ОТА-ОНАМДАЙ ҚАДРЛИ
Мен ҳар гал азиз ота маконим – Амударёга келганимда, ота-онамни кўриб, соғинчларим босилгач, яна бир азиз инсон – Хонимжон аммам томон ошиқаман.
Ҳа, азизлар, ўз фидойи меҳнати, элсеварлиги, ташаббускорлиги-ю ташкилотчилиги, билимдонлиги билан Аму элининг ўз қизига айланган Хонимжон Ражабова менинг яқин қариндошим – аммажоним бўлгани учун эмас, балки менинг бугунги даражага етишувим, тажрибали шифокор ва шахс сифатида шаклланишимда, ҳаётда ўз ўрнимни топишимда ота-онам, устозларим каби жонкуярлик қилганлари учун ҳам жуда қадрли.
Эсимда: 1975-76 йиллар эди. Энди ақлимни таний бошлаган кезларим. Хонимжон аммам Тошкент шаҳрида, Университетда ўқирдилар. Аммамнинг ҳар гал ёзги таътилга келиши биз учун ҳақиқий байрамга айланиб кетарди. Унинг мулойим ва меҳрибон сўзлашлари, сеҳрли овозлари, назаримда ҳамманинг эътиборини тортарди. Аммам бизга Тошкент шаҳридан қизиқ-қизиқ эртак китоблар олиб келиб берардилар ва албатта, бу китобларни ўқиб, мағзини чақишимизни талаб қилардилар. Мактабда "аъло” баҳога ўқиган болалар учун алоҳида китоб совға қилардилар. Энди ўйлаб қарасам, менда китобга меҳр, илм олишга интилиш туйғуси аммамдан ўтган ва у киши мени интизомли, маданиятли китобхон сифатида тарбиялаган эканлар.
Аммамнинг қишлоғи Куюк кўпир билан бизнинг овулимиз ораси 7-8 чақиримлик йўл эди. Аммам ана шу масофани эринмай пиёда босиб ўтар, менга чиройли ҳуснихатлар билан иншолар ёзишни ўргатардилар.
– Шифокор албатта адабиётни яхши билиши керак, – дердилар аммам. – Чиройли сўзлашни билмаган шифокор ҳеч қачон обрў топмайди.
Мен аммамдан энг аввало одамгарчиликни, бир-бировни қадрлашни, бундан ҳам муҳими, маънавиятга, китобга меҳрни ўргандим. Ўзимда, агар яхши хислатлар бор бўлса, уларнинг барчаси Хонимжон аммам туфайли деб биламан.
Биз шифокорлар инсонларнинг ёшини ойлар ва йиллар орқали эмас, балки биологик ҳолати – онги, тафаккури, маънавий етуклиги ва маърифатпарварлигидан келиб чиқиб белгилаймиз. Аммамнинг менга:
– Анваржон, 60 ёшга тўлаётирман, – деганларига, тўғриси, мутахассис сифатида ҳеч ишонмадим. Чунки жўшқин табиатли, кўнгиллари меҳр-муҳаббатга лиммо-лим, барча ёшдагилар билан худди тенгдоши каби самимий гаплашиб кетаверадиган, ҳар қандай муаммони дадиллик билан жойида ҳал қилиб, йигитлардай мардлик қила оладиган, ёшлардай шижоатли аммам, назаримда нуронийлик манзилида ҳам ёшлардан асло қолишмайди!
Мен азиз ва меҳрибон, самимий ва дилкаш дўст, меҳр-оқибатли, билимдон, саховатпеша устоз, ота-онамдай қадрли аммам – Хонимжон Ражабова билан ҳамиша фахрланаман. Юрагим тўла соғинч ва муҳаббат билан:
– Эл ичра ҳамиша азиз ва суюкли фарзанд бўлиб яшаш бахтига бир умр муяссар бўлинг, бахтли-саодатли яшанг, аммажон! – дейман. Сизга мустаҳкам соғлик, узоқ умр тилаб, жиянингиз
Анвар Ражабов,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси поликлиникаси Бош шифокори.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶