун эзгу ният билан бажаришган.
Асрий гужумлар, қорамонлар, терак-толлар кўчаларга кўрк бағишлаб туради. Далалардаги тут қаторлари, олма боғлар кўзни яшнатади. Бундай манзараларни юртимизнинг ҳар гўшасида кўришимиз мумкин. Уларнинг соясидан, меваларидан баҳраманд бўлган ҳар бир одам ким экиб, парвариш қилган бўлса ҳам барака топсин, деб бир бор бўлса ҳам айтиши аниқ. Ана шундай элга наф келтирадиган иш, албатта, савобли иш.
Бундай эзгу амаллар, савобли ишлар ҳозир ҳам давом эттирилиб, атроф-муҳитни ободонлаштиришга эътибор қаратиш анъанага айланган.
Баҳор келиши билан юртимизда ҳашарлар бошланади. Маҳалла, ўқув муассасалари, корхона-ташкилотларда ташаббус кўрсатилиб, ҳашарлар ташкил этилади. Ариқлар тозаланиб, дарахтлар оқланади. Турли хил кўчатлар ўтқазилади.
Ҳозирги кунда ҳар қандай турдаги манзарали, мевали дарахт, гул кўчатларини топиш жуда осон. Кўчатчилик билан шуғулланадиган хўжаликлар айни пайтда дунёнинг турли бурчагидан кўчатлар келтириб, уларни бизнинг иқлимимизга мослаштиришмоқда.
Ҳадисларда келтирилишича, агар мусулмон банда бирон туп кўчат экадиган бўлса, унинг мевасидан инсон, ҳайвон ёки қуш еса, бу учун ўша бандага қиёмат кунгача садақа савоби ёзилар экан. Демак, Исломда ҳам табиатнинг кўркамлигига ҳисса қўшиб, боғ яратиш қадрланади. Мен ҳаётий тажрибам орқали айтишим мумкинки, деҳқончилик, боғдорчилик савоби улуғ иш бўлиши билан бирга оилага қут-барака олиб келади. Шунинг учун ҳар баҳор фарзандларим, невараларим билан янги кўчатлар етиштириб, уларни бошқаларга ҳам улашамиз. Парвариш қилиш йўлларини сўраган одамга кўчатларни экишдан тортиб, то мевага киргунча парваришлашни эринмасдан ўргатаман.
Бизнинг шароитимизда терак, тол, жийдадан ташқари, мевали дарахтлардан ток, анор, анжир кўчатларини ҳам бемалол кўпайтириб, парваришлаш мумкин. Терак, тол, жийда қаламчалари дарахтларнинг кесилган жойидан ўсиб чиққан бир йиллик новдалардан тайёрланади. Қаламча учун тайёрланган новдаларни 50-100 донадан боғлаб, 40-60 см чуқурликдаги ҳандақларга кўмиб қўйилади. Новдалар экишдан бир-икки кун аввал кўмилган жойдан олиниб, 20-25 см. узунликдаги қаламчалар кесилади.
Ток қаламчаси 50-60, анор ва анжир қаламчалари 20-25 см. узунликда, йўғонлиги 0,5-1,5 см. бўлган бир йиллик етилган новдалардан тайёрланади. Қаламчалар тайёрлашда, албатта, тупроқ-иқлим шароитига қараб, касаллик ва ҳашаротларга чидамлилигига алоҳида эътибор бериш керак.
Кўчат ва қаламчалар тупроқ ҳарорати кўтарилганидан кейин экилади. Тупроқ қазилиб, кўчат кўчирилгандан сўнг, чуқурча сувга тўлдирилади.
Кейин унинг атрофи тупроқ билан бостирилиб, яна суғорилиши зарур. Уларнинг илдизини очиқ қолдирмаслик, совуқ уриши ва шамоллашига йўл қўймаслик лозим. Тупроқ чўкканидан сўнг кўчат атрофига яна тупроқ тортилиб, тўлдирилади. Бундай усулда экилган кўчатлар тез ўсиб, яхши ривожланади.
Бизнинг заминимиз, тупроғимиз маҳсулдор. Унда ҳамма нарса етиштириш мумкин. Бунинг учун иштиёқ бўлса, меҳнат қилинса бас. Юрадиган йўлимиз, яшайдиган уйимиз, ҳовлимиз файзли бўлса, руҳимиз кўтарилади. Гўёки қут-барака шу ерга ёғилаётгандек туюлади. Шунинг учун атроф-муҳитни ораста қилиб, мевали ва манзарали дарахтлар, гул кўчатлари экиб, оламни гўзалликка буркайлик. Токи, фарзандларимиз бу гўзалликдан баҳра олиб, маънан соғлом бўлиб вояга етсин, шундай эзгу ва савобли ишларни давом эттириб, боғлар яратсин.
Турсунбой боғбон ПИРМОНОВ, “Чойкўл” овули.
Суратда: чойкўллик боғбон Олимбой Матқурбонов (чапда) туман Қишлоқ ва
сув хўжалиги бўлими мутахассиси Ренат Ҳайтбоев
билан мевали дарахтларга шакл бериш бўйича маслаҳатлашмоқда.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶