ОГОҲ ДИЛЛАР МАFЛУБ БЎЛМАЙДИ
Ўзбекистон мозийдан бағрикенг, диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик юксак қадр топган мамлакат. Мамлакатимиз тарихида бирон марта ҳам этник бўлинишлар, бир-бировни камситиш, бир миллат билан бошқа миллат ўртасида, бир дин вакиллари билан бошқа динга эътиқод қилувчилар ўртасида низолар бўлмаган ва ҳамиша инсоний туйғулар улуғ тутилган. Ўзбекистон заминида ислом, хоссатан, христиан, яҳудий, баҳоий жамоалари ва кришнани англаш жамияти ҳамда улар билан биргаликда турли дин оқимлари ва йўналишлари вакилларининг тинч-осойишта, эътиқодда эмин-эркин яшаб, меҳнат қилаётганларининг ўзи диний бағрикенгликнинг мазмун ва моҳияти, мақсади нақадар эзгулигидан далолатдир.
"ЁҒОЧНИНГ БЎШИНИ ҚУРТ ЕЙДИ ДОИМ”
Ҳозир ХХI аср. Замон ўзгарган, турли сиёсий, иқтисодий, маънавий ва ижтимоий воқеаларга нисбатан дунёқарашлар ҳам... ўзгарган.
Асрлар давомида инсониятга эзгулик, яхшилик ва одамийлик тимсоли, маънавий тарбия воситаларидан бири бўлиб келган ислом динининг инсон ҳаётида тутган ўрни, унинг киши руҳиятини бошқаришдаги салоҳияти жуда катта. Ислом динининг ана шу беназир салоҳиятидан аксарият ғараз ниятли кучлар ўзларининг қабиҳ мақсадларини амалга оширишда фойдаланаётгани ҳам ХХI асрнинг глобал муаммоларидан бирига айланиб бормоқда. Чунончи, бугунги давримизда асрлар давомида шаклланган миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, этник сабр-тоқат каби маънавий қадриятларнинг илдизига болта уришга, айнан шу маънавий қадриятларни сохталаштиришга хизмат қилувчи омиллар, кучлар, гуруҳлар, оқимлар кун сайин урчиб, маънавият соҳаси ғоявий кураш майдонига айланиб қолди. Баъзан очиқдан-очиқ, баъзан эса яширин равишда уюштирилаётган мафкуравий хуружлар сиёсий кучлар кўзлаган натижаларни бермагач, дунё халқларининг, хусусан, ўзбек халқининг ҳам маънавиятини издан чиқаришга ошкора уринишлар юз бермоқдаки, маънавиятга қаратилган ҳар қандай таҳдид билими саёз, айниқса, диний саводсиз, ишонувчан кишиларни ўз домига тортмоқда. Чунки, бундай кишиларни хоҳлаган томонга эгиб олиш осонлигини ғоявий душманлар жуда яхши биладилар. Ахир буюк рус масалчиси Крилов "Ёғочнинг бўшини қурт ейди доим”, деб бежиз хулоса чиқармаган. Улуғлардан бири мафкурани "маънавий қилич” деб атаганини эсга олсак, мафкура майдонидаги "маънавий қиличбозлик” саҳнаси бугунги юксак тараққий этган давр учун янада хавфлироқ тус олиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Демак, бугунги маънавий таҳдид кучлари интернет тармоғидаги минглаб бузғунчи сайтлар орқали халқимизнинг бой маънавий дунёсини емириш, парчалаб ташлаш учун қиличларини қайраб турганларини бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ.
Интернет тармоғига ин қурган сайтларнинг аксарияти диний экстремизм, терроризм, эгоцентризмни тарғиб қилишини ҳисобга олсак, бу каби мафкуравий хуружлар майдонидаги "маънавий қиличбозлик” қандай нохуш оқибатларга олиб келишини англаш асло қийин эмас. Бундай "маънавий қилич” домига бошини тутиб бераётганларнинг аксарияти ёшлар эканлиги янада хатарли.
ЎЗИНИ АНГЛАГАН ЎҒИЛ
Яқин танишларимдан бирининг ўғли қўшни давлатда ишлаб, икки йил деганда уйига қайтди.
- Ўғлим бошқачароқ бўлиб қайтди, - деди бир куни онаизор. – Уйга кел, сен ҳам бир гаплашиб кўр.
Бордим, онаси куйиб-пишганича бор экан. Ўзга давлатда Р.Н. исмли бу ўғил фақат ишлаб пул топмабди, диний-экстремистик ташкилотлардан бирининг вакили билан "дўстлашибди” ҳам. "Таблиғчилар”да ундай экан, "Нурчилар”да бундай”, қабилида соф исломий ҳақиқатларни инкор этувчи адабиётлар ҳақида сўз юритиб, ўзининг "анча нарсани билиб олгани” ҳақида гапирди.
- Менга қара, - дедим "билими ғовлаб кетган” ўғилга, - Имом ал-Бухорий ким?
- Бир мусулмондир-да... – деди-ю дудуқланиб қолди, - д-диндор.
- Хожа Аҳрор Валий, Юсуф Ҳамадоний, Баҳоуддин Нақшбандий,Мотуридий, Марғинонийлар-чи?
Ўғил бошини эгиб қолди.
- Қуръони Каримдан бирон оятнинг мазмунини биласанми?
-...
- Билмайсан, ўша сен ишлаб қайтган жойда сени "ўқитмоқчи” бўлганлар тилга олган "Таблиғчилар” ҳам, "Нурчилар” ҳам ҳақиқий ислом динини бузиб талқин қилишган.
Мен унга ҳақиқий, соф исломий тушунчалар ҳақида гапирдим. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда "Ҳаммангиз Аллоҳнинг аркони (Қуръон)ни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг” ("Оли Имрон” сураси, 103-оят) деб марҳамат қилганини, юқорида тилга олинган диний оқимлар айрим манфаатпараст кимсаларнинг ўйлаб топган мафкуравий саҳна кўринишларидан бири эканлигини, диний саводли бўлиш учун қандай адабиётларни ўқиши кераклигини тушунтирдим.
Шунда ўғил чет давлатда ўзи гувоҳ бўлган бир ҳолат ҳақида ҳикоя қилди: Ўзбекистондан бориб, ҳар хил қурилиш ишларида ёлланиб ишлаётган ёшларни ўз йўлларидан оғдириш мақсадида хорижда озод-эркин, тўкин-сочин жаннатий ҳаёт ваъда қилаётганлар асосан ишни диний адабиётлар тарғиботидан бошлашини, агар уларнинг айтганларини қилишса, мукофотлар беришларини айтаркан:
- Энди-чи, нима қилмоқчисан? - сўрадим.
- Кўп нарсани билмас эканман, опа, - дейди у. – Ҳақиқий исломий таълимот ҳақидаги сиз айтган адабиётларни топиб ўқийман. Туманимизда намунали уй-жойлар қурилишини олиб бораётган қурилиш ташкилотларидан бирига ишга кирдим. Насиб қилса, олийгоҳга ҳужжат топшириш ниятим бор...
Яхшиямки, ўғил ортига қайтди. Яхшиямки, у диний-экстремистлар қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолмасидан ўзини англади. Ҳаёт йўлини эзгуликлар томон бурди у. Қани энди, бўш вақтларини интернет оламидаги бузғунчи сайтларга кириш билан ўтказаётган айрим ўғил-қизларимиз ҳам ана шу ўғил каби ўз қалбларига қулоқ тутсалар, тўғри йўлдан адашмасалар...
ЎЗИНИ ВА СЎЗИНИ АНГЛАМАГАН МАЛЪУНЛАР
Агар эътибор берган бўлсангиз, кейинги пайтларда Ўзбекистон телевидениесининг каналлари орқали эфирга кетма-кет узатилаётган тўғри йўлдан адашган кимсалар ҳақида ҳикоя қилувчи кўрсатувларда бир оиладан бир эмас икки, ҳатто уч нафар ёшлар ўз оиласи, ота-онаси юзига оёқ қўйиб, туғилиб-ўсган юртигахоинлик қилганликлари ва уларга нисбатан ота-она, эл-юрт нафрати чексизлигига гувоҳ бўлаётирмиз.
Ё алҳазар! Бу ёшларга нима етишмаётирки, бирлари ҳатто давлат гранти асосида таълим олиб юриб, нуфузли олий таълим даргоҳи талабаси бўлатуриб, диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар қўлидаги қўғирчоққа айланиб улгуришган. Яна бирлари хорижда хорзорликда ўлим топишган. Ватанда эса...
Не кўргуликки, Ватанда онаизор кулфат ва уятдан зор қақшаб, ўғлидан воз кечиб турибди. Не умидлар билан вояга етказган жигаргўшасини оқ қилаётир она шўрлик. Онанинг боши эгилган, отанинг қадди букилган, опа-сингилларнинг юзлари шувут. Эл-юрт, маҳалла-кўй хоин ўғиллар дастидан "дод!” деб виждон ўтида қовурилган.
Энди айтинг, азизлар, оила тинч, ота-она, маҳалла, Ватан тинч, қўшни-қўшнисининг ҳурматини жойига қўйиб, бир-бирларига меҳр-оқибат кўрсатиб яшаётган юртдан бош олиб кетиш, четдан туриб, Ватан ғанимлари ва хоинларининг буйруғи билан ўзи туғилиб ўсган юртига ўқ узишга тараддудланиш бу сотқин, малъунларга нега керак бўлиб қолди?
Халқимизда "ўзини англаган сўзини англайди”, деган пурмаъно ҳикмат бор. Боиси, ўзини англаган инсон энг аввало ўзлигини, айтар сўзини англайди. Сўзини англаган инсон эса ўзгалар дилига йўл топа олади. Эл-юртига эзгуликлар уруғини сочиб яшайди. Ватан хоинлари – улар на сўзини, на ўзини англайдилар. Балки улар ўзгалар томонидан бошқариладиган маънавий қашшоқ, одамзот шаклидаги роботлардир. "От”, десалар отиб, "ўл”, десалар, ўлиб кетишга тайёр туришади улар. Бундайлар учун инсоний фазилатлар бегона. "Ҳизб-ут таҳрир”чими, "Таблиғчилар” ёки "Қора саллалилар”ми, "Нурчилар” ё бўлмаса энг ашаддий террорчи ташкилот ИШИДчиларми, қайси экстремистик ва террорчи ташкилот аъзолари бўлишидан қатъий назар, истаган пайтларида ўз яқинларини, ота-онаси ва киндик қони томган она юртини сотишга, хонавайрон этишга тайёр.
Лоқайдлик – маънавий ҳалокатдир
Шу боис, биз ўсиб келаётган ёш авлодни, муҳтарам Президентимиз қайта-қайта таъкидлаганлари каби: "айниқса, ёшларни эътибордан чиқармаслигимиз лозим. Агар бугун биз улар билан шуғулланмасак, "бошқалар” шуғулланиши ва акс ҳолда кейин кеч бўлиши мумкин. Чунки, азалдан маълумки, бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир”. Сабаби, душманнинг кимлигини, асл қиёфасини англаш осон. Лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини ҳам,мақсадини ҳам англаш ўта қийин. Айнан шундай лоқайд одамлар "менга нима?” қабилида яшаб, шахсий манфаат қуллари сифатида шундоқ ичимизда, оёғимиз остида ўралашиб юрадилар ва энг хавфли бомбадан ҳам хавфлироқдирлар.
Президентимиз ўзларининг "Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида машҳур файласуфлардан бири ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб, қуйидаги ҳаққоний фикрларни баён қилганлигини таъкидлаб ўтганлар: "Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.
Сўзим мухтасарида шуни қайта-қайта таъкидлашни истардимки, лоқайдлик – энг аввало маънавий ҳалокатдир. Иллоҳ-биллоҳ маънавиятимиз таназзулга юз тутмасин, жамиятимизда маънавий бўшлиқ юзага келмасин. Ҳар лаҳза огоҳ, ҳар лаҳза ҳушёр, ҳар лаҳза эътиқодда собит бўлган элни ҳеч қандай куч мағлуб этолмайди. Маънавиятимизга, юртимиздаги миллатлараро тотувликка, тенглик ва тинчликка, динлараро бағрикенгликка четдан туриб қилинаётган ҳар қандай таҳдид – бу халқимизнинг эркинлигига ва демакки, шахс эркига қарши таҳдиддир. Унга қарши курашиш, огоҳ яшаш халқимиз эркинлигини, тотувлик ва тинчлигини ҳимоя қилишдир.
Робия ЙЎЛДОШЕВА.
(Фото - http://protoday.globalproart.com)

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶