Жайхун илҳомлари
Сиз туғилган кун
Кўнгилда неча бор бўлса-да такрор,
Ҳар йилда бир марта нишонланар кун.
Оламда қанчалар қувонч бўлса бор,
Ҳаммаси эсланар сиз туғилган кун.
Ҳамма учун бу кун бир катта байрам,
Қанча эзгу орзу дилда мужассам.
Гўё шу кун отган бахт тонги ҳам,
Шодликдан сўзланар сиз туғилган кун.
Дўст, қариндош келиб дилга ёқар ўт,
Дилхуш давра бўлар сиз турган ҳудуд.
Олисдагилар ҳам тилар иқбол, қут,
Ҳамрозлар қўмсаган сиз туғилган кун.
Умрга қўшилиб яна битта ёш,
Дилни ўкситмасин кўринган оқ соч.
Бу ҳам бир чирой-да омон бўлса бош,
Ёшликдан сўз кетар сиз туғилган кун.
Қанча байрамлардан кўп кутар ҳамма,
Дил дийдор тотидан завқ олган дамда.
Алам, қайғу, дардни унутар ҳамма,
Шундай қутлуғ айём сиз туғилган кун.
Саҳф хавфидан сал бўлса-да ҳадик,
Журъат этдим бугун айтишга табрик.
Бир чала шоирдан сизга эсдалик,
Кўплар қаторида, сиз туғилган кун.
Аҳмад Нафасов.
Вақт
Мен юриб бораман, юракда армон,
Ҳаёт сўқмоғида секин ё илдам,
Бир зум чарчаганда ололмасам дам,
Менга нима учун тўхтамадинг вақт?
Мен юриб бораман, юракда исён,
Ўтган лаҳзалардан ҳузур тополмай,
Мен қадам босишдан тўхтаган шу он,
Вақт юраверар менга тўхтамай...
Кўзларим олисдан манзилни кўрар,
Тополмай гарангман, тўғри қайси йўл.
Кўзимни гўёки босган бир парда,
Ҳали бу йўлимда саргузаштлар мўл.
Қувлайман изма-из вақтнинг кетидан,
Майли, вақт тутқичин бермаса-бермас.
Лекин мен чинакам бахтга етаман,
Бир кун вақтнинг ўзи мендан кетолмас.
Севара СИДАБУЛЛАЕВА.
Ўзбекистоним
Боғларида сайр этиб,
Баҳра олсам гулидан.
Қушлар сайрар мадҳ этиб,
Ватаним иқболидан.
Чаманим – гул маконим,
Сенга фидо танда жон.
Соғломдир қиз-ўғлонинг,
Жонажон Ўзбекистон.
Мадина Жабборова, 1-сонли мактаб ўқувчиси.
Жийда гули
Жийда гули қилганда сархуш,
Хаёл кетар ўша дамларга
Интиқ ҳислар қилади беҳуш,
Ожиз қалбим кўмиб ғамларга.
Сокин оқшом пойлайман уни,
Кўнгил шошар йўқ энди туриш.
Жийда бўйи таралган куни
Қалбим қилди қалбингга уруш.
Нигоҳларим ўт пуркаб ҳар кун,
Киприкларим ўқ бўлиб ботсин.
Ишққа қилиб сени занжирбанд,
Туйғуларим гулчечак отсин.
Санобар ТОЖИМУРОТОВА.
ТУРМУШНИ "МУШТ” ДЕЙДИЛАР
Шаҳнозахон бу йили,
Ўн олти ёшга тўлди,
Гўзалликда тенги йўқ,
Соҳибжамол қиз бўлди.
Унга таниш-билишдан
Совчи кела бошлади.
Совчилар келавериб,
Эшиклар синай деди,
Шаҳнозани сўрайвериб,
Бувисин безор қилди.
Совчиларнинг бариси
Рад жавобини олди.
Орадан ҳафта ўтиб,
Эшик тақиллаб қолди.
Шаҳнозахон тез чиқиб,
Дарҳол эшикни очди.
Совчилар уни кўриб,
Роса ҳурсанд бўлишди.
Хусни ва одобига
Ҳайрат ила боқишди.
Шаҳнозанинг бувиси,
Дарҳол жой ҳозирлади.
Олмай қиз розилигин,
Нон синдириб юборди.
- Коллежга энди кирдим,-
деб йиғлади Шаҳноза.-
Ўқиш режасин туздим,
Ўқийман олийгоҳда.
Бирор касбни эгаллаб,
Рўзғор тутишни англаб
Ва ҳаётни ўрганиб,
Кейин турмуш қураман.
Бу гапдан бувисининг
Жаҳли чиқа бошлади.
Қуда томондан келган
Тугунга кўз ташлади:
Тугун тўла совғадан
ёниб кетди кўзлари.
Бойлик деган савдодан
Тошди дилда сўзлари:
- Еганинг ортингда-ю,
Емаганинг олдингда.
Яшайсан иззатда-ю,
Маликадай ҳурматда!
Нима, ўқиб сен менга,
Шаҳар оберармидинг.
Сўзимни икки қилма,
Бошқа гап қайтармагин...
Орадан бир ой ўтиб,
Тўй куни белгиланди,
Ҳар ён овоза қилиб,
Санъаткорлар танланди.
Тўйдан сўнг кунлар ўтиб,
Шаҳноза қолди чўкиб...
Иримчи қайнонаси
Жанжал қила бошлади:
"Кир ювишни билмайди,
Дазмол қила олмайди.
Овқатлари бирам шўр,
Чой дамлайди зўр-базўр.
Уй тутишни билмайди,
Рўзғорни эплолмайди”...
Орадан бир йил ўтиб,
Шаҳноза эгиз туғди.
Туғруқ кўп оғир кечиб,
Бири ўлик туғилди.
Ўн етти ёшли она
Бундан ғоят эзилди.
Гоҳи ошкор, пинҳона
Йиғлайвериб букилди.
Боз устига кўп ўтмай,
Ўғлидан ҳам айрилди.
Бу ғами етмагандай,
Шифокор бир сўз айтди:
"Энди фарзанд кўрмайсан,
Асло она бўлмайсан.
Эртадан турмуш қуриб,
Вужудинг майирибсан...”
Бу хабарни эшитиб,
Қайнона жаҳл қилиб,
Туғмас келин, деб уни
Ҳайдаб солди бир куни.
На соғлиги, на ҳуши
Жойида эмас эди.
Икки гўдакнинг доғи,
Уни жуда эзарди.
Қайнонасининг гапи
Дилига оғир ботди.
Ўзи билмаган ҳолда,
Ўзини сувга отди...
Ўн еттига тўлганда,
Сўлиб қолди гулдайин.
Орзулар оламига
Битта қадам қўймайин.
Эй, азиз тенгдошларим,
Сизларга айтар гапим:
Мактабда, коллежларда,
Аъло баҳога ўқинг.
Олийгоҳларга кириб,
Эл-юртни қувонтиринг.
Бирор касбни эгаллаб,
Уй ишларин ўрганиб,
Ҳаёт дарсини олиб,
Севиб ҳамда севилиб,
Турмуш қуринг суюниб.
Эзгу ният, аҳд билан
Эл-юртга хизмат қилинг.
Кейин эса бахтингиз
Ўзи излаб топади.
Гўзал, ширин ҳаётга
Сизни олиб кетади.
Севара ИБРОҲИМОВА, Амударё академик лицейи ўқувчиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶