Китоб – билим манбаи
Китоб бизнинг нафақат онгимизга, балки қонимизга, жонимизга сингиб кетгандир. Инсондаги китобга бўлган меҳр у ҳарфни таниб, мутолаа қилишни ўрганганидан кейин бошланмайди, балки, гўдаклик давридан улғайгунига қадар онаси айтган аллалар, бувисидан эшитган эртаклари орқали ёшлигидан китоб ўқишга нисбатан меҳр ва иштиёқ шакллана боради.
Кимнинг қандай китоб танлаб ўқиши ўзига боғлиқ. Ҳозир аксарият ёшлар китоб ўқишга қизиқмай қўйишди. Улар кўпроқ интернетдан маълумотлар излашга, янгиликларни ҳам онлайн тарзда топиб ўқишга мойилроқ бўлиб боришаяпти.
Китоб танлашда унинг қандай мазмунда ёзилганлигига эътибор қаратиш нечоғлик муҳимлигини бугун ёшлар билишадими?
Китоб шундай катта куч-қудратга эгаки, у инсонни ва ҳатто унинг тақдирини ҳам ўзгартириб юбора олади. Кези келганда, ҳеч ким унга гап уқтира олмаган, одамлар билан муросага келиб яшай олмайдиган кимса китобда ёзилган биргина гапни ўқиганида, ундан таъсирланган ҳолда атрофидагиларга нисбатан хушмуомала бўлиб қолиши мумкин. Баъзилар инсондаги билимларни ошириб, маънавий дунёсини бойитишда унга ёрдам берадиган асосий восита китоб деса, бошқа бировлар эса замон билан бирга олға қадам ташлашда ҳамда янгиликлардан тезкор равишда хабардор бўлиб туришда китоб ўқиб ўтиришдан кўра, интернет, замонавий алоқа воситалари қулайроқ эканлигини айтади.
Бола камолотга етгунга қадар ота-она фарзандларига уларнинг ёшига мос китоблар танлаб, ўқиб беришлари, эртаклар айтиб, дунёқарашининг бойишида туртки бўлишлари лозим. Кейин эса болалари мустақил ўқий бошлаганларида қизиқарли китоблар олиб бериб, бўш вақтдан унумли фойдаланишга ўргатиш мақсадга мувофиқдир. Билим олишга бўлган иштиёқ китобга бўлган меҳр қанчалар кўп бўлса, инсоннинг маънавияти тобора юксалиб, уни эзгу амаллар қилишга чорлайверади. Зотан, маънавиятни бойитишда хоҳ китоб бўлсин, хоҳ интернет, ундан мақсадли фойдаланилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.
Тазахан Қидирниёзова,
3-сонли мактаб кутубхоначиси.

▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶
▶