КЎНГЛИ ОБОД НУРОНИЙЛАР
- Ўз уйинг, ўлан тўшагингда бехавотир ором олишнинг, топган-тутганингни оила аъзоларинг билан бемалол еб-ичиб, умргузаронлик қилишнинг ўзи ҳам бахт, - дея ҳисоблайди туманимизнинг "Боғ” маҳалласида истиқомат қилувчи Иккинчи жаҳон уруши ва меҳнат фахрийси, 92 ёшида ҳам куч-қувватини йўқотмай фарзандларига, невараларига бош бўлиб юрган Йўлдош Ортиқов.
Отахоннинг бу иқрори бежиз эмас. Унинг болалиги илк мактаблар ташкил этилиб, ўсиб келаётган ёш авлод ўқитишга жалб қилина бошлаган даврларга тўғри келди. Элнинг тирикчилиги машаққатли меҳнатлар эвазига етиштириладиган деҳқончилик, пахтачилик орқасидан эди.
Қорни тўйиб овқат ейдиган оилалар камдан кам эди. Шу боисдан болаларнинг ҳам эс танигани рўзғор ташвишларида ота-онасига кўмаклашишга ҳаракат қилар, мириқиб дам олишга, ўйнаб кулишга вақтлари бўлмасди.
Йўлдош Ортиқов мактабда аниқ фанларни яхши ўзлаштиргани учун ҳадемай пахтачилик бригадасига табелчи бўлди. Эрталабдан қош қорайгунча бригада аъзоларининг ишлаган ишларини ҳисоб-китоб қилиш билан бирга ўзи ҳам улардан қолишмай меҳнат қиларди.
Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, ишга яроқли эркаклар урушга сафарбар қилина бошлагач, айниқса, дала ишлари аёллар ва ўсмирлар зиммасига тушди. Энди бир одам бир неча одамнинг ўрнига ишлаши лозим эди.
Армияга чақирилганида Йўлдош Ортиқов энди 18 ёшда эди. 1942 йилнинг бошида урушга жўнаган йигит қисқа муддатли ҳарбий тайёргарликдан сўнг Москва остонасида жангга кирди.
- Бу Иккинчи жаҳон урушида энг кўп талофат кўрилган, айни пайтда, илк қақшатқич зарбалар ҳам берилиб, душманнинг ҳужумкорлиги пасайтирилишига эришилган нуқта эди, - дея хотирлайди ўша кунларини отахон. – Биз жонимизни қайғурмасдик, очлик, чарчоқни ҳам сезмасдик. Доим кўз ўнгимизда оиламиз, ота-онамиз, қишлоғимиз турарди. Шу азиз юртимизни душманга оёқ ости қилдирмаймиз, дея курашардик. Чунки уруш бўлган шаҳар, қишлоқларни немислар вайронага айлантириб ўт қўяр, кўчиришга улгурилмай қолган аҳолини, ҳатто ёш гўдакларни ҳам аямай отарди.
Уч йил урушнинг оловли сўқмоқларида қанча-қанча ҳамқишлоқларидан, дўстларидан айрилган Йўлдош Ортиқов бир қўлидан ўқ еб, 1944 йил бошида она қишлоғига қайтиб келди.
Қишлоғида... қишлоғида экинларнинг бор йўқ ҳосили аскарларга жўнатилган, қаҳатчилик эди. Буларни кўриб ҳарна ногирон бўлсам ҳам, ўзимга яраша иш топилар, элнинг оғир кунларида ногиронман, деб мен уйимда ётмайин, дея ўйлаб, шинелини елкасига ташлаб, туман ҳарбий комиссариатига борди. Иложи бўлса, ишламоқчи эканлигини айтди. Уни урушга кетмасидан олдинги касбига тайинлашди. Ўн йиллардан зиёд бригадада табелчилик қилди. Кейин овулидаги чорвачилик фермасида чўпон бўлди.
Айни кунда "Боғ” маҳалласининг ибратли, элда эъзоз топган хонадонларидан бири бўлган Йўлдош Ортиқов, умр йўлдоши, бир умр фермада сут соғувчи бўлиб ишлаб, қўша-қўша ўғил-қизни эл қаторига қўшган, илк невараларини ҳам уйли-жойли қилиб, 15 нафардан зиёд човлиқнинг катта энаси бўлган Раҳима момо Ортиқовалар остонасидан меҳмон узилмайди.
Келинига, невараларига қараб ўтирмай меҳмон келса, қувонганидан момонинг ўзи ҳам хизматга тушиб кетаверади.
Табиатан шўх, оддий сўзлари ҳам ҳазил-мутоибадай одамга хуш кайфият бағишлайдиган чаққон момонинг ҳар бир сўзида бугунгидай бахтиёр замонамизга шукронаси жой олган.
- Кексаларни эъзозлаб бошига кўтараётган юртимизга, Юртбошимизга минг раҳмат, -дейди қувониб. - Бундан икки йил олдин бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси йўлланмаси билан "Товоқсой”га дам олгани бордик. Энди бир қўли ишламагач, доим чолимга ҳамроҳ бўлиб юраман-да. Борсак, йўлланма бир кишилик, чолингизнинг номига, сизни қабул қилмаймиз, деди. Чолимни ташлаб кетадиган аҳмоқ эмасман, дедим-да туман ҳокимлигига қўнғироқ қилдим. Натижасини кутиб бир соатча ташқарида ўтирдик. Нима чора кўрилди, менга қоронғу, икки қиз келиб сумкаларимизни кўтариб бориб хонага жойлаштирди, 12 кун дам олиб, муолажа олиб, анча яшариб қайтдик. Шундай ғамхўрликларни кўриб туриб кексайгиси келмайди-да одамнинг.
Турли мевали, манзара дарахтларга бурканган улкан, озода ҳовли атрофи Раҳима момонинг, Йўлдош бобонинг тиниб-тинчимаслигини, невараларини ҳам шу йўсинда тарбиялаётганини исботлаб турибди.
Кўнгли ободнинг турмуши обод, - деганлари шу экан-да, - дея ўйладим атрофга боқиб.
Бири тўқсондан, бири саксон ёшдан ошса-да ҳамон бардам, фарзандлари, невараларига бош бўлиб юрган Йўлдош бобо, Раҳима момоларнинг хонадонидан ҳам ҳавас, ҳам бир олам таассуротлар билан қайтар эканман, машойихнинг бахтни ҳис қила олган одамгина бахтиёрдир, - деган сўзи ёдимга тушди.
Ойгул РАЖАБОВА.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶